Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:53

Нью-Йоркда Ўзбекистондаги аёллар стерилизацияси муаммоси муҳокама этилади


Чоршанба куни, Нью-Йорк вақти билан 18.00да Очиқ жамият институтида бўладиган муҳокамаларда Ўзбекистонда аёлларнинг ўз ихтиёрига қарши бичилаётганини ўрганган журналист Наталья Антелава ҳамда Ўзбекистоннинг мажбурий меҳнатга асосланган давлат тизими ҳақидаги ҳисобот муаллифларидан бири, “Cotton Campaign” гуруҳи вакили Мэттю-Фишер Дали ўз тадқиқотлари билан ўртоқлашади.

Ўзбекистонда туғиш ёшидаги аёлларнинг ўз ихтиёрларига қарши бичилаётгани ҳақидаги ҳужжатли фильм муаллифи, Би-Би-Си журналисти Наталья Антелава Очиқ жамият институтида ўтказиладиган анжуманда “Ўзбекистондаги аёлларнинг мажбурий стерилизацияси” мавзусида ҳозирлаган ҳисоботини тақдим этади.

Ўзбекистонда ўн минглаб аёлларнинг мажбурий бичилгани ҳақида Антелава ўтказган тадқиқот стерилизация қилинган ўзбекистонлик аёллар, шифокорлар, гинеколог мутахассилар ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг икки нафар мулозими билан ўтказилган суҳбатларга асосланади.

Журналист қўлга киритган ҳужжатларга кўра, Ўзбекистон ҳукумати сўнгги 13 йил ичида туғиш ёшидаги аёлларни бичиш дастурини амалга ошириб келмоқда.

Ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда шифохоналарга аёлларни бичиш бўйича квоталар белгиланган ва бундан мақсад Ўзбекистонда аҳоли сонининг ўсишини тўхтатиш экани айтилади.

Наталья Антелава мазкур муаммони яқиндан ўрганиш учун ўтган йили Қозоғистондан Ўзбекистонга учиб борган.

Лекин, у Тошкент аэропортидан киритилмай, Олмаотага қайтариб юборилганди.

Наталья Антелаванинг ишонишича. Ўзбекистонда аёлларни стерилизация қилиш ҳозир ҳам давом этмоқда.

Ўзбекистон расмийлари эса мамлакатда аёллар мажбурий стерилизация қилинаётганини рад этиб келадилар.

“Cotton Campaign” гуруҳи фаолларидан бири Мэттю-Фишер Дали эса Очиқ жамият институтида бўладиган тадбирда Ўзбекистонда 2013 йилги пахта мавсумида болалар ва давлат ишчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилгани ҳусусида ҳозирлаган ҳисоботи билан ўртоқлашади.

Ҳисоботда таъкидланишича, Ўзбекистонда ҳар йили бўлгани каби бу йилги пахта мавсумида ҳам бир миллиондан зиёд ўзбекистонлик, жумладан ёш болалар, мактаб ва коллеж ўқувчилари, талабалар ҳамда давлат хизматчилари дала меҳнатига жалб этилган.

Ҳисоботда бу йилги пахта мавсуми камида 11 боланинг ўлимига сабаб бўлгани айтилади.

-Ўзбекистонда ҳар йили талабалар ўқишдан ҳайдалиш, давлат ишчи-ҳизматчилари эса ишдан ҳайдалиш таҳдидлари остида пахта теришга мажбурланади. Яъни Ўзбекистонда болалар ва давлат ҳизматчиларини меҳнатга мажбурловчи давлат тизими шаклланган, - дейди 2012 йилда Ўзбекистон пахта далаларини кезиб, мажбурий меҳнат муаммосини ўрганиб қайтган Мэттю-Фишер Дали.

Бу йил илк бор Ўзбекистонга Халқаро Меҳнат ташкилоти кузатувчиларига пахта мавсумидаги мажбурий меҳнат муаммосини ўрганишларига рухсат берилди. Ўзбекистон расмийлари эса мамлакатда болалар пахта теришга мажбурланишини рад этиб келишади.
XS
SM
MD
LG