Линклар

logo-print

Москва полицияси ўзбекистонлик аёл қаерда сақланаётганини яширмоқда


Москвада “Ат Такфир вал-Ҳижра” ташкилотига аъзоликда айбланиб, ҳибсга олинганлар орасида ўзбекистонлик аёл бўлгани аниқланди.

Москвада “Ат Такфир вал-Ҳижра” ташкилотига аъзоликда айбланиб, ҳибсга олинганлар орасида ўзбекистонлик аёл бўлгани аниқланди.

27 ноябрга ўтар кечаси Москвада “Ат Такфир вал-Ҳижра” диний-экстремистик ташкилотига аъзоликда айбланиб, ҳибсга олинган 14 шахс орасида ўзбекистонлик аёл бўлгани аниқланди. Ўзбекистонлик муслиманинг яқинлари у ҳеч қандай экстремистик ташкилотга аъзо эмаслигига ишонишлари ва ҳозирда полиция унинг қаерда сақланаётганини яшириб келаётганини айтишмоқда. “Такфирчилар” ишини кузатиб бораётган мутахассислар Москва полицияси ва ФСБ мусулмонларга қарши яна бир ишни сохталаштираётганига шубҳа қилмасликларини айтмоқда.


“Онамни нимада айблашаётгани номаълум...”


27 ноябрга ўтар кечаси Москва шаҳар Ички ишлар бошқармаси, Россия Федерал хавфсизлик хизматининг ҳамкорликдаги махсус амалиёти натижасида пойтахтнинг Косино-Ухтомское туманидаги квартиралардан бирида 14 нафар фуқаро ҳибсга олинган эди.

Видеотасвирга олинган амалиёт давомида жангчилар Шимолий Кавказ, Ўзбекистон, Тожикистон, Россиянинг Москва ва Белгород вилоятларидан келиб шаҳарда истиқомат қилаган шахслар қўлга олингани айтилди.

(Видео Москва шаҳар ИИБ томонидан тақдим қилинди)

Озодлик мухбири ижарага олинган квартирада ҳибс этилганлар орасида бир нафар Ўзбекистон фуқароси бўлганини аниқлади.

53 ёшли самарқандлик Матлуба Насимова 8 фарзанднинг онаси ва унинг аллақандай ташкилотларга аъзо бўлгани на вақти ва на имконияти бор эди, дейди Озодликка онасининг қаерда сақланаётганини аниқлай олмай сарсон бўлганини гапирган аёлнинг ўғли Олимжон.

- Онам Москвада одамларнинг уйини тозалаб юрардилар, домработница эди. У киши 2009-2010 йиллардан бери шу ерда, Москвада. Ўзлари Самарқанд шаҳридан, Косино-Ухтомскоеда турар эдилар. 26-дан 27 ноябрга ўтар кечаси бир сутка алоқага чиқмадилар. Билмадим ким олиб кетганини, полиция бўлса керак. Мен қидириб бордим онамни – квартирада ҳеч ким йўқ экан.Ўша ердаги полициячидан сўрасам, ҳеч ким билмайди қаерда эканини,- дейди Олимжон Насимов.

Онасининг қаерга олиб кетилганини квартирада юрган полиция ходимларидан сўриштиришга уриниб кўрган Олимжоннинг ўзи ҳам Косино-Ухтомское полиция бўлимига олиб кетилган ва “безорилик” айби билан 7 сутка қамалиб чиққанини айтди.

У 7 кунлик қамоқдан чиқиши биланоқ, онасининг қаерга олиб кетилганини аниқлашга киришади.

- Петровка, 38 га келиб хотиним сўраса, “Шу ерда!”, деб айтишган. Мен турмада эканимда – 2 декабр куни - передачка олганлар. Бу Москва бўйича Ички ишлар бошқармасида. Ҳеч ким билмайди онам нимада айбланяпти, нима айб... Онам ўша квартирада битта хонани ижарага олиб яшаганлар, бошқа иккита хонада кавказликлар турарди. Мен уларни танимайман, уларни ҳам олиб кетибди,- дейди полиция ва ФСБ ҳанузгача Ўзбекистон фуқароси Матлуба Насимовани нимада айбланаётганини очиқламаётгани ва ҳатто қаерда сақланаётганини яширишга уринаётганини Озодликка гапириб берган Олимжон.

Россия ИИВ: “Бу шахслар Москвада портлаш уюштиришга ҳозирланган!”

Озодлик Москва шаҳар полиция бошқармасидан олган маълумотга кўра, 27 ноябр куни “Косино-Ухтомское туманидаги амалиёт натижасида квартиралардан бирида “Ат Такфир вал-Ҳижра” диний-экстремистик ташкилотининг 14 нафар аъзоси ҳибсга олинган”.

“Зубр” махсус гуруҳи ўтказган амалиёт ва 28 ноябр куни ўтказилган “қўшимча тинтув” натижасида тергов қизиқишини ўзига тортган ҳужжатлар, банк карталари, мобил телефонлар ва экстремистик материаллар федерал рўйхатига кирувчи адабиёт ва видеоёзувлар мусодара қилинган.

29 ноябр куни пойтахтнинг Преображенский туман суди Ўзбекистон, Тожикистон, Ингушетия, Қалмиқистон ва Доғистондан келган 15 шахсни “Ат Такфир вал-Ҳижра” диний-экстремистик ташкилотига аъзоликда айблаб, 2014 йилнинг 27 январигача ҳибсда қолдириш тўғрисида қарор қилди.

Бироқ расмий хабарда, Россия Федерацияси Ички ишлар бошқармаси расмий вакили Владимир Коновалов ушланганлар Россия Жиноят Кодексининг 222-моддаси 3-қисми, яъни “уюшган гуруҳ таркибида қурол ва портловчи моддалар ноқонуний сақлашда”гумонланаётганини билдирди.

- Тинтув давомида бу ташкилот аъзоларидан учта детонаторли қўлбола портловчи мослама ва шикаст етказувчи таркиби, бу мосламани жойлаштириш учун камар – “шаҳидлар камари”, шунингдек детонаторлар, шнурлар, портлатувчи асбоблар каби портловчи мослама компонентлари мусобадар қилинди,- дея маълум қилди полиция расмийси Владимир Коновалов.

Полиция бошқармаси тақдим этган видеолавҳада ҳибс этилган бу гуруҳни “шаҳид бўлишга тайёргарлик кўраётган аёл бошқаргани” айтилади.

Рустам Жалилов: “Бу полиция ва ФСБнинг навбатдаги ўйини бўлиши мумкин”

Бироқ, “Ат Такфир вал-Ҳижра” ишини кузатиб бораётган мутахассислар буни полиция ва Федерал Хавфсизлик хизматининг мусулмонларга қарши қаратилган навбатдаги фитнаси ўлароқ баҳоламоқда.

“Кавполит.ру” Интернет нашри журналисти Рустам Жалилов Озодлик билан суҳбатда нима сабабдан хонада 14 киши ушланганига қарамасдан суд залида 15 киши ўтирганини тушунтирди.

“У ерда яшаган 15-чи шахс амалиёт куни бошқа жойда бўлган”, дейди Рустам Жалилов.

- Нима сабабдан айнан шу ташкилот “аниқланиб қолгани”ни тушунтиришим қийин, лекин “Кавполит” таҳририятига мурожаат қилган хонада яшовчилардан Арсамак исмли йгитлардан бирининг айтишича, уларнинг бирор жиноий, диний ташкилотларга аъзолигини тасаввур қилиш қийин. У квартирада турли жойларда ишловчи ва турли мамлакатлардан келган, шунчаки ижарага жой олиб яшовчилар бўлган. Мен гаплашган одамларнинг гувоҳлигига кўра, уларнинг “Ат Такфир вал-Ҳижра”га алоқадорлигига ишониш қийин. Бу ташкилот биринчи маротаба бундан бир ой олдин қўлга олинган рус миллатига мансуб украиналик мусулмон ушланганида ахборот воситаларида тилга олинганини эслайман,- дейди журналист Рустам Жалилов Озодлик билан суҳбатда.

Мутахассис бу ташкилотга аъзоликда айбланаётганларда қурол-аслаҳа ва портловчи моддалар топилаётгани шубҳа туғдираётганини қўшимча қилди.

Ислом маданияти ва сиёсатини чуқур ўрганган Рустам Жалилов маълумотига кўра, 1971 йилда Мисрда ташкил топган “Ат Такфир вал-Ҳижра” ташкилоти номи “Гуноҳни ювиш ва Ҳижрат қилиш” деб таржима қилинади.

Мутахассис бу ташкилот бошқа мамлакатларда ҳеч қачон агрессив сиёсат олиб бормаган, террорчилик ҳужумларда иштирок этгани кузатилмаган, шунчаки Ислом ақидаларидан узоқлашиб кетган одамлардан узоқроқ юришга ҳаракат қилганлар томонидан маъқулланган, дейди.

2010 йилнинг 15 сентябрида Россия Федерацияси Олий суди “Ат Такфир вал-Ҳижра” ташкилоти фаолиятини Россия Федерацияси ҳудудида тақиқлаш тўғрисида қарор чиқарган.
XS
SM
MD
LG