Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:21

Швецияда болалари олинган қочқин ўзбек ота-она озод қилинди


Оиласида катталар ҳижоб ўрашни ўргатаётган ёш чечен қизи.
Оиласида катталар ҳижоб ўрашни ўргатаётган ёш чечен қизи.

Швецияда болаларига тазйиқ ўтказди, деган даъво билан давлат идоралари томонидан 4 фарзанди вақтинча олиб қўйилган қочқин ота-она ҳибсдан озод қилинди. Исм-фамилияси сир сақланган ўзбек оиласи ахборот воситалари билан мулоқотдан бош тортмоқда. Айни пайтда уларнинг 4 фарзанди ҳануз швед оиласида қолмоқда.



Ота-она озод бўлди, аммо болаларига кўрсатилмади

Швецияда болалар ижтимоий ҳимояси билан шуғулланувчи давлат идорасининг фарзандларига тазйиқ ўтказди, деган даъвоси билан ҳибсга олинган ўзбек ота-она озод қилинди.

Озодлик исм-фамилиясини сир сақлаётган бу қочқин оила ахборот воситалари билан мулоқотдан бош тортмоқда.

Бу оила билан кўришган ва бугунги аҳволидан хабардор бўлган журналист Тўқлин Қораевнинг Озодликка айтишича, полиция нима асосда уларни ҳибс қилгани очиқланмаяпти.

Айни пайтда бу оиланинг каттаси 13, кичиги эса 2 ярим ёшда бўлган 4 фарзанди ҳануз швед оиласида қолмоқда.

Озодлик мухбири қочқин оиланинг 13 яшар қизи билан яна боғланди ва қизалоқнинг айтишича, 4 бола тез орада ота-онасининг бағрига қайтиш ниятида кун кечирмоқда.

“Бизни ота-онамиз урмаган, сўкмаган. Биз ота-онамиз билан яшашни хоҳлаймиз. Бизни сешанба куни кўриштирамиз, деб ваъда қилишган эди. Лекин кўриштиришмади. Энди чоршанба куни кўриштиришмоқчи, шуни кутяпмиз”, деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда ота-онасидан ажратилган 4 боланинг тўнғичи бўлган 13 яшар қизалоқ.

Бу қизалоқ ва унинг ота-онаси билан суҳбатлашган Тўлқин Қоревнинг айтишича, келгуси ҳафта якунига қадар болалардан уч нафарининг ўз оиласига қайтариб берилиши кутилмоқда.

- Учта болани ота-онасига қайтариб беришаркан, бу ҳақда ота-онасига хабар беришибди. Лекин тўнғич қиз швед оиласида қолади, деган гап бор. Аниғини билмайман, лекин, - дейди журналист.

Қуйида журналист билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:19 0:00
Бевосита линк


Ота-она қўшнининг полицияга шикояти боис болаларидан ажратилди

Швеция шимолидаги Тимро шаҳрида яшовчи ушбу ўзбек оиласи хонадонида якшанба куни бақир-чақир овози эшитилгани, ота-оналари фарзандларига дўқ қилгани ҳақида қўшнилари полицияга арз қилди.

Шундан сўнг полиция ўзбекистонлик эр-хотинни сўроққа олиб кетди, уларнинг уч қизи ва бир ўғлини швед оилалари қарамоғига топширди.

Агар, ота-оналарининг қўпол муносабатда бўлгани тасдиқланса, Швециянинг ижтимоий ҳимоя идоралари бу оиланинг фарзандларини бутунлай олиб қўйиши тайин.

Тимро шаҳрида яшовчи ўзбекистонлик қочқин Тўлқин Қораевнинг айтишича, Швецияда ҳар қандай бола учун биринчи ғамхўр - давлат ҳисобланади. Агар болага қандайдир зулм ўтказилиши ёки уларнинг эркига халақит берувчи тақиқлар қайд этилса, давлат болани ота-онасидан олиб қўяди.

- Ёш бола "отам ёки онам мени уряпти, кечқурун сайрга чиққани қўймаяпти", деб айтдими, шу - болани тортиб олиш учун бу етарли асосдир. Боланинг биринчи эгаси бу ерда давлатдир,- дейди Тўлқин Қораев.


Швецияда ўзбек оилаларидан фарзандининг олиниши кўпаймоқда

Швецияда яшайдиган ўзбекистонлик қочқинлар сўнгги етти йил ичида шунга ўхшаш камида бешта ҳолатни эслашади.

Швециянинг Тимро шаҳрида ишлайдиган ўзбек қочқинининг учта фарзанди бундан тўрт йил аввал ижтимоий ҳимоя идоралари тарафидан олинган эди.

Ўз исмини айтмаслик шарти билан гапирган ўзбекистонлик қочқин фарзандларининг олиб қўйилишини шундай эслайди.

- Қўшнилар шикоят қилган экан, отаси доим жанжал чиқаради, деб. Кейин мактабда руҳшунослар билан болаларимни сўроқ қилишибди. Шундан сўнг мактабдан олиб кетишди. Икки ой судлашиб қайтариб олдик. Унгача фарзандларим бошқа оилада яшаб туришди. Тез-тез бориб хабарини олиб турдик. Ҳозир шу фарзандарим катта бўлишган, ёнимда, - дейди Швецияда яшовчи ўзбекистонлик қочқин.

Швециянинг Линчёпинг шаҳрида яшовчи ўзбекистонлик қочқин Раҳматулло Алибоев эса қанчалик судлашмасин 15 ёшли яккаю-ягона ўғли Шоҳрухни швед ҳукумати қайтариб бермади.

Шоҳрух "мактабга яхши қатнамаётгани, соғлиги ва ривожланиши хавф остида экани, онаси унга етарли тарбия бермаётгани" борасида тушган шикоятлар асосида ижтимоий ҳимоя идоралари қарамоғига топширилган эди.

Алибоевнинг ўғли Шоҳрух июнь ойидан буён Швеция ижтимоий ҳимоя идоралари қарамоғида қолмоқда.


Норвегияда ҳам болалари олинаётган ўзбеклар бор

Норвегияда ҳам сўнгги ўн йил ичида бир нечта ўзбек оиласидан фарзандлари тортиб олинди.

Осло шаҳрида яшайдиган ўзбекистонлик Абдулла Абдураззоқовнинг айтишича, келаётган янги муҳожирлар ўз мамлакатларида одатий ҳол бўлган анъаналар доирасида ўз фарзандалрига нисбатан қаттиққўл муносабатда бўлишади.

- Ўзбекистонда фарзандига дўқ қилиш, уни уриш оддий ҳол, бу ерда ота-она ўз боласига қаттиқроқ оҳангда ҳам гапиришга ҳаққи йўқ, - дейди Абдураззоқов.


Европада боланинг ўз оиласидан олинишига қаршилик ҳам кучайди

Швециянинг Гётеборг шаҳрида жойлашган Скандинавия мамлакатларидаги инсон ҳуқуқлари бўйича қўмита болалар оилаларидан олиб қўйилишига қарши кўп йилдан бери курашиб келади.

Ушбу қўмита раҳбари, швециялик юрист Руби Ҳарролд-Клёссон Озодлик билан суҳбатда биргина Швецияда йилига 20 мингдан зиёд бола оиласидан тортиб олинишини айтади.

- Бу қадимдаги қул савдоси, дегандай гап. Илгари европаликлар Африкадан одам олиб келиб сотишган бўлса, ҳозир Швецияга келган муҳожирлар ва ҳатто, швед оилалари фарзандларини тортиб олишяпти. Бола ота-онасидан тортиб олинар экан бу боаларга руҳий травма бўлади. Ота-оналар қўпол муносабат қилади, деб оиласидан тортиб олинган болалар бундан-да баттар аҳволга тушиб қолгани, қабул қилиб олувчи ота-оналари тарафидан зўрлангани ҳолатлари ҳам кўп бўлган,- дейди Руби Харролд-Клёссон.
XS
SM
MD
LG