Линклар

Чоршанбага ўтар кечаси Киевда юзлаб ОМОНчилар намойишчиларнинг марказий майдондаги катта лагерини тарқатиб юборишга ҳаракат қилган.

Полиция чоршанбага ўтар кечаси намойишчиларнинг баррикадаларини олиб ташлашга ҳаракат қилган, бироқ норозилар қаршилигига дош бера олмай ортга чекинган. Полиция марказий майдондаги лагерь атрофини қуршаб олган.

Норозилар уларга қарата “Шармандалик” , “Биз охиригача турамиз” каби гапларни айтиб, украинча қўшиқларни куйлашмоқда.

Озодлик радиоси украин хизмати мухбирининг воқеа жойидан билдиришича, ОМОН норозиларнинг Киев мэрияси олдидаги баррикадасини олиб ташлашга муваффақ бўлган. Бироқ полиция мэрия ичкарисида қолаётган намойишчиларни ҳайдаб чиқаришга жазм қилмаган.

Европа кенгашининг ташқи ишлар мутассаддиси Кэтрин Эштон ва АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Виктория Нуланднинг мухолифат ва ҳукумат ўртасида музокаралар ўтказишга кўмаклашиш мақсадида Киевга етиб келганига қарамай полиция ўз амалиётини давом эттирмоқда.
XS
SM
MD
LG