Линклар

Шу йилнинг 15 декабридан Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг яна икки янги телеканали эфирга узатила бошлайди. “Оила даврасида” ва “Диёр” деб аталадиган мазкур телеканалларнинг айни кунларда синов-тест босқичлари ўтказилмоқда.


Телерадиокомпания дирекцияси вакили бу ҳақдаги маълумотни тасдиқлади, аммо вакил телеканалларнинг эфирга узатилиши билан боғлиқ техник ишлар якунига етмай қолса, бу ишнинг янги йил арафасига қадар кечикиши мумкинлигини эҳтимоллади.

“Оила даврасида” телеканали бошқа мамлакатлардаги турдошлари каби кўнгиочар, дам олиш канали бўлса, “Диёр” мамлакатнинг сиёсий иқтисодий, ижтимоий салоҳиятини намойиш этувчи телеканал бўлиши кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Ўзбекистон телерадиокомпанияси “Ўзбекистон”, “Ёшлар”, “Тошкент”, “Спорт”, “Наво”, “Маданият ва маърифат”, “Дунё бўйлаб”, “Болажон” ва “Кинотеатр” телеканалларини эфирга узатади.

Ўтган ойда Ўзбекситон телерадиокомпанияси таркибида "Наво" ва "Кинотеатр" каналлари эфирга чиқа бошлади.

Янги очилаётган каналлар октбярь ойи охирида эфирдан олиб ташланган тўтта каналнинг ўрнига чиқаётгани айтилмоқда.

Октябрь ойида Ўзбекистонда қатор телеканаллар, жумладан, президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишлилиги айтиладиган Forum TV, TV-Markaz, NTT ва SOFTS телеканаллари тўсатдан эфирдан олинган эди.

Тошкентда битта бино ичида жам бўлган ва 21 октябрь куни эрталаб соат 10да эфирдан тўсатдан ғойиб бўлган Forum TV, TV-Markaz, NTT ва SOFTS каналлари раҳбариятига "лицензион шартларга риоя қилмаганлиги ва қайд қилинмаган пул оқимини ташкил этгани" юзасидан айбловлар илгари сурилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG