Линклар

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 12 декабрь куни очилган ўн учинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қабул қилинган куннинг 21 йиллиги муносабати билан “Амнистия тўғрисида”ги Сенат қарори ҳамда мазкур қарорни қўллаш тартиби тўғрисидаги Низом қабул қилинди.

Бу маълумотни Озодлик радиоси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Светлана Ортиқовадан олди.


Сенатор Ортиқовага кўра, Олий Мажлис Сенати “Амнистия тўғрисида”ги қарорни Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу масала юзасидан киритган тақдимномаси асосида қабул қилди.

Кимлар амнистияга тушади?

Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раисидан амнистияга қандай маҳкумлар тушишини сўрадик.

- Аёллар, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар, 60 ёшдан ошган эркаклар, чет давлат фуқаролари;

эҳтиётсизлик оқибатида жиноят содир этган шахслар, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлиги учун биринчи марта ҳукм қилинган шахслар жазодан озод қилинади.


Қанча маҳкум амнистияга тушиши ҳозирча номаълум

Сенатор Ортиқовага кўра, ҳозирча ҳаммаси бўлиб қанча маҳкум амнистияга тушажаги маълум эмас.

Сенаторнинг айтишича,

- Мутасадди идоралар қўл остидаги тергов жараёнида ёки суд жараёнидаги ишларни ёки маҳкумларнинг шахсий йиғма жилдларини ўрганиб чиқади ва қарорда кўрсатиб ўтилган параметрларга тўғри келадиган шахсларнининг ишларини прокурорларнинг тақдимномасига биноан судлар ҳал қилади.

"Диний" ва "сиёсий"лар амнистияга тушадими?

- Диний мотивлар ва сиёсий мотивлар билан қамалганларга ҳам амнистия қўлланиладими?

Озодликнинг бу саволига Светлана Ортиқова бундай жавоб берди:

- “Сиёсий мотивлар”, деган сўзингизга қўшилмайман, чунки миллий қонунчилигимизда “сиёсий жиноят”нинг ўзи йўқ. Фуқаронинг тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштирокига тўхталсак, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун айнан Сизни қизиқтираётган тоифадаги шахслар биринчи марта озодликдан маҳрум этилиб тузалиш йўлига қатъий ўтган бўлса жазодан озод қилиш қарорда назарда тутилган, деди Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Светлана Ортиқова.

"Диний" ва "сиёсий"лар рўйхатлари

Ўзбекистон ва хориждаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ҳамда сиёсий мухолифат вакиллари йиллар давомида Ўзбекистон ЖКнинг 159, 244-1, 244-2 моддалари асосида қамалган ва "сиёсий маҳбус" деб аталадиган маҳбусларга нисбатан амнистия қўлланмай келаётганига оид ҳисоботларини чоп этиб келадилар.

Бу ҳисоботларда Мурод Жўраев, Самандар Қўқонов, Муҳаммад Бекжонов, Хайрулла Ҳамидов, Рустам Усмонов, Руҳиддин Фахриддинов, Солижон Абдураҳмонов, Қобилжон Тўлашев, Мўътабар Ғофурова, Меҳринисо Ҳамдамова, Аваз Тўхтахўжаев, Ғанихон Маматхонов, Аъзам Турғунов, Алишер Кароматов, Дилмурод Саидовлар ва бошқаларнинг исмлари тилга олинади.

Жорий йилда рўйхатдан бир исм ўчирилди

Рўйхатларга жазо муддатини бу йил озодликка чиққан ёзувчи Мамадали Маҳмудов ҳам киритилар эди.

Диний мотивлар билан қамалганлар рўйхати эса, жуда катта бўлиб, айрим ташкилотлар ҳисоботида бу рўйхат бир неча минг кишини қамраб олган.
Собиқ маҳбус ёзувчи Мамадали Маҳмудов Озодлик билан суҳбатда диний-сиёсий мотивлар билан озодликдан маҳрум этилганларни қамоқда ушлашдан наф йўқ, деган фикрни билдирди:

- Диний-сиёсий маҳбусларни қамоқда тарбиялаб бўлмайди. Уларни қўйиб юбориб, эркинлик бериб ғоя билан тарбиялаш керак. Уларнинг қамоқда ўтириши давлатга зарар. Минглаб одам ўтирибди. Уларни (танлаган йўлидан) қайтарамиз дейишади, баъзилари қайтдим дейди, мажбур қилиб ёздириб олишади. Лекин барибир чалқанча ётган ҳолда намоз ўқишади. Биронтасининг эътиқодидан қайтганини кўрган эмасман. Қамоқхона – даҳшат. Уни душманнинг ҳам бошига солмасин, деди Мамадали Маҳмудов.

Сўнгги амнистия натижалари

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қабул қилинган куннинг 20 йиллиги муносабати билан ўтган йили эълон қилинган амнистия, Ўзбекистон Бош прокуратураси маълумотларига кўра, 68809 шахсга нисбатан қўлланилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG