Линклар

Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш халқаро ташкилоти Ўзбекистон расмийларини мамлакат конституцияси қабул қилинганига 21 йил тўлиши муносабати билан сиёсий сабабларга кўра қамалган маҳбусларни озод қилиш ва қийноқларга чек қўйишга даъват этди.

Ташкилот вакиллари фикрича, бундай қадам расмий Тошкентнинг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаш бўйича бонг урилаётган ислоҳотларга чиндан ҳам содиқ эканини намоён этган бўларди.

- Бизнинг асосий чақириғимиз шуки, агар президент Каримов ўзи тез-тез таъкидлаб турганидек, ҳақиқатан ҳам чинакам ислоҳотлар ўтказилишини истаётганини исботламоқчи бўлса, бу сиёсий маҳбусларнинг озод қилинишига эришиши керак. 2010 йил ноябрь ойида парламентнинг ҳар иккала палатаси олдида қилган чиқишида у ҳақиқий фуқаролик жамияти, кўп партиявийлик тизими, матбуот ва сўз эркинлигининг таъминланиши тарафдори эканини айтганини ҳаммамиз яхши эслаймиз. Бу одамларни озод қилиш орқали у чиндан ҳам жамиятда ана шундай ўзгаришлар бўлишини истаётганини кўрсатган бўларди. Чунки улар ичида жамият орасида катта обрў-эътиборга эга бўлган, ўз мамлакати ривожи учун кўп ишларни амалга оширган, ўқимишли зиёлилар, журналистлар ва диндорлар бор. Бу одамлар озод қилинишидан Ўзбекистон фақат ютган бўларди, - дейди Стив Свердлов.

Ҳюман Райтс Уотч эълон қилган сиёсий маҳбуслар рўйхатида Солижон Абдураҳмонов, Азам Фармонов, Меҳринисо Ҳамдамова, Зулхумор Ҳамдамова, Исроилжон Холдоров, Насим Исоқов, Ғайбулло Жалилов, Тўрабой (Набижон) Жўрабоев, Абдурасул Худойназаров, Ғанихон Маматхонов, Чўян Маматқулов, Зафаржон Раҳимов, Йўлдош Расулов, Бобомурод Раззоқов, Дилмурод Саййид, Неъматжон Сиддиқов ва Ағзам Турғунов сингари ҳуқуқ фаоллари, Муҳаммад Бекжон, Ботирбек Эшқўзиев, Руҳиддин Фахруддинов, Хайрулла Ҳамидов, Баҳром Иброҳимов, Мурод Жўраев, Даврон Қобилов, Матлуба Каримова, Самандар Қўқонов, Ғайрат Меҳлибоев, Эркин Мусаев, Юсуф Рўзимуродов, Қудратбек Расулов, Рустам Усмонов, Равшанбек Вафоев ва Акром Йўлдошев каби ёзувчилар, зиёлилар, мухолифатчилар ва диндорларнинг исмлари зикр этилган.

Уларни санаб ўтаркан, Ҳюман Райтс Уотч вакили Стив Свердлов мазкур рўйхатга қўшилган янги номларга ҳам қисқача тўхталиб ўтди.

- Хабарномамизда шу йилнинг ўзида сиёсий сабабларга кўра қамалган яна янги тўрт шахс номини келтириб ўтганмиз. Бундай кишилар сони янаям кўп бўлиши мумкин, бироқ биз ўзимизда мавжуд маълумотлардан келиб чиққанмиз. Булар “Эзгулик” жамиятининг Бухородаги вакили Бобомурод Раззоқов, Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянсининг Фарғона водийсидан бўлган аъзоси Неъматжон Сиддиқов, Озодлик радиосининг фаол тингловчиларидан бири бўлган ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланган Тўрабой Жўрабоевлардир. Яна Ўзбекистон халқ ҳаракатининг вакили ва биздаги маълумотларга кўра, ҳали суди бўлиб ўтмаган Қудратбек Расулов ҳам бор. Албатта, биз бу рўйхатимизга одамларни зўравонликка чақирмаган ва ҳеч қачон зўравонлик билан шуғулланмаган кишиларни киритганмиз, - дер экан Стив Свердлов номлари келтирилган шахслар сиёсий сабабга кўра қамалганларнинг жуда кичик қисми эканини, Ўзбекистон қамоқхоналарида фарқли диний қарашлари учун қамалган яна минг-минглаб маҳкум азоб чекаётганини қўшимча қилади.

Ҳюман Райтс Уотч вакили бу муаммолар ҳақида ҳар куни гапириш кераклигини таъкидларкан, айни пайтда “Конституция куни каби саналар ўзбек расмийлари учун мамлакатда инсон ҳуқуқлари борасидаги вазиятни ўнглаш бўйича саъй-ҳаракатларнинг бошланиш нуқтаси бўлиши мумкин эди”, дейди.

Жаноб Свердловга кўра, расмий Тошкент бу борадаги ҳаракатларни БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси мустақил экспертлари томонидан шу йил октябрь ойида берилган тавсияларни турмушга татбиқ этишдан ҳам бошлаши мумкин эди. Акс ҳолда, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти билан боғлиқ муаммо оғизда ва қоғозда қолиб кетаверади.

- Ҳақиқатан ҳам бу вазият аянчлилиги бўйича аллақачон ўзининг авж нуқтасига чиқиб бўлди. Ва биз эндиликда бор куч-ғайратимизни ишга солган ҳолда, Ўзбекистон ҳукумати билан биргаликда бу муаммони ҳал қилишимиз лозим. Чунки мамлакат бундан буён, жиддий муаммоларни елкасига ортган ҳолда, бундай йўлдан кетолмайди, - дейди Стив Свердлов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG