Линклар

2013 йилги "Рус Букери" мукофоти ёзувчи Андрей Волос форс-тожик адабиёти асосчиси Абу Абдуллоҳ Рўдакийга бағишлаб ёзган асарига берилди. “Возвращение в Панджруд”, яъни “Панжрудага қайтиш” деб номланган бу асар Бухорода қувғинга учраб, ўз она юртига қайтаётган кекса шоир ҳақида ҳикоя қилади.



4 декабр куни Москвада “Рус Букери” танлов ҳайати 2013 йилда энг яхши асар деб танланган “Панжрудага қайтиш” тарихий романи учун ёзувчи Андрей Волосни мукофотлади.

Бу асар Х асрда яшаб ижод қилган форс-тожик адабиёти асосчиси Абу Абдуллоҳ Жаъфар Рудакийга бағишланган биографик романдир.

Айтиш жойиз, 13 йил олдин ҳам асли Душанбеда туғилиб ўсган ва тожик тилини мукаммал билган ёзувчи Андрей Волос Тожикистонга бағишлаб ёзган “Хуррамобод” асари билан Букер мукофотига номзод бўлган.

Озодлик билан суҳбатда ёзувчи Шарқ адабиёти тарихи билан қизиқишни айнан Абу Абдуллоҳ Рўдакий ижоди таъсири остида бошлаганини эслайди:

- У нафақат Хуросон йўналиши, балки фанда “Шарқ Ренессанси” деб ном олган ва 4-асрдан ортиқроқ вақт давом этган, оламга кўплаб шоир ва олимларни берган бир даврга асос солди. У форс тилида сўзлашувчи Ажам учун сўзни янгича ифода қилиш ва янгича фикрлаш услубини ургатди. У афсонавий шахсга айланишга улгурди. Аввалига Самарқандда Сомонийлар саройида яшади, кейин пойтахт Бухорога амир Наср томонидан таклиф этилди. Шоир ўша даврда жуда бой бўлгани, биргина олтин буюмлари 12 туяда кўчирилганини хабар қилади ўша давр манбалари. Умри охирида эса у қўзғолонлари туфайли кўзлари ўйиб олинган ва ўзининг она юрти – Панжруд қишлоғига сургун қилинган,- дейди ёзувчи Андрей Волос.

Волос шоир Рўдакий айнан шу қишлоқ – Панжрудда, яъни “Беш сой” номидан ўзига тахаллус танлаганини гапиради. Роман кўзига мил тортилган қарияни Панжрудага етаклаб кетаётган бола номидан ҳикоя қилинади, дея давом этади асар муаллифи.

- Йўлда Рўдакий кечирган ҳаётини ҳикоя қилиб боради. Бола эса аста-секин у чолни эмас, балки кўр чол уни ҳаёт бўйлаб етаклаб кетаётганини англаб етади, кўр одам унга кўзини очаётганини тушунади. Йўлда кетаётган кўр қария ва бола образи анча йиллар олдин тушимга кирган ва бу образни мен кўзига мил тортилган, ҳақорат қилинган ва сургунга учраган буюк шоир тарихига киритдим,- дейди Букер асари бош совринини олган асар муаллифи Андрей Волос.

Озодлик билан суҳбатда ёзувчи асарда донишманд келтираётган фикр-мулоҳазалар бугунги ҳаётимизда ҳам ўта долзарблиги билан ҳайат аъзолари этиборини ўзига тортганлигини тахмин қилди.

“Панжрудага қайтиш” асари учун “Рус Букери” жюрисининг 5 нафар аъзосидан учтаси овоз берди ва Волосга 1,5 миллион рубл миқдорида пул мукофоти топширилди.

Қизиғи, бу асар нафақат “Рус Букери” томонидан мукофотланди, балки РГГУ талабалари орасида ўтказилган “Талабалар Букери” сўровида ҳам ғолиб деб топилди, дейди Озодликка мукофот котибаси, адабиётшунос Жанна Галиева:

- Фэнтези ва Гарри Поттер ҳақидаги асарларни ўқиб улғайган талабалар ўз тарихи, хусусан, Совет даври ёки ўзга тарихга оид романларга қизиқиш билдираётганини кузатяпмиз. Андрей Волос асарида тасвирланган бош қаҳрамон – ёзувчи, шоир, экзотик маданиятнинг нодир шахсидир. Асар ёшларимизни қийин замонларда, мафкуравийлашган жамиятларда ҳам маданиятли шахс бўлиб қолишга ўргатади,- дея хулоса қилди адабиётшунос Жанна Галиева.

2013 йилда “Рус Букери” танловида 87 асар иштирок этди. Адабиёт бўйича “Рус Букери” нодавлат мукофоти 1991 йилда Буюк Британиянинг Booker plc савдо компанияси томонидан инглизча Букер мукофотига қиёслаб тузилган. Мукофот рус тилида чоп этилган энг яхши асар учун топширилади.
...

Абу Абдуллоҳ Рўдакий ўзи туғилиб ўсган Панжакент туманида дафн қилинган.

Абу Абдуллоҳ Рўдакий ўзи туғилиб ўсган Панжакент туманида дафн қилинган.

Рудакийнинг адабий меросидан бизгача атиги минг байт етиб келган (2 қасида, 50 рубоий, шеър, достон ва бошқалар). XII аср шоири Рашид Самарқандий биронта шоир Рудакий сингари кўп асар ёзган эмаслигини таъкидлайди. Айрим маълумотларга кўра, Рудакий бир миллион уч юз минг, бошқа маълумотларда 130 минг мисра шеър ёзган.

Муҳаммад Авфийнинг айтишича, Рудакий юзта тўплам ёзган. Қадимги манбаларда Рудакийнинг "Офтоб даврони", "Ароис ан-Нафоис" ва "Синбоднома" достонлари бўлганлиги ҳақида маълумотлар учрайди. Рудакийнинг "Модари ман", "Дар васфи Бухоро" ва "Шикоят аз пири" қасидалари бизгача етиб келган.

Абу Абдуллоҳ Рудакий фаолияти ва ижоди туфайли Мовароуннаҳр замонавий олимлар томонидан “форс шеъриятининг Ватани” деб ҳисобланади.

Панжрудага қайтган Рўдакий қолган умрини фақирликда кечирди ва 941 йилда оламдан кўз юмди.

Тожикистоннинг Панжакент туманидаги устод Рўдакий дафн этилган бу жой кейинчалик халқнинг зиёратгоҳига айланди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG