Линклар

АЭХА инспекторлари Эроннинг ядровий объектида текширув ўтказди


Эрондаги ахборот воситалари Атом энергияси халқаро агентлиги (АЭХА) инспекторлари Теҳроннинг ядровий дастурига алоқадор иншоотларни бориб кўрганини хабар қилди.

Халқаро агентлик инспекторлари Эрон марказида жойлашган Аракдаги ядровий объектда икки йилдан ортиқ вақтдан бери биринчи марта текширув ўтказди.

Эроннинг Атом энергияси ташкилоти матбуот котиби Беҳруз Ҳамалвандийга кўра, халқаро ташкилот инспекторларининг бир кунлик текшируви якшанба куни эрталаб бошланган.

АЭХА делегациясининг Эронга ташрифи 24 ноябр куни дунёнинг олти етакчи давлати ва Эрон ўртасида эришилган келишув асосида амалга ошмоқда.

Келишувда Теҳрон олти ой давомида ўз ядровий дастурининг айрим жиҳатларини амалга оширишни қисқартириши эвазига Эронга қарши жорий қилинган санкциялар юмшатилиши назарда тутилган.

Шартномада Эрон Аракдаги оғир сувда ишлайдиган ядровий реакторда атом қуроли тайёрлаш мумкин бўлган плутоний ишлаб чиқармасликка рози бўлган.
XS
SM
MD
LG