Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:25

Хоразмда аҳоли гарданига миллиардлаб қарз юклаган мансабдор ушланди


Тошкент давлат педагогика университети ўқитувчиси пора билан ушланди. Фирибгар продюсер таниқли хонанда Шуҳрат Қаюмов номидан пул олиб, фуқарони чув туширди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ис газидан заҳарланишдан огоҳлантирди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Ҳашарчиларга иш ҳақини бермаган фермерлар жазоланмоқда”

Қашқадарёда вилоятида ўз даласида одамларни ишлатиб, уларга меҳнат ҳақини тўламаган фермерлар жазоланмоқда.

Бу ҳақда Қашқадарё вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи Бахтиёр Исматов “Ҳуқуқ” газетасига маълум қилди. Фермерлар аксар ҳолларда ёлланма ишчилар билан шартнома тузмаган, уларга меҳнат дафтарчаси очмаган. Аслида эса, фермер даласида ишлаётган ёлланма ишчи ҳам ўзи ишлаётган муддат давомида меҳнат қонунчилигида белгиланган ҳуқуқлардан фойдаланишга ҳақли.

Қайд этилишича, ўтган муддат ичида Қашқадарё вилояти бўйича ёлланма ишчилар ҳуқуқларини бузган 2597 нафар фермер хўжалиги раҳбари огоҳлантирилган, 48 нафарига жиноий иш қўзғатилган. Яна бир қанча фермер хўжалиги раҳбарлари маъмурий жаримага тортилган.

“Хоразмда катта жиноятлар қилган газ идораси раҳбари фош қилинди”

Хоразм вилояти “Гурлантумангаз” филиали раҳбари аҳоли гарданига асоссиз равишда миллиардлаб қарз илгани, фуқаролардан жуда катта миқдорда асоссиз ҳақ ундириб келгани фош қилинди (“Даракчи”, 5 декабрь).

Исми ошкор этилмаган мансабдор 2012 йилда 1887 нафар абонентга табиий газдан ноқонуний фойдаланиш имконини яратиб берган. “Имтиёзли” абонентларнинг 1,7 миллиард сўмлик қарзи эса аҳоли гарданига юкланган.

2013 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, туманда аҳолининг реал қарзлари 1,8 миллиард сўмни ташкил қилган. Туман газ идораси раҳбари газдан ноқонуний фойдаланган абонентларни яшириб, уларнинг 4,7 миллиард сўмлик қарзини яна аҳоли зиммасига юклаган.

Бундан ташқари, Гурлан газ идораси раҳбари ва ходимлари суюлтирилган газ савдосидан тушган 69 миллион сўмдан ошиқ маблағни ҳам ўзлаштирган.

Газетага хабарига кўра, айбдор мансабдорга тегишли жазо тайинланган.

“Низомий университети домласи пора билан қўлга тушди”

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Фалсафа факультети ўқитувчиси абитуриентдан 2000 доллар пора олаётганда қўлга тушди.

Бу ҳақда прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси вакили Нодир Зупаров “Бозор ва истеъмолчи” газетасига хабар берди.

Ўқитувчи талаба бўлиш иштиёқидаги йигитдан университетга ўқишга жойлаб қўйиш учун 4000 доллар талаб қилган. Пулнинг ярмини Тошкент шаҳри Ибн Сино деҳқон бозори олдида олаётганда ҳибс қилинган. Университет ўқитувчисининг исми шарифи ва жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар маълум қилинмаган.

“Фавқулодда вазиятлар вазирлиги: ис газидан заҳарланиш кўпаймоқда”

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳоли орасида ис газидан заҳарланиш ҳолатлари кўпаяётгани, шу муносабат билан одамлар эҳтиёт бўлиши лозимлигини билдирди (“Тошкент оқшоми”, 4 декабрь).

Қайд этилишича, куз-қиш мавсумида аҳолининг токсик газдан заҳарланиши кўпаяди. Таҳлилларга кўра, токсик газ билан заҳарланиш ҳолатларининг 60-70 фоизи табиий газ билан боғлиқ бўлиб, 15-20 фоизи газ босимининг ўзгарувчанлиги таъсирида юзага келади.

Баъзан электр энергия таъминотидаги техник узилишлардан кейин газ сўриш насосларининг ёниқ қолиши ҳам заҳарланишга олиб келади. Вазирлик маълумотига қараганда, жойларда газ таъминоти ходимлари билан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

“Наманганда мансабдор шифокор пора учун 3,6 йилга қамалди”

Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги Силга қарши курашиш диспансери мудири Усуфжон Ҳусанов таъмагирлик ва порахўрлик учун 3,6 ойга озодликдан маҳрум қилинди (“Диёнат”, 5 декабрь).

Диспансер мудири қўл остидаги 50 нафар ходимдан “ишдан ҳайдайман” деган таҳдид билан пул олиб келган. Ишдан кетишни хоҳламаган ходимлар эса унга пора беришга мажбур бўлишган. Масалан, ҳамшира Ф.Исмоиловадан 100 доллар, фельдшер Ў.Қодировадан 100 минг сўм пул олган. Айтилишича, бу ҳолат бир неча йил давом этиб келган. Жиноий иши якунида У.Ҳусанов озодлик маҳрум этилиши билан бирга, 3 йил муддатга мансабдорлик лавозимларидан ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган.

Ёзувчи Эркин Аъзам: “Соцреализм чизиб берган андозалардан қутулиш керак”

Таниқли ёзувчи Эркин Аъзам адабиётга ҳамон социалистик реализм нуқтаи назаридан баҳо бериш мавжудлигини танқид қилди (“Ҳуррият”, 4 декабрь).

“Соцреализм чизиб берган андозалар ҳамон адабиётимиз йўлига тўғаноқ бўлиб тургани сир эмас. Ёзилган ҳар бир асарни ўша тоғорага солиб баҳоламоққа ўрганиб қолганмиз: сиғадими, йўқми? Яъни – ҳаётда бўлганми, йўқми? Бадиий асарнинг вазифаси воқеликни айнан акс эттириш, нусхакашлик эмаслиги, ҳаётни, демакки, жумбоқдан-жумбоқ инсон кўнглини тадқиқ этиш, инсон ҳақиқатини кўрсатиб бериш, мухтасар ифодалаганда, у муаллифнинг ҳаёт ҳақидаги қарашлари, фалсафаси, нуқтаи назарининг мажозий инъикоси эканига иқрор бўлмоққа бўйнимиз ёр бермай келаётир. Жаҳон адабиётига бир назар ташлаб кўринг, сизу биз билган ҳаёт мантиғига тушавермайдиган воқеа-ҳодисалару ҳолатлар тасвири қанчадан-қанча!” дейди ёзувчи “Ҳуррият” газетасида чоп этилган суҳбатда.

“Фирибгарлар ижтимоий тармоқлардан фойдаланиб, таниқли санъаткорлар номидан пул йиғмоқда”

Сохта продюсерлар ижтимоий тармоқлар орқали содда одамларни чув тушириши ҳолатлари кўпаймоқда.

“Даракчи” нашри хабарига кўра, фирибгарлар ижтимоий тармоқларда ўзини таниқли санъаткорнинг продюсери сифатида таништириб, тўй ва бошқа маросимлар учун одамлардан пул ундирмоқда.

Масалан, бир фирибгар қўшиқчи Шуҳрат Қаюмов номидан тўй учун пул олган.

“Кутилмаганда менга қўнғироқ қилиб, “Сизга пул берган эдик. Нега тўйга келмаяпсиз?” дейишса бўладими? Шу вақтгача бирор марта продюсер билан ишламаганман, ҳатто ёрдамчим ҳам йўқ. Дуч келган одамга ишониб пул бериш нотўғри-ку” деган хонанда Шуҳрат Қаюмовнинг ўзи.
XS
SM
MD
LG