Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:32

Бесим Брунжай: Ислом Каримов қудратли ҳукмдор ўлароқ танланди


Иорданиядаги Ислом стратегик тадқиқотлари қироллик маркази дунёнинг таъсири кучли 500 мусулмони рўйхатига Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовни ҳам киритди. Марказ тадқиқодчиси жаноб Брунжай Каримов нафақат 30 миллион халқи бўлган Ўзбекистон, балки минтақада катта қудратга эга сиёсий фигура бўлгани боис рўйхатга киритилганини айтди.


Қароргоҳи Иордания пойтахти Амманда жойлашган Ислом стратегик тадқиқотлари қироллик маркази дунёнинг таъсири кучли 500 мусулмони киритилган 2013/14 йилги рўйхатига Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовни ҳам киритди.

Ўзбекистон президентидан ташқари бу бу рўйхатда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов номи бор.

Усмонхон Алимов айни марказ томонидан 2009-2010-2011 йилларда эълон қилинган рейтингларда ҳам жаҳондаги таъсири кучли 500 мусулмондан бири деб топилган эди.

2009 йили бу рўйхатда ўзбекистонлик таниқли олим, Ўзбекистоннинг биринчи муфтийси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳам бўлган, бироқ кейинги йиллардаги бу таниқли олим рўйхатларга киритилмай келаëтир.

Марказ тадқиқодчиси жаноб Бесим Брунжай Ислом Каримов номининг илк бор бу рўйхатга киритилганини Озодликка изоҳлар экан, бир неча сабабларни тилга олди.

- Асосий жиҳат шундаки, Ислом Каримов кўплаб инсонлар ҳаётига таъсир кўрсатадиган қудратли сиёсий лидердир, гарчи бу халқ уни етакчиси ўлароқ истасада-истамасада. Шунинг учун бу йил биз унинг номзодини "сиёсий жиҳатдан таъсири кучли бўлган мусулмонлар" бўлимида Эрон президенти Ҳасан Руҳоний, Туниснинг муваққат президенти Монсаф Марзуклар номи билан бир сафда келтирдик, - дейди Бесим Брунжай.

2013/14 йилдаги таъсири кучли 500 мусулмон орасида илк бор номи келтирилган Ислом Каримовга берилган таърифда ҳисобот муаллифлари, жумладан шундай дейди:

"Ўзбекистондаги 30 миллион аҳолининг 95% ортиқроғи мусулмондир ва кўпчилик одатан, исломга амал қилиб яшайдиган мусулмонларнинг — хоҳ ваҳҳобий бўлсин, хоҳ сўфий — "исломий экстремизм" тамғаси остида шафқатсиз таъқиб ва репрессияга учраганини ҳис қилган".

Бу таърифга ҳам изоҳ бериб ўтган жаноб Брунжай, муаллифлар бу йилги ҳисоботга анчагина ўзгариш киритганини айтиб ўтди.

- Бу йил биз янада реалистроқ бўлишга уриндик. Эътибор қилган бўлсангиз, бу йилги рўйхатда биз ижобий ёки салбий бўлишидан қатъий назар дунёда ҳақиқатда таъсири кучли мусулмонларни аниқлашга ҳаракат қилдик. Масалан, Ислом Каримов 24 йилдан буён Марказий Осиё ва умуман, собиқ совет ўлкасидаги катта бир давлатни бошқараётган сиёсий лидер ўлароқ рўйхатга киритилган бўлса, бу рўйхатда яна таъсири кучли бўлган террорчилар номи ҳам бор, - дейди Брунжай.

Унга кўра, дунё ҳукуматлари ўртасидаги катта сиёсат, молиявий институтлар ўртасидаги алоқалар, миллат ва маданиятлараро муносабатларда таъсири кучли, деб топилган 500 мусулмон 1 мингдан ортиқ номзод орасидан танлаб олинган.

- Бу йил 1 мингдан ортиқроқ номзод йиғилди. Мусулмон давлатларда кўнгилли ҳамкорларимиз бор ва улар номзодларни йўллайди. Кейин биз бу номзодлар ҳақида интернет ва муайян давлатлардаги манбаларимиз орқали ахборот йиғамиз. Кейин эса йиғилган ахборот бир неча муҳим критериялар асосида таҳлил қилинади ва номзодлар айнан сиёсий, молиявий ва ҳоказо қудратига таяниб кўрсатаётган таъсири даражасига қараб танланади, - дейди Брунжай.

Бесим Брунжай шу ўринда бу хабарни ўқиётган муштарийларга ўз номзодларини билдиришни ҳам таклиф қилиб ўтди.

- Интернетдаги саҳифамизга киришса, махсус дарча очиб қўйганмиз. Ўша ердан ўзлари танлаган номзод ва у ҳақда билганларини бизга йўллаши мумкин. Бу биз учун катта ёрдам бўлар эди ва муҳими, ҳисоботимиз янада бойирди, - деди Амманда жойлашган Ислом стратегик тадқиқотлари қироллик маркази таҳлилчиси Бесим Брунжай.

Қироллик маркази таҳлилчилари бу йил дунёда таъсири энг кучли мусулмон, деб Мисрдаги Ал-Азҳар университети профессори шайх Аҳмад Муҳаммад Ал-Тойибни топишди.

Ўтган бир неча йил давомида рўйхатга етакчилик қилган Саудия Арабистони қироли Абдулла бин Абдулазиз иккинчи ўринга, Эрон олий руҳонийси оятуллоҳ Али Ҳоманаий учинчи ўринга қўйилди.

Шунингдек, ўтган йилги рўйхатда иккинчи ўринга қўйилган Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон бу гал олтинчи ўринга қўйилди.
XS
SM
MD
LG