Линклар

Украина президенти мухолифат билан музокаралар бошлашга рози бўлди


Украина Президенти Виктор Янукович мамлакатда юзага келган сиёсий бўҳронга барҳам бериш учун мухолифат аъзолари иштирокида музокаралар ўтказиш таклифини қўллаб-қувватлади. Душанба куни эълон қилинган баёнотда Янукович Украина собиқ президенти Леонид Кравчук илгани сурган музокаралар ўтказиш ҳақидаги таклифни қўллаб-қувватлашини билдирган.


Виктор Янукович “мамлакат дуч келаётган муҳим масалаларни муҳокама қилиш учун” сешанба куни Леонид Кравчук ҳамда икки собиқ президент, Леонид Кучма ва Виктор Юшченко билан учрашишни режалаган.

Украинада қарийб уч ҳафтадан бери Януковичнинг Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик битимини имзоламасдан, Россия билан яқинлашиш қарорига қарши норозилик намойишлари давом этмоқда.

Бу 2004 йилги “Зарғалдоқ инқилоби”дан кейин Украинада уюштирилган энг йирик норозилик намойишлари экани айтилмоқда.

Ўтган ҳафтада эълон қилинган баёнотда Кравчук, Кучма ва Юшченко Европа Иттифоқи тарафдори бўлган намойишчиларни қўллаб-қувватлаган.

Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Кэтрин Эштон Украинадаги бўҳронни ҳал қилишда ёрдам беришга уриниб кўриш учун сешанба куни Киев шаҳрига бориши кутилмоқда

Унинг матбуот котиби Майя Кочиянчич Эштон хоним икки томон вакиллари билан учрашишини айтди.

- Мен, биринчи навбатда, Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Кэтрин Эштон хоним эртага Киевга боришини ва у ерда чоршанба куни ҳам бўлишини тасдиқлайман. Бу икки кунлик сафар бўлади.

Эштон воқеаларда иштирок этаётган асосий томонлар, яъни, ҳукумат ва мухолифат ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашувлар ўтказиши кутиляпти. Ҳозир биз кун тартиби устида иш олиб боряпмиз, деди Майя Кочиянчич.

Айни пайтда, душанба куни пойтахт Киевдаги ҳар куни намойишлар ўтказилаётган жойлар, жумладан, Мустақиллик Майдони атрофига ҳам Украина Ички ишлар вазирлиги қўшинлари ва полиция кучлари жойлаштирила бошланди.

Якшанба куни Киевнинг Мустақиллик майдонида Европа тарафдорлари уюштирган намойишда ярим миллион одам қатнашди. Норозилар ҳукумат истеъфога чиқиши ва муддатидан аввал сайловлар ўтказилиши талаб қилди.

Намойишчилар Совет Иттифоқи асосчиси Владимир Лениннинг ҳайкали тортиб ағдарди.

Шунингдек, бир гуруҳ норозилар Киев шаҳар кенгаши биносини эгаллаб олди. Бошқа намойишчилар ҳукуматнинг бир неча биноси атрофига баррикадалар ўрнатди.

Украина мухолифати лидерларидан бири, бокс бўйича жаҳон чемпиони Виталий Кличко якшанба куни Рейтерс ахборот агентлигига мухолифатнинг бошқа лидерлари билан биргада президент Янукович билан муросали музокаралар олиб боришга тайёр эканини билдирди.

Айни пайтда, полиция намойишчиларни куч билан тарқатиб юбориши таҳдиди бўлишига қарамай, Кличко одамларни Мустақиллик майдонига боришга чақирди.
XS
SM
MD
LG