Линклар

Одам савдосида айбланиб тўрт йилга озодликдан маҳрум қилинган “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг Бухоро вилояти бўлими раиси, 60 яшар фермер Бобомурод Раззоқовга нисбатан қамоқда ҳам тазйиқ давом этмоқда. Раззоқов яқинларининг айтишларича, Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари ғайриқонуний тарзда қамоқхонага кириб, маҳкумдан шикоят қилишни тўхтатишни талаб қилган.



Тошкент вилоятининг Товоқсой посёлкасидаги 64/3-сонли жазони ўташ муассасасида жазо муддатини ўтаётган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Бухоро вилояти бўлими раиси, 60 яшар Бобомурод Раззоқов қамоқхонада яна таъқиб қилинмоқда.

Бу ҳақда хабар тарқатган “Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, Бухоро вилояти ички ишлар бошқармасининг ходимлари ғайриқонуний тарзда қамоқхонага кириб, Бобомурод Раззоқовга таҳдид қилган:

- Шу йилнинг 2 декабрь куни Бухоро вилояти ички ишлар бошқармасининг терроризмга қарши кураш бўлими вакиллари Азим деган киши ва яна бир ўзини таништирмаган ходим бошлиқлари майор Алишер Андаевнинг топшириғи билан қамоқхонага келиб Раззоқовга таҳдид қилган. Улар ўғлинг яна шикоят қиляпти, бизларга тинчлик бермаяпти, агар юқорига шикоят қилишни тўхтатмасанг, шу ерда тинчитиб кетамиз”, деб пўписа қилган. Бобомурод Раззоқов эса, “сизларни бу ерга ким қўйди, нима ҳақларинг бор киришга”, деб сўраганда улар “бизнинг қўлимиз узун, ҳамма ерга етади”, деб жавоб берган,- дейди Абдураҳмон Ташанов.

Инсон ҳуқуқи фаолининг Бобомурод Раззоқов яқинларига таяниб айтишича, шундан сўнг у 15 кунлик жазо карцерига ташланган:

- 3 декабрь куни Бобомурод Раззоқов “сафда қўлини орқага қайириб юрмаган” деган айблов билан 15 кунлик жазо карцерига ташланди. Бизнинг фикримизча, яқинда амнистия эълон қилиниши керак ва улар Раззоқовни амнистияга илинтирмаслик учун шундай жазо чораларини кўришмоқда,- дейди инсон ҳуқуқи фаоли.

Абдураҳмон Ташановга кўра, Бухоро милицияси ходимларининг қандай асосда қамоқхонага киритилганига Ўзбекистон ИИВ Жазони ижро этиш Бош бошқармаси ҳуқуқий баҳо бериши керак:

- Жиноят қидирув бўлими ходимларининг муассасага келиб киришларига умуман ҳаққи йўқ. “Эзгулик” жамияти Тошкент вилояти махсус прокуратурасидан, Жазони ижро этиш бош бошқармасидан ва учинчи муассаса раҳбари Ғайрат Жўраевдан бу масалага дарҳол изоҳ беришни талаб қилди,- деди Абдураҳмон Ташанов.

Озодлик Бобомурод Раззоқовнинг ўғли Шуҳрат билан ҳам боғланди. Бироқ, Шуҳрат унинг гаплари отасининг қамоқдаги ҳолатига зиён етказиши мумкинлигидан хавфсираб, индамасликни маъқул кўрди.

Озодлик Бухоро вилояти ички ишлар бошқармасининг жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш бўлими билан боғланиб, бўлим ходимларининг бу ҳаракатига муносабат олмоқчи бўлди. Бироқ, ўзини таништирмаган мулозим телефон орқали ҳеч қандай маълумот беролмаслигини айтди.

Бобомурод Раззоқов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси (Одам савдоси, яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш) билан айбланиб 24 сентябрь куни Жондор туман суди ҳукми билан тўрт йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Ҳюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ва Ўзбекистон “Эзгулик” жамияти баёнотларида одам савдосидек қалтис айблов Бобомурод Раззоқовнинг касбий фаолияти ва сиёсий қарашлари эвазига уюштирилган провокация экани таъкидланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG