Линклар

logo-print

Тошкентнинг Юнусобод туманида янги масжид қурилиши бошланди


Тошкентнинг Шайхотохур туманида қурилган "Кўкча" жоме масжиди.

Тошкентнинг Шайхотохур туманида қурилган "Кўкча" жоме масжиди.

Тошкентнинг Юнусобод туманида янги жоме масжидини қуриш ишлари бошланди. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси маълумотига кўра, фойдаланишга топширилганидан кейин масжид биноси ичида икки минг, ташқи сатҳи билан бирга ўн минг мусулмон намоз ўқиши мумкин бўлади.



Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур Озодлик билан суҳбатда Юнусобод туманидаги “Минор” қабристони ёнида янги масжид қурила бошлаганини тасдиқлади.

- “Минор” қабристони ёнида қурилаётган жоме масжид президентимизнинг махсус қарорлари билан бошланди. Охирги муддати, бу масжид 2014 йилнинг 1 декабрида ишга тушиши керак.

Шайх Абдулазиз Мансурга кўра, Бодомзор масжиди “Минор” қабристонидан узоқроқ бўлгани учун аҳоли эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда қабристон ёнига янги масжид қуриш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Юнусободда қурилаётган янги масжидни россиялик ўзбек миллиардер Алишер Усмонов молиялаштиряпти, деган гап-сўз тарқалди.

Бироқ дин уламоси бу иддаони тасдиқловчи ҳужжатни кўрмаганини, янги масжид давлат бюджети ва Ўзбекистон Мусулмонлари идораси маблағи ҳисобига қурилаётганини айтди.

- Бундай миш-мишлар бор. Лекин расмий ҳужжатлар йўқ. Ўша ерда ишлаяпмиз. У кишини (таҳр.: Алишер Усмоновни) ҳали кўрганимиз йўқ. Ўша қабристонда хилхоналари бор. Ота-оналари, бази хеш-ақраболари, жиянлари кўмилган. Ўша нуқтаи назардан одамлар гап қилиб туришибди. Лекин ҳали биз у кишининг масжидга алоқалари борлигини билганимиз йўқ, деди шайх Абдулазиз Мансур.

Янги масжид фойдаланишга топширилганидан кейин бино ичида бир вақтнинг ўзида икки минг нафар, ташқи сатҳи билан бирга ўн минг нафар мусулмон намоз ўқиши мумкин бўлади.

Айни пайтда, шайх Абдулазиз Мансур у ерда талабаларни ўқитиш, маслаҳатхоналар очиш, малака ошириш, илмий-маърифий мақсадларда фойдаланишни кўзда тутган лойиҳалар ҳам ишлаб чиқилаётганини қўшимча қилди.

Ижтимоий тармоқларда Юнусободда қурилаётган янги масжид экани айтилаётган фотосуратлар тарқалди.

​Бироқ Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Интернетдаги суратлар Юнусободдаги масжид эмаслигини айтди.

- Одамлар бундан олдин ҳам бошқа қурилаётган масжидлар лойиҳаларини чизиб яхши ниятда Интернетга чиқариб юборишган. Қурилиш ҳали кўзга кўрингани ҳам йўқ. Ердан энди бир метр кўтарилди. Шунинг учун бу масжид тўғрисида, унинг шакли тўғрисида гапиришга эртароқ. Бундай шов-шувлар доим бўлаверадиган нарса. Интернетларда тарқатилган нарсалар тахминий, одамларнинг ўзлари чизган нарсалар, дейди шайх Абдулазиз Мансур.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистонда беш мингга яқин масжид очилган. 1995 йилдан кейин уларнинг ярмидан кўпи рухсатсиз очилгани ва санитария талабларига жавоб бермаслиги сабабидан ёпиб қўйилган.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозир Ўзбекистон бўйича 2037 та жоме масжиди, жумладан Тошкент шаҳрида 115 та жоме масжиди фаолият кўрсатмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ўзбекистон ҳукуматини давлат назоратида бўлмаган масжидларда фаолият юритаётган диндорларга тазйиқ ўтказиб, минглаб мусулмонни озодликдан маҳрум этганликда айблаб келади.

Ҳюман Райтс Уотч (ҲРУ) инсон ҳуқуқлари ташкилоти 8 декабрь - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 21 йиллиги муносабати билан жума куни эълон қилган баёнотида Ўзбекистон ҳукумати минглаб мустақил қарашдаги мусулмонни “диний экстремизм”, “конституциявий тузумни ағдаришга уринганлик” ва “ноқонуний диний адабиётга эга бўлганлик” каби айбловлар билан озодликдан маҳрум этгани қайд қилинган.

Ҳюман Райтс Уотч Ўзбекистон расмийларини сиёсий сабабларга кўра қамалган барча маҳбусларни озод қилиш ва қийноқларга чек қўйишга чақирган.
XS
SM
MD
LG