Линклар

logo-print

Қирғизистонлик “Таблиғи жамоат”чилар ўз назарларида даъватни эсктремистликка тенглаштириб мақола ёзган “Алиби” газетаси журналисти Кубатбек Айбашевни судга берди. Суд жараёни ““Таблиғи жамоат” билан даъватчилар бир ташкилотми?” деган саволга жавоб топилгунига қадар вақтинча тўхтатилди.

“Таблиғи жамоат” аъзолари Қирғизистонда даъватчилар деган ном билан танилган. Даъватчилар “Алиби” газетаси мухбири Кубатбек Айбашевни диний масалага бағишланган мақоласида “таблиғчи”ларни эктремистларга тенглаштирганликда айбламоқдалар.

-Бу мақола фақат қоралашдан иборат. Бу мақола бизнинг эътиқод эркинлигимизга таҳдид бўлгани учун судга мурожаат қилганмиз. “Таблиғи жамоат” ва даъватчилар одамларни динга чақиришни мақсад қилиб олган мусулмонлар холос. Бу мақолани ёзганлар даъватчиларни қоралаб, бизнинг фаолиятимизга тўсиқ қўйилишини хоҳлаган одамлар деб ҳисоблаймиз, -деди даъвогар даъватчи Камчибек Ўмурзаков.

Журналист Кубатбек Айбашев эса ўзига нисбатан даъватчилар томонидан билдирилаётган айбловни рад этди. Унинг айтишича, у ўз мақоласида “Хизбут-Таҳрир”, “Нурчилар”, “Таблиғи жамоат” ташкилоти ҳақида ёзган ва бу ташкилотлар экстремистик ғояларни тарғиб қилиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни билдирган. Журналистга кўра, тахмин айблов ёки қоралаш эмас ва ҳар бир фуқаро ўз фикрини очиқ айтиш ҳуқуқига эга.

Қирғизистон Дин ишлари бўйича давлат қўмитаси экспертлари эса судга даъватчилар томонидан ариза берилгани ва бу иш юзасидан жараён бошланганини ноқонуний деб ҳисобламоқда.

-Судга аризани муфтият берса тўғрироқ бўлар эди. Чунки даъват ишларини муфтият бошқаради. “Таблиғи жамоат” нинг судга ариза беришига қонуний асос йўқ, чунки Қирғизистонда бундай ташкилот мавжуд эмас, у қонуний рўйхатга олинмаган, -деди Дин ишлари қўмитаси расмийси Шаршаке Усенов.

Бироқ қирғизистонлик даъватчилар суд жараёнида “Таблиғи жамоат” ва даъватчилик ҳаракати бир эканини билдирганларидан сўнг, судя бу масалага ойдинлик киритилгунига қадар жараённи номаълум муддатга тўхтатиб қўйди. Суд экспертларга “Таблиғи жамоат” ва даъватчилар бир эканини, даъватчилар “Таблиғи жамоат” номидан судга ариза бериш ҳуқуқига эга ёки эга эмасликларини аниқлаб бериш юзасидан сўров жўнатди.

Қирғизистон муфтияти мазкур суд жараёнига аралашмаслигини, бироқ кузатувчи сифатида иштирок этишини билдирган.

-Даъватчилар бизнинг назоратимизда. Бу масалани Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ўрганган, экпертлар даъватчилик ғоялари қонунга зид келмаслигини билиш учун Хиндистонгача бориб келишган. Қирғизистон муфтияти “Таблиғи жамоат” экстремист ёки террорчи ташкилот эмаслигини расман парламент минбаридан туриб эълон қилган, -деди Қирғизистон муфтияти расмийси Кубатали Тўпчубаев.

Қирғизистон муфтиятининг бундай билдирувларига қарамай, парламентнинг бир қатор депутатлари ҳуқуқ-тартибот тузилмаларидан даъватчилар фаолиятини қаттиқ назорат қилишни талаб қилмоқда. Лекин ҳозирча ҳуқуқ-тартибот тузилмалари бу талабни бажаришга ошиқмаяпти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG