Линклар

logo-print

Тошкентда бундан қарийб бир ой олдин ёпилган жаҳоннинг таниқли ширкатлари маҳсулоти билан савдо қилган “New Millennium”, “GEOX”, “S.Oliver”, “Antony Morato”¸ “Mango”, "Levi's", “Benetton” ва бошқа дўконлар қайта очилмоқда. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага алоқадор экани айтилаётган бу дўконлар эшикларини 14 ноябрь куни Ўзбекистон Божхона қўмитаси қошидаги Контрабандага қарши кураш бошқармаси ва МХХ терговчилари муҳрлаб кетган эди.


Бир ой олдин ёпилган Тошкент марказидаги дўконлар яқин кунлар ичида яна ўз фаолиятини давом эттиради.

Озодликнинг Ўзбекистондаги кийим-кечак бизнесидаги манбаси берган бу хабарни Амир Темур шоҳкўчасида жойлашган “New Millennium” дўконининг ўзини таништирмаган сотувчиси тасдиқлади:

- Ҳозирча дўконимиз ёпиқ. Ичкаридан қулфлаб, дўконни тартибга соляпмиз. Товарларни жой-жойига қўяяпмиз. Яқин кунлар ичида сотувни бошлаймиз,- деди дўкон сотувчиларидан бири.

Тошкент марказидаги “Benetton” дўконининг ўзини таништирмаган сотувчиси эса душанба кунидан бошлаб дўкон очилишини айтар экан, олиб қўйилган товарлар қайтариб берилдими, деган саволимизни очиқ қолдирди:

- Биз душанбадан иш бошлаймиз. Товарлар олиб қўйилгани ёки қайтарилгани ҳақида эса мен сизга ҳеч қандай маълумот беролмайман,- деди дўкон сотувчиси.

Тошкент марказидаги “New Millennium”, “Levi's”, “GEOX”, “S.Oliver”, “Antony Morato”¸ “Mango”, “Benetton” каби жами 14та дўкон эшиклари 14 ноябрь куни Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитаси қошидаги Контрабандага қарши кураш бош бошқармаси ходимлари ва МХХ терговчиси С. Шодиев имзолари билан муҳрлангандан сўнг фаолиятини тўхтатган эди.

Асосан қимматбаҳо кийим-кечак маҳсулотлари билан савдо қилган бу дўконларнинг Гулнора Каримовага алоқаси борлиги айтилади. Президент қизи ўтган ҳафта Туркиянинг "Ҳуррият" газетасига берган интервьюсида бу маълумотларни қисман тасдиқлади.

Гулнора Каримованинг турк нашрига айтишича, собиқ эри Мансур Мақсудий билан бирга 1995 йилда Тошкентда ташкил қилган “Levi's” ва “Benetton” дўконларидаги улушини яқинда сотиб юборган.

Дўконлар эшиги 14 ноябрда муҳрланганидан уч кун ўтиб, Ўзбекистон Божхона қўмитаси Podrobno.uz нашри воситасида Тошкент марказида жойлашган бу дўконларнинг “фош қилинган товламачиликлари” ҳақида тафсилотларни очиқлади.

Бу маълумотларга кўра¸ “New Millennium”, “New Millennium Kids”, “New Millennium Sport”, “Levi's”, “Geox”, “S.Oliver”, “Adventure”, “Mango”, “Levis”, “Benetton”, “Antonio Moratto”, “Chicco” каби 14 дўконда кирим қилинмаган катта суммадаги валюта Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитаси текширувчилари тарафидан мусодара қилинган.

Қўмитанинг матбуотга сиздирган маълумотларида айтилишича, бу дўконларда “қўшбухгалтерия” тизими юритилиб, ходимлар асосий ойликни конвертларда олишган ва оз миқдорда маош олдим, деб тўлов қоғозларига имзо қўйишган.

Podrobno.uz нашридаги маълумотларда келтирилишича, бу дўконларда давлат назоратини четлаб ўтиб, даромад қилишнинг кенг қамровли жиноий тизими яратилган.

Бироқ, орадан бир ой ҳам ўтмай бу дўконлар фаолиятини яна қайта бошлаши айтиляпти. Uz24.uz Интернет сайтининг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига таяниб ёзишича, “текшириш жараёнида олиб қўйилган товарлар савдо нуқталарида истеъмолчиларга сотилади ва бундан олинган маблағ ушбу тадбиркорлик субъектларининг давлатга етказган зарарини қоплаш учун йўналтирилади”.

Бироқ, Озодликнинг кийим-кечак бизнесидаги манбасига кўра, бир ой ичида 14 та дўкон фаолиятини текшириб чиқиш, давлатга етказилган "зарар"ни аниқлаб чиқишнинг имкони йўқ:

- Мусодара қилинган товарларни шундайлигича олиб келишди. Менимча, катта қиз билан ўртада қандайдир келишув бўлди. Бўлмаса ҳали Ўзбекистон тарихида давлат мусодара қилган молини қайтариб берган эмас. Барибир ҳали ҳам катта қизнинг қудрати бор эканки, улар уступкага боришга мажбур бўлишди. Агар ҳукумат зарарни қоплайман деган тақдирда ҳам айнан шу дўконларга товарни қайтармас эди, бу просто ўйин бўлди,- деди Озодлик манбаси.
XS
SM
MD
LG