Линклар

logo-print

АҚШда Россиянинг 49 дипломати товламачиликда айбланмоқда


Прокурор Прит Бахарара журналистларга рус дипломатларининг "товламачилик схемаси"ни намойиш этмоқда.

Прокурор Прит Бахарара журналистларга рус дипломатларининг "товламачилик схемаси"ни намойиш этмоқда.

Нью Йорк прокуратураси Россиянинг 49 нафар собиқ ва амалдаги дипломати ҳамда уларнинг оила аъзоларига нисбатан жиноят ишлари очди. Россия дипломатлари камбағалларни тиббий суғурта билан таъминлаш дастуридан ноқонуний тарзда 1,5 миллион долларни ўзлаштириб олганликда айбланмоқда.

Маълумотда айтилишича, рус дипломатлари оила аъзолари шифокорлар кўригидан ўтишда имтиёзга эга бўлиш учун ўз даромадлари ҳақида ёлғон маълумотларни берганлар. Бунинг натижасида Medicaid давлат суғурта дастури 2004 йилдан бери қарийиб бир ярим миллион доллар зиён тортган.

Россия дипломатларига нисбатан айбловни 5 декабрь куни Манхэттен федерал судидда Нью Йоркнинг жанубий округи бўйича прокурор Прит Бхарара эълон қилди. АҚШ прокурорининг айтишича, Россиянинг 49 дипломати 9 йил давомида Medicaid саломатликни сақлаш давлат дастури доирасида товламачилик йўли билан 1,5 миллион долларни ўзлаштириб олган.

-Бугун биз Нью Йоркнинг кам таъминланган оилалари учун мўлжалланган Medicaid саломатлик дастуридан мураккаб схема орқали товламачилик қилиб, маблағларни ўзлаштириб олган Россиянинг 49 фуқаросига жиноят иши очмоқдамиз. Сўнгги 9 йил мобайнида мазкур айбланувчилар расмий давлат лавозимларидан фойдаланган ҳолда Medicaid дастуридан алдамчилик йўли билан саломатликни сақлашга йўналтирилган юз минглаб долларларни олганлар. Уларнинг бунга ҳақлари йўқ эди, -деди прокурор Прит Бхарара журналистларга берган матбуот анжуманида.

Федерал Тергов Бюросининг Нью Йоркдаги бўлими бошлиғи ўринбосари Жорж Венизелос прокурорнинг сўзларига мана буларни қўшимча қилди:

-Суриштирув давомида айбланувчилар ўн минглаб долларларни қимматбаҳо соатлар, тилла тақинчоқлар, электроника ва дам олишга сарфлагани аниқланди. Улар сарфлаган маблағлар айбланувчилар ўз даромадларини жуда озайтириб кўрсатган ҳужжатларга мос келмайди, -деди Венизолос.

Расмийлар айрим россиялик дипломатларнинг ноқонуний ҳаракатларини мисол қаторида келтирганлар. Масалан, Россиянинг БМТдаги ваколатхонасида ишлаб ватанига қайтган дипломат Тимур Саломатин ва унинг хотини Наиля Бабаева ўз ҳужжатларида бир ойлик даромадларини 3000 доллар қилиб кўрсатганлар. Шунинг ортидан улар Medicaid дастуридан фойдаланган. Аслида Саломатин ойига 5160 доллардан ойлик олган.

АҚШ ҳуқуқ-тартибот тузилмалари “айбланувчи” деб атаётган рус дипломатлари Россиянинг БМТдаги ваколатхонаси ва Нью Йоркдаги Бош консулликнинг амалдаги ва собиқ ходимларидир. Уларнинг айримларигина айни пайтда АҚШда ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Айбланаётган дипломатларнинг кўпчилиги АҚШда ваколати якунланганидан сўнг Россияга чақиртириб олинган.

Айблов билдирилган Россия фуқаролари дипломатик ваколатга эга бўлгани учун қўлга олинган эмас. Бироқ АҚШ томони уларнинг дипломатик ваколатлари бекор қилинишига ва АҚШ судида жавоб беришларига эришмоқчи.

Мазкур билдирувдан сўнг АҚШ ва Россия муносабатларида янги таранглик вужудга келиши юзасидан хавотирлар пайдо бўлди. Бироқ АҚШ давлат департаменти матбуот хизмати расмийси Мари Харф журналистлар билан учрашувида Вашингтон қонун доирасида олиб борилган текширув икки давлат алоқаларига салбий таъсир кўрсатмаслигидан умидвор эканини билдирди:

-Биз мазкур воқеа Россия билан икки томонлама муносабатларимизга путр етказмайди, деб ўйлаймиз. Очиғини айтганда, Россия билан биргаликда ҳал қилишимиз лозим бўлган кўп масалалар бор. Адолатли судлов тизими эса ўз йўналишида ишлайверади ва биз бу ҳолат алоқаларимизни ёмонлаштирмайди деб ўйлаймиз, -деди Мари Харф.

Россия томони рус дипломатларига билдирилган айбловларни “АҚШдаги русофоб кучлар”нинг тегирмонига сув қуйиш сифатида баҳолади. Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков Москва бу айбловларни тан олмаслигини билдирди. Шунингдек, Россия расмийси АҚШ хавфсизлик кучларини россияликлар ортидан ноқонуний тарзда кузатув олиб борганликда айблади.

“Агар Америка ҳукуматининг Россия фуқароларига эътирози бўлса, бу эътирозни улар давлатлараро муносабатлар қоидасига амал қилган ҳолда дипломатик каналлар орқали бизга тақдим этиши лозим эди. Бунинг ўрнига улар эътирозни жамоатчиликка ошкор қилди. Бу арзон пиар, АҚШдаги русофоб кучларнинг буюртмасини бажаришдан бошқа нарса эмас”, деб билдирди Сергей Рябков ИТАР – ТАСС ахборот агентлигига.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG