Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:25

Тўрткўлда аёллар йўлни тўсгандан сўнг газ берилди


Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл тумани марказида 30 ноябрь куни 400 нафарга яқин аёл газ берилмаётганига норозилик билдириб, автомобил йўлини тўсиб қўйди. Тўрткўлдаги Озодлик манбасига кўра, бир кун аввал 30га яқин аёл туман ҳокимиятига бориб газ беришни талаб қилган. Бироқ ҳоким улар билан учрашишдан қочиб кетганидан сўнг эртаси куни улар машина баллонларини ёқиб автомобил йўлини тўсган. Маълум бўлишича, аёллар норозилигидан кейин Тўрткўл шаҳарида газ узлуксиз берилмоқда.



Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл шаҳри Нукус кўчасида истиқомат қиладиган ўттизга яқин аёл 29 ноябрь куни ҳокимиятга бориб, газ берилишини талаб қилган.

Бу ҳақда хабар берган Озодликнинг Тўрткўлдаги манбасига кўра, хотинлар ҳокимият биносига бостириб киришгач, ҳоким қочиб кетган:

- Ўттизга яқин аёллар ҳокимиятга борганда. Улар нега газ бермаяпсизлар деб борганда ҳоким буларни қабул қилмаган. Хотинлар биз ҳоким билан гаплашамиз, деб жанжал қилган. Ҳоким эса орқа эшикдан қочиб кетган,- дейди суҳбатдошимиз.

Манбага кўра, ҳоким билан учрашолмаган аёллар эртаси куни, яъни 30 ноябрда Нукус кўчасини тўсган:

- Эртаси куни эски Тўрткўл, янги номи Нукус кўчасини 400га яқин аёллар тўсиб қўйган. Улар машиналарнинг эски баллонларини кўчага чиқариб ёққанлар. Ўша жойнинг бир томонида касалхона, бир томонида мактаб, бир томонида музика мактаби бор. Уч соат давомида кўчада движение бўлмаган,- дейди манба.

Унинг айтишича, воқеа жойига туман ҳокими, прокурор ва милиция бошлиғи етиб келган:

- Ҳоким газ берамиз, тарқалинглар деган. Лекин аёллар жойидан жилмаган. Кейин ҳоким газни очишга буйруқ берган. Газ кўпайгандан кейин одамлар тарқалган,- дейди Озодлик манбаси.

Тўрткўл туманида яшайдиган бошқа бир манбага кўра, шу воқеадан кейин туман ҳокими Тўрткўл тумани газ таъминоти идораси бошлиғини ишдан бўшатган:

- Хотинларнинг кўчани тўсишининг фойдаси бўлди. Ҳоким буйруқ берган шекилли, шаҳарга газ бериб турибди. Лекин қишлоқларда газ йўқ,- дейди бу суҳбатдошимиз.

Озодлик бу воқеага муносабат олиш мақсадида Тўрткўл туман ҳокимияти билан боғланди. Бироқ туман ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими саволимизни эшитгач телефон гўшагини қўйиб қўйди.

Ўзбекистонда жорий йилда газ ва электр таъминотидаги тақчилликка қарши аҳолининг норозилик чиқишлари аввалги йилларга нисбатан кўпроқ кузатилмоқда. Бироқ, бу норозилик чиқишларида фақат хотин-қизлар иштирок этяпти.

Самарқанд шаҳридаги Сартепа мавзесининг Хўжасоат маҳалласи хотин-қизлари 5 ноябрь куни газ ва чироқ йўқлигига норозилик тариқасида автомобил йўлини тўсганидан сўнг маҳаллага газ берила бошлаган эди.
XS
SM
MD
LG