Линклар

Алмазбек Атамбаевнинг Қирғизистон президенти сифатида ўз фаолиятини бошлаганига икки йил тўлди. Таҳлилчилар, икки йил ичида Атамбаев ташқи сиёсатда сезилари ютуқаларга эришган ҳолда, ички сиёсатда мухолифтага нисбатан коррупцияга қарши кураш баҳонасида босим кўрсата бошлаганини айтмоқдалар.

Алмазбек Атамбаев икки йил олдин президентлик лавозимига киришар экан, Бишкекдан АҚШ ҳарбий базасини чиқаришини, уюшган жиноий гуруҳларга ва коррупцияга қарши уруш очишини, сармоядорлар учун қулай шароитлар яратиб беришни ваъда қилган эди.

Ўтган икки йил мобайнида АҚШ базасини Қирғизистон чиқарилиши юзасидан аниқ қарор қабул қилингани, Россия билан ҳамкорликда Норин ГЭС каскадлари, Қамбарота-1 ГЭСини қуриш юзасидан шартномалар имзолангани, Россия ва Туркиядан бўлган қарзларни бартараф этишга муваффақ бўлингани Атамбаев эришган ютуқлар қаторида тилга олинади.

Экспертлар фикрича, “Ата Мекен” партияси вакили бўлган Ижтимоий ҳимоя вазири Равшан Собиров, “Ата Журт” партияси вакили бўлган депутат Нариман Тулеевдан бошланган коррупцияга қарши кураш эса сўнгги ойларда сиёсий тус ола бошлади. Мухолифатда бўлган “Ата Журт” партиясидан парламентга сайланган уч депутатни конституциявий тузумга тажовуз қилганлик айби билан судланиши, “Ата Журт” партиясидан парламент депутати, парламентнинг собиқ раиси Ахматбек Келдибековнинг коррупцияда айбланиб қамалиши қирғиз жамиятининг бир қисми томонидан сиёсий оппонентларни йўқ қилишга қаратилган уруш сифатида баҳоланмоқда.

Қирғизистон фуқаролик жамияти вакили, таниқли ҳуқуқ фаоли Рая Қадирова бундай иддаоларда жон бор деб ҳисоблайди.

-Келдибековнинг қамалиши, бир томондан қўллаб-қувватлашга арзийдиган иш бўлди, иккинчи томондан эса Келдибеков кейинги сайловда президентликка асосий даъвогар бўлиши мумкинлиги айтилиб келинган. Шунинг учун кўпчилик, агар ҳукумат ҳақиқатан ҳам коррупцияга қарши курашаётган бўлса, бу ишни ҳукумрон Социал демократлар партиясидан бошлаши керак эди деган нуқтаи назарда. Жамоатчилик босими остида Социал демократлар партияси вакили бўлган Бишкек шаҳар мэрига бир неча кун олдин жиноят иши очилди. Бу қадам позитив баҳоланди. Сабаби, коррупцияга қарши курашда баланс пайдо бўлди. Энди бу ишни охиригача етказишга сиёсий ирода керак бўлади, -деди Рая Қадирова.

Ички сиёсатда Атамбаевнинг бош оғириғига айланган яна бир муаммо бор. Бу ҳам бўлса Канаданинг “Центерра” ширкати томонидан ўзлаштирилаётган “Қумтор” олтин конини миллийлаштириш талаби. Мамлакат парламенти ҳукуматдан “Қумтор” конининг 67 фоизига Қирғизистон эгалик қилиши кераклиги ҳақида кўрсатма берган. Бироқ бу талаб иқтисодчилар, экспертлар ва Канада томони фикрича, мутлақо бажариб бўлмайдиган талабдир. Бундан ташқари “Қумтор” конини миллийлаштириш талаби билан кўп минг кишилик митинглар тез-тез ўтказилиб келинмоқда.

-“Қумтор” масаласи сиёсий ўйин бўлаиб қолди. Бу сиёсий ўйиндан қандай чиқиш йўлларини излаб кўп ўйланаяпман. “Центерра” Қирғизистонга акцияларининг 67 фоизини ҳеч қачон бермайди. Бироқ бу сиёсий ўйин ортида халқни қўзғатиб қўйдик. Халқ “коннинг асосий улушини биз олишимиз керак”, деб халқни бузганларга ишониб қолди, -деган эди Атамбаев бир ой олдин Би-Би-Си радиосига берган суҳбатида.

Айни пайтда мухолифат президент Атамбаевни Конституцияда белгиланган ваколатларидан ташқари ҳукумат ваколатида бўлган иқтисодий масалаларга ҳам аралаша бошлаганликда айбламоқда.

Қирғиз жамоатчилигида эса Атамбаевнинг халқаро учрашувлар ва музокараларда давлат раҳбарига хос бўлмаган, баъзан эса кулгига сабаб бўлувчи гапларни айтиб юбориши танқид қилиб келинади. Масалан, у 2012 йил февралида Кремлда бўлган учрашувлардан бирида:

- Сиз биласизми, Кутузов Кутузнинг боласи, осиёликлар авлоди, Тургенев эса Турғуннинг боласи. Бизнинг томирларимиз бир, - деб айтган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG