Линклар

Дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакати етакчилари Нельсон Мандела билан видолашиш маросимида қатнаши учун бугун Жанубий Африка пойтахтига борди. 95 ёшида вафот этган Мендела билан видолашув маросими Йоҳанесбургдаги Soccer City стадионида ўтказилди ва бу маросим кейинги йилларда жаҳон етакчиларини бир жойга тўплаган энг йирик ҳодиса, деб баҳоланди.


10 декабрь куни Йоҳаннесбург шаҳрида 95 ёшида вафот этган демократия ва инсон ҳуқуқлари курашчиси, апартеид тузумига қарши курашган Нельсон Мандела билан видолашув маросими бўлиб ўтди.

Маросим Йоҳанесбургдаги Soccer City стадионида ўтказилди ва бу кейинги йилларда жаҳон етакчиларини бир жойга тўплаган энг йирик ҳодиса, деб баҳоланди.

Унда дунёнинг 70 дан ортиқ давлати етакчиси иштирок этди. Жумладан, маросимда чиқиш қилган АҚШ президенти Барак Обама Манделани "халқларни адолатга бошлаган буюк тарихий шахс" деб таърифлади.

Жанубий Африка Ташқи ишлар вазирлиги маросимида АҚШ Президенти Барак Обамадан ташқари Куба Президенти Раул Кастро, Фаранция Президенти Франсуа Олланд, Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон, Зимбабве Президенти Роберт Мугабе ва кўплаб бошқа давлат раҳбарлари қатнашишини расман маълум қилган.

Ўз етакчиси билан видолашиш учун Soccer City спорт майдонига минглаб африкалик йиғилди.

Жанубий Африка Республикасининг илк қора танли президенти, Нобел Тинчлик мукофоти соҳиби Нелсон Мандела пайшанба куни 95 ëшида оламдан ўтди. У анча вақтдан бери ўпка инфекциясидан даволанаётган эди.

Мандела вафоти ҳақида миллий телевидение орқали маълум қилган Жанубий Африка Президенти Жейкоб Зума “мамлакат ўзининг энг буюк ўғлидан жудо бўлди” деб таъкидлади.

Мандела Жанубий Африкадаги оқ танли аҳолига устунлик берган апартеид тузумини йиқитди ва турли ирқ ва элатлар уйғун яшайдиган демократик давлат қуришга муваффақ бўлди.

1964 йилда Мандела етти нафар сафдоши билан бирга ҳокимиятни ағдаришга уриниш айблари билан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ўша суд пайтида, Мандела ўз ҳаракатларини ёқлаб, кейинчалик машҳур бўлиб кетган тўрт соатлик нутқини сўзлаган эди.

Ўлим жазоси таҳликасига юз тутган Мандела суд раисига тик қараб, истасангиз мени осинг, дейишга журъат қилгани эди.

- Мен оқ танлиларнинг устунлигига қарши курашдим. Мен қора танлилар устунлигига ҳам қарши курашдим. Мен ана шу идеал учун яшашни истайман. Лекин Худо ҳаққи, агар ана шу идеал учун ўлиш керак бўлса, мен ўлишга тайёрман,- деган эди Мандела ўзини суд қилган ҳакамга қараб.

Судья Манделанинг бу сўзларидан кулиб, уни Роббен оролидаги машҳур қамоққа умрбод маҳкум қилади.

Қамоқдалиги пайтида Манделанинг обрўси янада ошиб, апартеидга қарши кураш ҳаракати кўлами янада ошди ва халқаро ҳамжамият диққатида бўлди. БМТ Жанубий Африка режимига қарши санкцияларни жорий қилди, халқаро майдонда бойкотлар эълон қилинди ва Мандела жаҳоннинг энг машҳур виждон тутқуни сифатида танилди.

1990 йилда у қамоқдан озод қилинганда уни миллат қаҳрамони ўлароқ кутиб олишди. Жанубий Африка учун янги замон бошланди.

Кейинги уч йил давомида Мандела мамлакатнинг ўша пайтдаги президенти Фредерик Де Клерк билан бирга апартеид тизимини йўқ қилиш ва Жанубий Африкада илк демократик сайлов ўтказишга йўл очиб берувчи ишларни амалга оширди.

Мандела ва Де Клерк бу ютуқлари учун 1993 йилда Нобель Тинчлик мкуофотига сазовор бўлди.

1994 йилда Мандела Жанубий Африканинг илк қора танли президенти этиб сайланган эди.

Дунëдаги миллионлаб эрксеварлар йўлбошчиси¸ озодлик ва демократия учун синмас курашчи тимсолига айланган Нелсон Мандела ўз умри мисолида бир киши ўз халқи учун нималар қила олишини кўрсатиб кетди.

2010 йилдан бери у туғилган кун - 18 июльни бутун дунë Нелсон Мандела куни сифатида нишонлайди.

Уни дафн қилиш маросими 15 декабрь кунига белгиланган.
XS
SM
MD
LG