Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:38

АҚШ Покистоннинг "Тўрҳам" чегара пункти орқали юк ташишни вақтинча тўхтатди


Қўшма Штатлар Афғонистондаги ўз ҳарбийларига тегишли бўлган юкларни Покистоннинг Ҳайбар Пахтунхва вилоятидаги Тўрҳам чегара пункти орқали олиб чиқишни вақтинча тўхтатди. Пентагон бу қарор юк машиналари “ҳайдовчилари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида” қабул қилинганини билдирди.

Покистоннинг Ҳайбар Пахтунхва вилоятида АҚШга қарши норозилик намойишларига вилоятни бошқараётган “Таҳрики Инсоф” сиёсий партияси раҳбари Имрон Хон бошчилик қилмоқда.

Озодлик радиосининг Покистон хизмати муҳаррири Довутхон Хаттакка кўра, Имрон Хон тарафдорлари АҚШнинг пилотсиз учқичлари Покистоннинг қабилалар яшайдиган ҳудудларни бомбардимон қилишни давом эттираётганига норозилик тариқасида транзит йўлини тўсиб қўйган.

- Имрон Хон тарафдорлари НАТО транзит йўлини тўсиб қўйганининг асосий сабаби унинг партияси Покистон марказий ҳукумати Қўшма Штатларни қабилалар яшайдиган ҳудудларга дрон ҳужумларини тўхтатишга мажбур қилиши керак, деган фикрда. Шу боис улар йўлни тўсиб қўйди, - дейди Довутхон Хаттак.

The Express Tribune нашрига берган интервьюсида Имрон Хон ўз партияси Панжоб ва Балужистон вилоятларидан ўтган НАТОнинг бошқа таъминот йўлларини ҳам тўсиб қўйиш масаласини кўриб чиқаётганини айтди.

Имрон Хон НАТО таъминот йўлининг тўсиб қўйилиши Қўшма Штатларга қарши уруш эълон қилинганини англатмаслигини, балки АҚШ халқаро қонунларни бузаётганини дунёга намойиш қилишдан иборат эканини баён қилди.

Ўтган йили НАТО учқичлари янглиш амалга оширган ҳужумда йигирмадан зиёд покистонлик аскар ҳалок бўлганига норозилик тариқасида Покистон ҳукумати НАТО юкларининг мамлакат ҳудуди орқали ташилишини уч ой тўхтатиб қўйганди.

Ўшанда НАТО ўз юкларини Шимолий тақсимот тармоғи, яъни Марказий Осиё орқали ташишни кўпайтирди.

Довутхон Ҳаттак, агар Ҳайбар Пахтунхва вилоятидаги НАТО транзит йўли узоқ муддат ёпиб қўйса, бу Шимолий тақсимот тармоғининг аҳамиятини янада ошириши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмади.

- Покистоннинг Балужистон вилояти орқали ҳам транзит йўли ўтган. НАТО юкларининг аксари Пешавор орқали ташилади. Агар бу йўллар ҳам ёпиб қўйилса, шубҳасиз, НАТО ўз юкларини Шимолий тақсимот тармоғи каби муқобил йўлдан фойдаланиш ҳақида бош қотириши мумкин, - деди Довутхон Хаттак.

Халқаро кучлар маълумотига кўра, ҳозирда Афғонистонга жойлаштирилган НАТО етакчилигидаги халқаро кучларга тегишли юкларнинг 60 фоизи Покистон ҳудуди орқали олиб чиқилмоқда.

Юкларнинг қолган қисми, қимматроқ бўлишига қарамай, Марказий Осиё давлатлари орқали ўтган Шимолий тақсимот тармоғи ва ҳаво йўли орқали Афғонистондан олиб чиқилаяпти.
XS
SM
MD
LG