Линклар

logo-print

ҲРУ Ўзбекистон ҳукуматини барча сиёсий маҳбусларни озод қилишга чақирди


Ҳюман Райтс Уотч (ҲРУ) инсон ҳуқуқлари халқаро ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини қамоқхоналардаги барча сиёсий маҳбусларни озод қилишга чақирди.

“Ўзбекистон ҳукумати 8 декабрь - мамлакат Конституцияси қабул қилинганининг 21 йиллиги муносабати билан сиёсий айбловлар асосида қамалган барча маҳбусларни озод этиши ва уларга нисбатан қийноқлар қўлланилишини тўхтатиши керак. Бундай чора Ўзбекистон ҳақиқаттан ҳам кенг ислоҳотлар ўтказиш жараёнини давом эттириш ниятида эканини кўрсатади”, дейилади ташкилот 6 декабрь куни эълон қилган баёнотида.

Ҳужжатда Ўзбекистонда турли айбловлар билан озодликдан маҳрум қилинган ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар, зиёлилар ва мухолифат аъзоларининг исмлари келтирилган.

“Сиёсий айбловлар билан қамалганлардан 24 нафарининг соғлиги жуда ёмон ва шунча маҳбус қамақхонада қийноққа солинган ёки уларга нисбатан ёмон муносабатда бўлинган”, дейилади ҲРУ баёнотида.

Инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистон ҳукумати минглаб мустақил қарашдаги мусулмонни “диний экстремизм”, “конституциявий тузумни ағдаришга уринганлик” ва “ноқонуний диний адабиётга эга бўлганлик” каби айбловлар билан озодликдан маҳрум этгани ҳам қайд қилинган.

ҲРУ Ўзбекистон ҳукуматини сиёсий маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўлланилгани ҳақидаги барча иддаолар бўйича дархол текширувлар ўтказиш, халқаро инсон ҳуқуқлари қонунлари доирасида уларга тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш ва оила аъзолари билан учрашишига рухсат беришга чақирган.
XS
SM
MD
LG