Линклар

Мойбулоқлик она-бола “движок” ускунаси қурбони бўлди


Кейинги йиларда электрогенераторлар ўзбекистонликлар орасида оммабоп бўлиб бормоқда.

Кейинги йиларда электрогенераторлар ўзбекистонликлар орасида оммабоп бўлиб бормоқда.

2013 йилнинг 5 декбрь куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани Мойбулоқ қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Чирик қишлоғида яшовчи Эшматовлар хонадонида 4 киши — хонадон бекаси Жамила ва унинг 3 нафар фарзанди Хитойда ишлаб чиқарилган электр қуввати етказиб берувчи мослама (движок)дан ажралган ис газидан заҳарланди.


Хонадон соҳибининг 4 яшар ўғли Каттақўрғон тумани Марказий шифохонасининг реанимация бўлимида 5 декабрь куни, хонадон соҳибаси, 31 яшар Жамила эса 6 декабрь куни оламдан ўтди.

Бу ҳақдаги хабарни Озодликка етказган тингловчига кўра, хонадонда 10 декабрь куни хатна (суннат) тўйи ўтказилиши белгиланган бўлган. Хонадон эгалари тўйга тайёргарлик баҳонасида движок мосламасини энг юқори кучланишга қўйган ва керосин истеъмолидан ажралган ис гази мосламага яқин хонада ухлаган кишиларни заҳарлаган.

“Улар движокдан фойдаланишда техник хавфсизлик қоидаларига амал қилишмаган. Мосламани уй ичига қўйишган. Натижада эрталабгача ажралган ис гази толиқиб ухлаб қолган хонадон эгаларини заҳарлаган. Хайриятки, икки боланинг жони омон қолди. Болани 5 декабрда, аёлни 7 декабрда тупроққа бердик”, деди мойбулоқлик фуқаро.

Ҳодиса юзасидан Каттақўрғон тумани прокуратураси ва ички ишлар бўлимининг навбатчилик қисми изоҳ беришни истамади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 21 йиллиги тантаналари муносабати билан 7 декабрь куни Тошкентдаги Форумлар саройида нутқ сўзлаган Президент Ислом Каримов қишлоқ аҳолиси фаровонлиги, қишлоқ жойларида шарт шароитнинг такомиллашиб бораётгани хусусида гапирганди.

Ўзбекистонда кейинги бир неча йил давомида кузатилаётган энергетик бўҳрон, хусусан электр ва газ тақчиллиги жорий қиш мавсумида айниқса важига чиқмоқда.

Озодликка мурожаат қилаётган оддий ўзбекистонликлар электр қуввати кунига 2-3 соат берилаётгани, табиий газ эса умуман узиб қўйилганидан шикоят қилишмоқда.

Электр қуввати ва газ тақчиллиги билан боғлиқ муаммонинг кескинлашиб бораётгани ўзбекистонликлар норозилигини кучайтирмоқда.

30 ноябр куни Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл тумани марказида 400 нафарга яқин аёл газ берилмаётганига норозилик билдириб, автомобил йўлини тўсиб қўйди.

Самарқанд шаҳридаги Сартепа мавзесининг Хўжасоат маҳалласи хотин-қизлари 5 ноябрь куни газ ва чироқ йўқлигига норозилик тариқасида автомобил йўлини тўсганидан сўнг маҳаллага газ берила бошлаган эди.

Озодлик бу йил янада кучайган энергетик тақчилликка оид мурожаатлар, шикоятлар ва хабарларни ZIMISTON-UZ блогига жамлашга киришди. Бизга боғланинг, хабарларингизни йўлланг! Биргаликда муаммо кўламини аниқлаш ва ечимини топишга уриниб кўрамиз! Ozodskype, @ozodlik, ozodlikmail@gmail.com, WhatsApp + 420 608 549 460

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG