Линклар

logo-print

Ўзбекистонда мобил алоқа сифати тушиб кетганининг асосий сабаби мамлакат бўйлаб электр таъминотидаги узилишлардир. Ўзини UCell ширкати менежерларидан бири, дея таништирган шахс Озодликка мурожаат қилиб, ана шундай фикрни билдирди. Унинг айтишича, UCell ва мамлакатдаги бошқа мобил операторлари бу вазиятда алоқа сифатини яхшилай олиши имконсиздир.


Суҳбатдошимиз Ucell билан боғлиқ бошқа муаммоларни ҳам изоҳлаб беришга уринди.

Ўзини UCell ширкати менежерларидан бири деб иддао қилган суҳбатдошимиз, шахси ва овози очиқланмаслиги шарти билан гапириб, Озодлик сайтида “Юсел операторлари фақат роботлар!" сарлавҳаси остида эълон қилинган мақола бизга мурожаат қилишига сабаб бўлганини билдирди.

Суҳбатдошимизни шартли равишда Илҳом, деб аташга келишиб олдик.

“Сайтингизда Юселда фақат роботлар ишлайди, қабилидаги мақола чиқди. Мен шунинг учун вазиятга аниқлик киритишни истар эдим. Абонентларимиз бизга қўнғироқ қилишда қийналаётганларини айтишмоқда, бунинг бошқа сабаблари бор. Ҳозир ҳақиқатан алоқа сифати тушиб кетган, лекин бу мамлакат бўйлаб электр таъминотида мунтазам узилишлар бўлаётгани билан боғлиқдир. Биз маҳаллий электр тармоғи идораларига олдиндан пулини ўтказиб қўйишимзга қарамасдан, антенна станцияларимизни электр билан таъминлаб беришмаяпти. Биз вазиятни ўзимиз назорат қила олмаяпмиз”, дейди Илҳом.

Унинг айтишича, UCell операторига қарашли антенна станциялари батареялар билан таъминланган, лекин улар станциянинг ишлашини электрсиз ярим соат таъминлай олади. Мамлакатнинг жанубий минтақаларида антенна станциялари қуёшли батареялар билан ҳам таъминланган, лекин уларнинг қуввати станцияларни узлуксиз ишлаб туришини таъминлаб беришга етмайди.

Илҳомнинг яна айтишича, алоқа сифатининг пасайиши кейинги бир йил давомида Ucell абонентлари сонининг кескин ошгани вазиятида, янги антенна станцияларни ўрнатишга рухсат берилмаётганидир.

“Алоқа сифати, айниқса, кечқурун одамлар уйга қайтиб Интернетдан фойдалана бошлаган пайтда пасаяди. Кечқурун мобил Интернетдан фойдаланиш ошади. Ҳозир абонентларимиз сони 10 миллиондан ошди. Алоқа сифатини таъминлаш учун янги антенналарни ўрнатишимиз керак, лекин тегишли идоралар янги антенна ўрнатишга рухсат бермаяпти. Ҳозир Билайнга янги антенна ўрнатишга рухсат беришди, биз ҳам кутиб турибмиз. Лекин бунда ҳам муаммо тўлиқ ҳал бўлиши учун электр таъминоти яхшиланиши керак”, дейди ўзини Ucell ширкати менежери, деб таништирган суҳбатдошимиз.

Ўзбекистонда электр тақчиллиги жиддий муаммо бўлиб турибди, Ucell ширкати бу муаммони ҳал қилиш устида бош қотиряптими, деб сўрадик Илҳомдан.

“Бу ҳақда ўйлаяпмиз. Масалан, кучли электрогенераторларни ўрнатишни ўйладик, лекин мамлакат бўйлаб станцияларимиз сони шунчалик кўпки ва уларнинг ҳар бирига қимматбаҳо генераторларни ўрнатиш қимматга тушиб кетяпти. Бу абонентлар учун нархларнинг ошишига олиб келиши мумкин. Ундан кейин бундай генераторлар ёқилғида ишлайди, ҳозир кўриб турибсиз, Ўзбекистон бўйлаб бензин ва дизел тақчил бўлиб турибди. Бу шароитда генераторлар билан ҳам муаммо ҳал бўлишига кафолат бериш қийин”, дейди Илҳом.

Кейинги пайтларда ўзбекистонлик мобил алоқа фойдаланувчилари операторлар уларнинг ҳисобидаги пулларни “ўғирлаб қўяётганидан” шикоят қилишмоқда.

Суҳбатдошимиздан Ucell оператори абонентлар ҳисобидаги маблағларни ўзлаштираётганига доир айбловлар борасида ҳам сўрадик. Унинг айтишича, бу айбловларда асос йўқ.

“Бизга ҳам абонентлар кўп телефон қилишади, ошиқча ҳақ олгансиз, бунча гаплашмаганман, деб. Лекин уларга нима учун ҳақ олингани, ким билан, қачон ва қанча гаплашганларини кўрсатиб берганимиздан кейин, ҳа тўғри, деб қолишади. Абонентларнинг ўзлари билиб-билмай турли хил пуллик хизматларга обуна бўлишади. Масалан, гороскоп, об-ҳаво прогнози каби турли провайдерлар тақдим қиладиган хизматлар бор. Бу провайдерлар абонентларга бизнинг хизматимизга обуна бўлинг, деган СМС юборади. Абонентлар бу хизматлар учун кундалик равишда ҳақ олинишини ҳисобга олмай обуна бўлишади. Абонентлар бу хизматни ўчириб қўйинг, деб бизга айтмагунча, уни ўчиришга ҳаққимиз йўқ. Чунки бу абонент билан контент-провайдер ўртасидаги олди-берди ҳисобланади”, дейди Илҳом.

Кейинги бир йил давомида Ўзбекистонда мобил алоқа сифати сезиларли даражада ёмонлашгани кузатилмоқда. Мутахассислар буни ўтган йили Россиянинг МТС ширкати фаолияти тўхтатилгани билан боғлайди.

Ёпилгунига қадар Ўзбекистонда энг йирик мобил алоқа оператори бўлган МТС ширкатининг 10 миллиондан ортиқ абоненти Ucell ва Билайн ширкатларига ўтиб кетган эди.
XS
SM
MD
LG