Линклар

logo-print
Тошкент Ахборот технологиялари университетида жорий этилган янги тартиб-қоидаларга мувофиқ, талаба ва ўқувчи қизларнинг камтарона, яққол кўзга ташланмайдиган либосда юришларини таъминлаш учун уларнинг ғарбона либослар, жумладан жинси шим ҳамда ажнабий ёзувлар ёзилган кўйлаклар ва калта юбка кийиб ўқишга келиши тақиқланди.Тартибни бузганлар аудиторияга қўйилмайди.

Университетнинг маърифий ва маданий ишларга мутасадди ходимларидан бири Озодлик билан суҳбатда шундай тартиб ўтган ҳафтадан эътиборан жорий этилганини тасдиқлади.

- Ректоримизнинг ўзлари айтган, жинси шим кийишмасин, деган. Ўғил болалар оқ кўйлак, галстук, қора шим, қизлар ранг-баранг бўлмаган, оддий либосда келиши керак. Жинсида келиши мумкин эмас, - деди Ахборот технологиялари университет вакили.

Университетда талабаларга қўйилган талаблар фақат шулар эмас. Ректор буйруғига кўра, ўғил болалар соқол ўстириб юриши, қизлар замонавий пардоз қилиши ҳам тақиқланди.

- Университетмизда қизларнинг ҳаддан зиёд, кўзга ташланадиган даражада бўяниб юриши, ўғил болаларнинг соқолини олмасдан юриши мумкин эмас, - деди Ахборот технологиялари университети ходими.

Университетда жорий этилган бундай тартиб боис талабалар ўз гардеробларини тубдан ўзгартиришига тўғри келяпти.

Бу эса айниқса кам таъминланган талабалар учун қимматга тушяпти. Ахборот технологиялари университетининг 2 курс талабаси Эркинжон бундай деди:

–Оқ кўйлак, қора шим, галстук сотиб олдик. Нима қиламиз. Лекин ҳар куни битта шимда, битта кўйлакда, битта галстукда юрмайсизку?! Оқ кўйлакни бир кун кийсангиз, эртаси бошқасини кийиш керак. Буларни бирданига сотиб олиш ҳозир кўпчилик талабаларга оғирлик қиляпти, - дейди Эркинжон.

Икки талабанинг онаси, тошкентлик Манзура опа университетларда кийиниш тартиби жорий этилишини тўғри қарор дейди:

- Бутик (қиммат моллар сотиладиган дўкон) лардан кийинадиган талабалар бор. Мени фарзандларимга бутикдан кийим олиб беришга қурбим етмайди. Бойни боласи бор, камбағалники бор. Бойни боласини кийинишига қараб камбағалникини кўнгли ўксийди. Ҳаммага бир хил қилиб тўғри қилишибди, - дейди Манзура опа.

Тошкентдаги олий ўқув юртларидан бирини тугатган, айни пайтда Европа давлатларининг бирида ўқишни давом эттираётган Умидбекнинг айтишича, талабаларга махсус формалар жорий қилиш улар эркинлигига қўйилган тўсиқдир.

- Эркинлик мазасини айнан талабалик даврида олиш керак-да. Тўғри, Европада ҳам айрим университетларда шундай тартиб бор. Лекин, аксар университетларда талабалар хоҳлаганча кийинади. Мен бунақа чекловга шахсан қаршиман, - дейди Умид.

Талабаларнинг қандай либосда юришларини белгиловчи махсус тартиб-қоидаларнинг жорий этилиши сизнингча, қанчалик тўғри?

Бу юзадан фикр-мулоҳазаларингизни Озодликка билдиринг.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG