Линклар

logo-print
Тошкентда Конституция қабул қилинганининг 21 йиллигига атаб мамлакатдаги энг йирик савдо маркази - MAKRO гипермаркети очилди. Озиқ-овқат ва кийим-кечак дўконлари, кўнгилочар ўйинлар маркази ва 5D кинотеатри бўлган тўрт қаватли савдо марказининг пойтахтдаги MEGA PLANET гипермаркетидан икки баробар катта экани айтилмоқда.


Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида 8 декабрь - Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишлаб мамлакатдаги энг йирик савдо маркази очилди.

Умумий майдони 5 минг 500 квадрат метр бўлган яп-янги 4 қаватли савдо маркази “MAKRO гипермаркети” деб номланди.

8-декабрь куни ишга тушган савдо марказининг 1-қавати – озиқ-овқат ва хўжалик маҳсулотлари сотиладиган MAKRO дўконига ажратилган.


Ушбу дўконда ишлайдиган бир неча ходим Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда илк кунларданоқ одам гавжумлигини айтди.

“Нима хоҳласангиз, ҳамма нарса бор. Озиқ-овқат, рўзғорда керак бўладиган майда-чуйда нарсалар. 28 та касса бор”, деди озиқ-овқат дўконида иш бошлаган ходимлардан бири.

MAKRO гипермаркети яна бир ходими дўконни мамлакатдаги энг катта дўкон, деб таърифлади ва ҳозирча 2-, 3-, 4- қаватлари тўлиқ ишга тушмаганини айтди.

“MEGA PLANET дан икки баробарга каттада. Иккинчи қават тўлиқ кийим-кечак бўлади. У ерда ҳамма брендлар бўлади. Секин-секин очилаяпти дўконлар, аренда. Учинчи қават игровой площадкалар бўлади, тўртинчи қаватда кинотеатр ва овқатланадиган жойлар бўлади. Бизники биринчи қаватда”, деди MAKRO гипермаркетининг ўзини таништирмаган ходими.

Бу айни номда Тошкент, умуман Ўзбекистонда очилган бешинчи ва энг йирик савдо дўконидир.


“MAKRO” номи остида ишлаётган озиқ-овқат ва баъзи уй-рўзғор ҳамда хўжалик моллари дўконларининг яна бири Юнусобод туманидаги MEGA PLANET гипермаркетининг ичида жойлашган.

Қолган 3 та дўкон Қибрай, Олмазор ва Мирзо Улуғбек туманларида жойлашган.

Олмазор туманидаги MAKRO супермаркети ходими ҳам харидор гавжум эканини айтди.

“Савдо доим бор, одам кўп. MAKROларнинг ҳаммаси супермаркет, унақа кичкинаси йўқ. Лекин каттаси шу Самарқанд дарвозада кеча очилгани. У гипермаркет”, деди дўкон ходими мухбир билан микрофонсиз суҳбатда.

Савдо дўконининг бир неча шохобчаларидаги ходимлардан олинган маълумотга кўра, MAKRO савдо дўконлари тармоғи “MAKRO MARKET” номи остидаги хусусий ширкат томонидан очилмоқда.

Бироқ, бу ширкат ҳақида ҳеч бир аниқ маълумот бермаган ходимлардан бири MAKRO савдо дўконлари тармоғини ҳам MEGA PLANET гипермаркети эгаларига боғлади.


“Ҳозир бошлиқларимиз банд. Лекин MEGA PLANETга телефон қилинг, ўшалар билишади. Бошлиқларимиз бир, деса ҳам бўлади”, деди ўзини таништирмаган ходим.

Аммо, MEGA PLANET савдо тармоғи идорасидагилар бу маълумотни тасдиқламади, айни пайтда инкор ҳам қилмади.

“Бу ҳақда сизга ахборот беролмаймиз”, деди қисқагина жавоб берган MEGA PLANET вакили.

Озодликнинг Тошкентдаги манбасидан олинган маълумотга кўра, мамлакатдаги энг йирик гипермаркет саналган ҳар икки савдо дўкони эгаси бир экани ҳақида норасмий маълумотлар бор.

“Менинг бир танишим MEGA PLANET дўконида ишлайди. Янги гипермаркетни Конституция кунига очиш керак, деган топшириқ бўлган экан, шекилли. MEGA PLANETдаги сотувчиларнинг бир қисмини MAKROга олиб боришган. Кейин иккала дўконда ҳам сотувчилари бир хил кийимда. MEGA PLANET даги сотувчилар “Янги гипермаркет ҳам бизнинг хўжайинларники”, деб юришибди”, деди тошкентлик манба Озодлик билан суҳбатда.


MEGA PLANET савдо мажмуаси эса 2011 йилда очилган ва мамлакат тарихидаги илк гипермаркет ҳисобланади.

Тўрт қаватлик савдо марказида 50 дан ортиқ дўкон¸ 5D кинотеатр ва кўнгилочар масканлар бор.

2012 йилда бу гипермаркет ишчиларининг савдо марказида меҳнат қонунлари бузилгани ҳақида Ўзбекистон касаба уюшмаси федерациясига шикоят қилгани Озодликка маълум бўлган эди.

Бу шикоят ортидан суриштирув чоғида Озодлик мухбири норасмий манбалардан савдо марказининг эндиликда марҳум ҳукумат мулозими Алишер Азизхўжаевга тегишли экани ҳақидаги маълумотларни олган.

Ўшанда MEGA PLANET савдо маркази юқори мартабали мулозимлар ëрдамида солиқ¸ прокуратура ва бошқа тафтишчилар ҳуружидан ҳимоя қилиниб дахлсиз ҳудудга айлантирилгани иддао қилинган ва бу иддаолар савдо маркази ходимлари томонидан қисман тасдиқланган эди.

Бироқ, Озодлик бу маълумотларни расмий манбалар орқали ҳануз тасдиқлай олгани йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG