Линклар

Санкт-Петербургнинг Калинин туманида ишлаётган Ўзбекистон фуқароси ўзи билан яшаган аёлни ўлдирганликда айбланмоқда. 7 декабр куни чиққан жанжал оқибатида жазавага тушган 37 ёшли ўзбек ўз маъшуқасини аввал калтаклагани, кейин устидан бензин қўйиб ёқиб юборгани гумон қилинмоқда.

2013 йилнинг 7 декабрь куни кечки соат 23:00 ларда Санкт-Петербургнинг Металлистлар проспекти 92-уйда ижарада турган ўзбекистонлик Шавкат Боботоев ва у билан яшаган Индира исмли аёл орасида чиққан жанжал икковлон учун фожеали якун топди.

“Жанжал ҳар бир оилада бўлиб турадиган оддий маиший келишмовчиликдан чиқди”, дейди Озодлик мухбирига ҳодиса тафсилотларини гапириб берган Россия Тергов Қўмитасининг Санкт-Петербург бўйича Бош тергов қўмитаси ахборот бўлими бошлиғи Сергей Капитонов.

- Улар биргаликда бир хонани ижарага олиб яшашган. Улардан бири бу хонага ўзининг қариндошини олиб келишини айтган. Жиноятни содир этганликда гумон қилинган одам бунга қаршилик кўрсатган, аёлини чала ўлик бўлгунча калтаклаган, кейин устидан бензин қўйиб, ёқворган. Ўтни ўчираман деганми, хуллас бензин тасодифан ўзининг ҳам устига сепилиб кетган. Натижада, ўзи ҳам куйган, дея тафсилотларни очиқлади Сергей Капитонов.

Тергов бошқармаси вакилининг айтишича, ҳодиса жойига етиб келган “тез тиббий ёрдам” ходимлари иккала жанжалкашни шаҳар марказий шифохонасининг реанимация бўлимига олиб борган.

“Бироқ, шифокорларнинг сайъ-ҳаракатларига қарамасдан деярли бутун танси куйиб кетган 35 ёшли Индира 8 декабрь куни тунги соат 2:45 ларда жон берди”, дея давом этади Сергей Капитонов.

- Шундай қилиб аёл касалхонада ўлди, бу кишининг ҳам 70 фоиз танаси куйгани боис аҳволи жуда оғир: яшаб кетишига ишонч деярли йўқ, деди Россия Тергов Қўмитасининг Санкт-Петербург бўйича Бош тергов қўмитаси ахборот бўлими бошлиғи Сергей Капитонов.

Мазкур ҳодиса юзасидан тергов олиб бораётган Санкт-Петербург бўйича Тергов қўмитаси томонидан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 105-моддаси 1-қисми – қотиллик юзасидан жиноий иш қўзғатилди.

Шаҳар Тергов қўмитасидан берилган маълумотга кўра, Ўзбекистон фуқароси Шавкат Боботоев соғайиб кетса, узоқ муддатга, ҳатто умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилиниши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG