Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:33

"Тетис Петролеум" устидан бошланган текширув Г. Каримовага боғлиқ бўлиши мумкин


Ўзбекистон расмийлари “Тетис Петролеум” халқаро энергетик компаниясини нефтни ғайриқонуний ўзлаштиришда гумон қилиб текширув бошлагани тўғрисида Россиянинг “Новости” ахборот агентлиги хабар қилди.

Агентлик ўз манбасига таяниб хабар қилишича, “Тетис Петролеум” умумий қиймати 30 миллиондан 40 миллион долларгача бўлган давлатга тегишли нефтни ўзлаштирганликда айбланмоқда.

"Агар текширув натижасида ўзбек расмийларининг гумонлари ўз тасдиғини топса, “Тетис Петролеум” Ўзбекистон ҳукумати таъқибига учраган халқаро инвесторларнинг узун рўйхатидаги сўнгги компания бўлади холос", деб ёзди агентлик.

“Тетис Петролеум”нинг Ўзбекистондаги оффисининг ўзини таништирмаган вакили Озодлик саволига жавобан "Текширув кетаётгани тўғрисида мен ҳам Интернетдан ўқиб билдим. Қўшимча гап айта олмайман", дейиш билан чекланди.

“Новости”нинг ўз манбасига таяниб хабар қилишича, Ўзбекистон маъмурлари жорий йил ноябрида “Тетис Петролеум”нинг Ўзбекистондаги етакчи ходимларидан бири Баҳром Салоҳиддиновни текширув доирасида қўлга олган.

Ўзметроном.com сайтининг ўз ихтиёридаги маълумотларга таяниб хабар қилишича, Баҳром Салоҳиддинов “бир пайтлар Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонасида ишлаган”.

“Тетис Петролеум”нинг матбуот котиби Женнифер Макдональд “Новости” ахборот агентлиги саволига электрон почта орқали жавоб берар экан, компания Ўзбекистон қонунлари доирасида ишлагани таъкидлаб ўтган, ширкатнинг икки ходимига қарши илгари сурилаётган айбловлар “мутлақо асоссиздир”, деган.

“Биз илгари сурилаётган айбловлар сабабини тушунишга эришиш ҳамда вазиятни иложи борича қониқарли тарзда ҳал қилиш мақсадида тегишли органлар билан алоқадамиз. Компаниямиз манфаатларини ҳимоя қилиш ва Ўзбекистондаги ходимларимиз хавфсизлигини таъминлаш учун керакли барча зарур воситаларни ўрганаяпмиз”, деган Макдональд.

Айни пайтда Ўзметроном.com сайти “Тетис Петролеум” компанияси “гўёки мамлакатдаги жуда таниқли шахсга қарашли” Тошкент шаҳридаги City Makon савдо-истироҳат маркази қурилишига 1,2 миллион доллар ажратгани тўғрисида Ўзбекистондан ташқаридаги ахборот востиларидан бири ёзганини эслади.

Озодликнинг норасмий манбаларига кўра, City Makon савдо-истироҳат маркази Гулнора Каримовага тегишли.

2012 йилнинг 9 мартида Гулнора Каримова етакчлик қилиб келган “Форум” жамғармаси расмий сайтида эълон қилинган хабар мана бундай бошланган эди:

“Тошкент шаҳри Байналминал кўчасида очилган “CITY MAKON” маданий–маърифий кўнгилочар маркази Мустақиллигимизнинг 21 йиллик байрамига муносиб совғалардан бири бўлди. Бу замонавий мега–марказ бўш вақтдан унумли фойдаланиш, харид қилиш ва спорт билан шуғулланишдан тортиб, махсус ўйинлар, хайрия акциялари ҳамда шунчаки қизиқарли вақт ўтказиш учун айни макондир. Марказнинг очилиш маросимида Фонд Форум Васийлик кенгаши раиси Гулнора Каримова иштирок этди”.

Ўзбекистон Президенти тўнғич қизи Гулнора Каримова Твиттердаги битиклари билан ўзи мансуб бўлган оила ва мамлакат олий лавозимли амалдорлари “кирдикорларини фош эта” бошлаганидан кейин унга қарашли ишхоналар ёпила бошлагани, у билан ҳамкорлик қилган компанияларда текширувлар бошлангани тўғрисида хабарлар кўпайди.

Текширувлар нафақат йирик компанияларда ўтказилмоқда, балки Каримова билан ҳамкорлик қилган ҳунарманд усталарнинг ҳам сўнгги бир йиллик фаолиятини солиқ идоралари текширмоқда.

Ўзбекистон пойтахтида мамлакат президентининг тўнғич қизига қарашли экани айтиладиган Premier Hall Cinema кинотеатри ва “Сити Макон” савдо кўнгилочар марказидаги City Makon Cinema кинотеатрлари ёпиб қўйилгани тўғрисида Озодлик 27 ноябрь куни, ундан олдинроқ эса, “Сити Макон”даги умумий овқатланиш пунктларининг барчаси октябрь охирларидан бери ишламаётгани хабар қилганди.

“Тетис Петролеум” матбуот котибига кўра, текширув олиб борилаётганига қарамай, компания нефть қазиб чиқариш ишларини кундалик режимда давом эттирмоқда.

Маълумотларга қараганда, “Тетис Петролеум” компаниясининг фаолияти Шимолий Ўртабулоқ конида нефть қазиб олиш кўламини кенгайтириш билан боғлиқ.

Шимолий Ўртабулоқ кони Қашқадарё вилоятида, Бухоро шаҳридан жануби-шарқда, ресурсларга бой Амударё ҳавзасида жойлашган.

“Новости”нинг компания маълумотларига таяниб хабар қилишича, “Тетис Петролеум” бир кунда 1,5 миллион баррель нефть қазиб олади.
XS
SM
MD
LG