Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:51

Украина Россия билан яқин муносабат ўрнатишга ҳаракат қилмоқда


Украина пойтахти Киевдаги евроинтеграция тарафдорларининг ҳукуматга қарши намойиши.
Украина пойтахти Киевдаги евроинтеграция тарафдорларининг ҳукуматга қарши намойиши.

Украина ҳукуматининг Россия билан яқин муносабат ўрнатиш йўлидаги ҳаракати давом этмоқда. Айни пайтда, пойтахт Киевда Украинанинг Европа Иттифоқига интеграциялашиши тарафдорларининг норозилик намойиши ҳам тўхтагани йўқ.

Украина Президенти Виктор Янукович Хитойга сафаридан қайтаётиб жума куни Қора денгиз соҳилида жойлашган Сочи курорт шаҳрида Россия Президенти Владимир Путин билан учрашди.

Украина Бош вазири Микола Азаров давлат раҳбарлари сўзлашуви чоғида асосий эътибор икки давлат ўртасидаги савдо ва иқтисодий соҳадаги тўсиқларни бартараф қилишни назарда тутган “катта стратегик ҳамкорлик шартномаси”га қаратилганини айтди.

- Президентимиз Хитойдан қайтаётиб Сочида учрашув ўтказди. У ерда олдин келишилган режа асосида учрашув бўлиб ўтди. Гап асосан Россия Федерацияси билан “катта стратегик ҳамкорлик ҳақидаги келишуви”га тайёргарлик ҳақида бормоқда. Унга савдо ва иқтисодий соҳаларда мавжуд бўлган қарама-қаршиликларни йўқ қилишни назарда тутган “Йўл ҳаритаси” илова қилинади, дея баён қилди Украина Бош вазири.

Микола Азаров Сочи учрашувида Россиянинг Украинага газ етказиб бериши масаласи ҳам муҳокама этилганини қўшимча қилди.

Шанба куни Москвада Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Украина ва Россия раҳбарлари учрашувида энергетика масаласи кўтарилганини тасдиқлади. Аммо Песков давлат раҳбарлари бу борада якуний келишувга эришмаганини айтди.

Януковичнинг Хитойга ташрифи натижасида Пекиннинг Украинага ёрдам кўрсатиши ёки кўрсатмаслиги маълум қилинмади.

Украина ҳукумати бир неча миллиард долларлик қарзларини тўлаш ва Россиядан газ сотиб олиши учун ёрдамга муҳтож.

Айни пайтда Киев шаҳрида ҳукуматга қарши норозилик намойишлари давом этмоқда.

Бокс бўйича собиқ жаҳон чемпиони, мухолифат лидерларидан бири Виталий Кличко намойишчиларга Янукович ҳукумати украиналикларнинг, унинг таъбири билан айтганда, “ислоҳотлар ўтказиладиган Европа давлатида яшаш умидини чиппакка чиқаргани”ни урғулади.

Украинада евроинтеграция тарафдорларининг оммавий намойишлари ўтган ой президент Янукович Европа Иттифоқи билан савдо ва ассоциацияга киришиш битимини имзолашни рад қилиб Россия билан яқин муносабатлар ўрнатишни ваъда қилганидан кейин бошланган эди.

Москва Украинанинг Россия етакчилигидаги Божхоналар Иттифоқига қўшилиши ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни камайтиришини истайди.

Ғарб давлатларининг аксар сиёсатчилари қўллаб-қувватлаётган Киевдаги намойишчилар Украина ҳукуматининг истеъфога чиқишини, янги сайловлар ўтказилиши ва намойишчиларга нисбатан куч ишлатган полиция ходимлари жазога тортилишини талаб қилмоқда.
XS
SM
MD
LG