Линклар

Украина президенти мухолифат билан музокаралар столига ўтиришга розилик берди


Украина Президенти Виктор Янукович мамлакатда вужудга келган сиёсий бўҳронни баратараф қилиш учун мухолифат вакиллари билан музокаралар столига ўтириш ғоясини ёқлаб баёнот берди.

Душанба куни эълон қилинган баёнотида Янукович Украина собиқ президенти Леонид Кравчук илгари сурган музокаралар ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Баёнотда яна айтилишича, Янукович сешанба куни Украинанинг собиқ уч президенти билан учрашиб, “мамлакат юз тутган муҳим масалаларни муҳокама қилишни” режалаштирмоқда.

Украинада қарийб уч ҳафтадан бери Януковичнинг Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик битимини имзоламасдан, Россия билан яқинлашиш қарорига қарши норозилик намойишлари давом этмоқда.

Якшанба куни евроинтеграция тарафида бўлган ярим миллионга яқин украиналик Киев кўчаларига чиқди.

Душанба куни Украина пойтахти кўчаларига, жумладан норозиликлар марказига айланган Мустақиллик майдони яқинига қўшимча полиция кучлари ташланди.
XS
SM
MD
LG