Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:32

“Damas” машиналари "Mercedes" чиқара олмаган заводда йиғиладиган бўлди


“Damas” машиналари 1996 йилда Асакада завод ишга туширилганидан бери ишлаб чиқарилади.
“Damas” машиналари 1996 йилда Асакада завод ишга туширилганидан бери ишлаб чиқарилади.

GM Uzbekistan ширкати “Damas” автомобилларини йиғишни Асакадан Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманидаги заводга кўчирмоқда. GM Uzbekistan вакилининг айтишича, оммабоп “Damas” машинасини йиғишни бошқа корхонага кўчиришдан мақсад Асакадаги асосий заводда янги моделларни ишлаб чиқариш учун имкон очиш ҳамда анчадан бери тўхтаб қолган Хоразмдаги корхонада ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдир. “Хоразм автомобил ишлаб чиқариш бирлашмаси”дан йилига 40 мингта “Damas” чиқиши айтилмоқда.



GM Uzbekistan Ўзбекистон-АҚШ қўшма корхонаси 2014 йилдан бошлаб “Damas” русумидаги автомобилларни Хоразм вилояти Ҳазорасп туманида жойлашган автомобил заводида йиғиш ишларини бошлайди.

“Хоразм автомобил ишлаб чиқариш бирлашмаси”да “Damas” машиналари Асакада ишлаб чиқарилган бутловчи қисмлардан йиғилиши айтилмоқда. GM Uzbekistan ширкатининг ўзини таништирмаган вакили Хоразмдан йилига 40 мингтагача машина ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда, деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

“Damas” машинасини йиғиш Хоразмдаги заводга кўчирилмоқда. У ерда фақат йиғиш ишлари амалга оширилади. Бутловчи қисмлар Асакадан келтирилади. Ҳозирда Ўзбекистонда чиқадиган машиналар бутловчи қисмларининг 70 фоизи Асака ва бошқа корхоналарда ишлаб чиқарилмоқда”, деди GM Uzbekistan вакили.

Расмий хабарларда “Damas” машинаси 2014 йилнинг тўртинчи чорагида тўлалалигича “Хоразм автомобил ишлаб чиқариш бирлашмаси”да амалга оширилиши, яъни бутловчи қисмлар ҳам айни корхонада ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётгани айтилмоқда.

Бироқ Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган GM Uzbekistan вакили бу маълумотни тасдиқлай олмаслигинини билдирди.

Унинг яна айтишича, “Damas” машинасини йиғиш ишларини Хоразмга кўчиришдан мақсад, биринчидан Асака заводида янги моделларни ишлаб чиқариш учун конвейерларни бўшатишдир. “Бундан ташқари бир неча йилдан бери тўхтаб қолган Ҳазорасп туманидаги заводда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва у ерда янги иш жойларини очиш ҳақида ҳам гап кетмоқда”, деди суҳбатдошимиз.

7 ўриндиқли “Damas” машиналари Ўзбекистонда чиқариладиган автомобиллар орасида энг оммабопи ҳисобланади. Асосан киракашлик учун ишлатиладиган “Damas”лар кейинги пайтларда танқис бўлиб қолгани кузатилиб келган.

Паркентлик Содиқ ака ҳам бир неча йилдан бери “Damas” машинаси оламан деб навбат кутиб, охири бошқа русумдаги машинага шартнома тузишга мажбур бўлганини айтади.

- “Damas” камбағалнинг мошинаси бўлгани билан, уни олиб бўлмайди ҳозир. Мен ҳам “Damas” олишга роса ҳаракат қилдим, лекин унга шартнома йўқ деб туриб олишди. “Damas” йўқ дейишганидан кейин “Cobalt”га шартнома олишимга тўғри келди. Энди келаси йили келса керак машинам. “Damas” менимча, ё заводдан кам чиқяпти, ё таниш-билиш қилиб сотиб юборишяпти. “Damas”нинг бозори чаққон, сабаби ҳамма олиб таксичилик қилади, бошқа машиналардан кўра кўпроқ одам олади, дейди Содиқ ака.

“Damas” машиналари 1996 йилда Асакада завод ишга туширилганидан бери ишлаб чиқарилади. Машинага талаб кучли бўлгани боис, ишлаб чиқаришдан олиб ташланган бошқа моделлардан фарқли 7 ўриндиқли бу модел 2006 йилда такомиллаштирилган ҳолда ишлаб чиқарила бошлади.

Хоразмнинг Ҳазорасп туманида жойлашган “Хоразм автомобил ишлаб чиқариш бирлашмаси” собиқ иттифоқ даврида ишга тушмай қолган вертолёт заводи ўрнида 1990-йилар ўрталарида ташкил қилинган. 1995 йилда ҳукумат қарори билан бу ерда Мерседес юк машиналарини ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистон-Германия қўшма корхонаси тузилиши керак бўлган, лекин бу лойиҳа амалга ошмай қолган.

Шу йилнинг феврал ойида ҳукумат бир неча йилдан бери тўхтаб қолган заводда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида “Damas” автомобилларини йиғишни Хоразмга кўчириш ҳақида қарор қабул қилди.
XS
SM
MD
LG