Линклар

Жанубий Африка Республикасининг илк қора танли президенти, Нобел Тинчлик мукофоти соҳиби Нелсон Мандела пайшанба куни 95 ëшида оламдан ўтди. Мандела вафоти ҳақида миллий телевидениеда орқали маълум қилган Жанубий Африка Президенти Жейкоб Зума “мамлакат ўзининг энг буюк ўғлидан жудо бўлди” деб таъкидлади.


95 яшар Мандела анча вақтдан бери ўпка инфекциясидан даволанаётган эди.

Дунëдаги миллионлаб эрксеварлар йўлбошчиси¸ озодлик ва демократия учун синмас курашчи тимсолига айланган Нелсон Мандела ўз умри мисолида бир киши ўз халқи учун нималар қила олишини кўрсатиб кетди.

2010 йилдан бери у туғилган кун - 18 июльни бутун дунë Нелсон Мандела куни сифатида нишонлайди.



Ўз миллати ҳақ-ҳуқуқлари учун курашгани, оқ ва қора танлилар ўртасида зиддиятларни бартараф қилиш йўлидаги кураши учун Нобел мукофотига сазовор бўлган Нелсон Мандела Жанубий Африканинг илк қора танли президентидир.

95 ёшида оламдан ўтган Нелсон Мандела узоқ курашиб ўз халқига рўшнолик келтирган улуғ сиëсий арбоб сифатида қадрланади.



Мандела Жанубий Африкадаги оқ танли аҳолига устунлик берган апартеид тузумини йиқитди ва турли ирқ ва элатлар уйғун яшайдиган демократик давлат қуришга муваффақ бўлди.

1964 йилда Мандела етти нафар сафдоши билан бирга ҳокимиятни ағдаришга уриниш айблари билан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ўша суд пайтида, Мандела ўз ҳаракатларини ёқлаб, кейинчалик машҳур бўлиб кетган тўрт соатлик нутқини сўзлаган эди.

Ўлим жазоси таҳликасига юз тутган Мандела суд раисига тик қараб, истасангиз мени осинг, дейишга журъат қилгани эди.

- Мен оқ танлиларнинг устунлигига қарши курашдим. Мен қора танлилар устунлигига ҳам қарши курашдим. Мен ана шу идеал учун яшашни истайман. Лекин Худо ҳаққи, агар ана шу идеал учун ўлиш керак бўлса, мен ўлишга тайёрман,- деган эди Мандела ўзини суд қилган ҳакамга қараб.

Судья Манделанинг бу сўзларидан кулиб, уни Роббен оролидаги машҳур қамоққа умрбод маҳкум қилади.

Қамоқдалиги пайтида Манделанинг обрўси янада ошиб, апартеидга қарши кураш ҳаракати кўлами янада ошди ва халқаро ҳамжамият диққатида бўлди. БМТ Жанубий Африка режимига қарши санкцияларни жорий қилди, халқаро майдонда бойкотлар эълон қилинди ва Мандела жаҳоннинг энг машҳур виждон тутқуни сифатида танилди.

1990 йилда у қамоқдан озод қилинганда уни миллат қаҳрамони ўлароқ кутиб олишди. Жанубий Африка учун янги замон бошланди.

Кейинги уч йил давомида Мандела мамлакатнинг ўша пайтдаги президенти Фредерик Де Клерк билан бирга апартеид тизимини йўқ қилиш ва Жанубий Африкада илк демократик сайлов ўтказишга йўл очиб берувчи ишларни амалга оширди.

Мандела ва Де Клерк бу ютуқлари учун 1993 йилда Нобель Тинчлик мкуофотига сазовор бўлди.

1994 йилда Мандела Жанубий Африканинг илк қора танли президенти этиб сайланди.

Оқ ва қора танлилар ўртасидаги зиддиятли нуқталарни юмшатиш¸ камситиш ва хўрликларга барҳам бериш мақсадида Мандела аста-секин¸ зўравонлик ишлатмасдан мужодала олиб борди. Жанубий Африкада апартеид тизими олиб ташлангач, Мандела мамлакатда фуқаролар уруши бошланиб кетишининг олдини олишга муваффақ бўлди.

“Бутун ҳаётимни Африка халқларига бағишладим. Мен қитъада оқ танлиларнинг қора танли маҳаллий аҳоли устидан ҳукмронлигига барҳам бериш учун курашдим. Менинг олий мақсадим - ҳамманинг тенг, ўзаро уйғунликда Озод ва Ҳур очиқ демократик жамиятда яшашидир. Мен ана шу йўлда бутун умр курашаяпман ва шу учун яшаяпман. Агар зарур бўлиб қолса мен шу йўлда ўлишга ҳам тайёрман…”, деган эди Мандела.

Нелсон Манделанинг 95 ëшга тўлгани муносабати билан гапирган АҚШ собиқ президенти Билл Клинтон унинг фаолиятидан чиқадиган асосий сабоқ ҳақида тўхталган эди:

- Нелсон Манделла курашидан одам ўзини озод қилмагунича миллатини озод қила олмайди деган сабоқ чиқади¸- деган эди Билл Клинтон.

Бутун дунё Манделани хотирламоқда

Жаҳон етакчилари, таниқли кишилар ва дунё бўйлаб оддий одамлар 95 ёшида вафот этган апартеидга қарши курашчи, демократия ва озодлик учун кураш тимсолига айланган Нелсон Манделани хотирламоқда.

Жанубий Африка Президенти Жэйкоб Зуманинг айтишича, Мандела пайшанба куни Йоханесбургдаги уйида “тинчгина” вафот этган.

- Миллатимиз ўзининг энг буюк ўғлидан жудо бўлди. Халқимиз отасидан жудо бўлди. Бу кун келишини билган бўлсак-да, улкан ва буюк кишимизда жудо бўлганимиз ҳиссини ҳеч нарса билан овунтириб бўлмайди,- деди президент Зума.

Мандела бир неча ойдан бери ўпка яллиғланиши билан хасталикдан кейин оламдан кўз юмди.

Йоханесбург ва Соуэто шаҳарларида минглаб жанубий-африкалик тўпланиб, биргаликда Мандела ҳақига дуо қилди. Улар Мандела уйи олдида туриб, марсиялар айтишди.

Бутун дунёдан Мандела хотирасига олқишлар келмоқда. Манделанинг ҳаёт йўли бир кишининг озодлик учун кураши бир неча авлодалар узра давом этган адолатсизлик устидан ғалаба қила олиши тимсоли сифатида хотирланмоқда.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Мандела вафоти муносбати билан Жанубий Африка Президенти Жэйкоб Зумага таъзиянома юборди.

АҚШ Президенти Барак Обама дунё “энг нуфузли, жасур ва яхши инсонларидан бирини” йўқотди, дея таъзия билдирди.

- Биз Нелсон Мандела каби инсонларни энди кўрмасак керак. Шунинг учун у қолдирган сабоқлардан: нафрат эмас, муҳаббатдан келиб чиқиб қарор қилиш, бир киши амалга ошириши мумкин бўлган ўзгаришларни назардан қолдирмаслик, яхши келажак учун кураша олиш ва бунинг учун қурбонликларга тайёр бўлишдан ўрнак олиб, уларни қўлимздан келганча давом эттириш вазифаси зиммамизга тушади. Ҳозир эса, бироз тин олиб, тарихни ўз қўлига ололган ва маънавий борлиқ ёйини адолат тарафига бура олган инсон - Нелсон Мандела яшагани факти учун шукрона айтайлик.

Обама Мандела хотирасига Оқ уй тепасида байроқларни туширишни буюрди.

Россия Президенти Владимир Путин Манделани “замонамизнинг энг буюк сиёсатчилардан бири”, дея хотирлади.

Британия Қирличаси Елизавета Иккинчи Манделанинг вафоти ҳақидаги хабарда “чуқур қайғуга” чўмганини билдирди.

Европа етакчилари, Хитой Президенти Си Цзипинь, Далай Лама ва яна қатор таниқли кишилар, кино ва спорт юлдузлари Манделани 20-асрнинг энг буюк шахсларидан бири сифатида олқишлаб, баёнотлар эълон қилди.

Мандела хотирасига мотам тутиш расмий маросимлари Жанубий Африкада душанба куни бошланади.

Мандела билан видолашув пойтахт Преторияда уч кун давом этади, ундан кейин Мандела туғилиб ўсган Шарқий Кейп вилоятидаги Қуну қишлоғида ерга қўйилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG