Линклар

logo-print

Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат масалалари бўйича олий вакили Кэтрин Эштон, Озодликка берган интервьюсида, Украина Президенти Виктор Янукович ЕИ билан савдо алоқалари ва ҳамкорликка оид битимни “имзолаш ниятини” билдирди, дея таъкидлади. Януковичнинг ўтган ойда мазкур битимни имзолашдан бош тортгани Украинада давом этаётган оммавий норозиликларни келтириб чиқарган эди. Айни пайтда Киевда юзлаб намойишчи ҳукумат биноларини қамал қилишда давом этмоқда.




Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат масалалари бўйича олий вакили Кэтрин Эштон президент Виктор Янукович у билан учрашув пайтида ЕИ билан савдо алоқалар ва ҳамкорликка оид битимни “имзолаш ниятида” эканини билдирганини гапириб берди.

Озодлик мухбири билан пайшанба куни Брюсселда суҳбатлашган Эштон хоним сешанба ва чоршанба кунлари Киевда бўлиб, президент Янукович билан музокаралар ўтказган эди.

Унинг айтишича, Янукович музокаралар пайтида кўтарган эҳтимолий иқтисодий муаммоларга доир ташвишларни ЕИ билан Ассоциацияга киришиш битимини имзолаш орқали мамлакатга янги инвестицияларни жалб қилиш воситасида ҳал қилиш мумкин бўлади.

- Янукович Ассоциацияга киришиш битимини имзолаш ниятида эканини менга аниқ-тиниқ айтди. У шунингдек мамлакат қисқа муддатда юз тутуши мумкин бўлган иқтисодий муаммолар ҳақида ҳам гапирди. Менинг назаримда, реал бўлган бу муаммоларни нафақат Европа Иттифоқи институтлари тарафидан келадиган таянч балки унинг (яъни Януковчининг) жиддий режалари борлигини кўрсата олиши орқали ҳам ҳал қилиш мумкин бўлади. Ассоциацияга кириши битимини имзолаш эса у истаётган инветицияларнинг малакатга кириб келишига ҳам ҳисса қўшади,- деди Эштон.

Янукович ҳукуматининг ўтган ойда мазкур битимни имзолашдан бош тортгани Украинада давом этаётган оммавий норозиликларни келтириб чиқарган эди.

Пайшанба куни Украина Бош вазири ўринбосари Серҳий Арбузовнинг Брюсселда Европанинг Кенгайиш масалалари бўйича комиссари Штефан Фюле билан учрашиб, Ассоциацияга киришиш битимини муҳокама қилиши кутилмоқда.

Айни пайтда, Украина мухолифати етакчилари Януковичнинг музокаралар столига ўтириш таклифини рад қилиб, ҳукумат истеъфосини талаб қилмоқда.

Юзлаб намойишчилар Киевда бир нечта бинони, жумладан Киев шаҳар ҳокимиятини қамал қилишда давом этди. Чоршанба куни полиция Киев кўчаларини норозилардан тозалаш режаларидан воз кечди.

Ўтган тунда норозилар Мустақиллик майдонидаги позицияларини мустаҳкамлади. Улар елим қопларга қор солиб, баррикадаларни кўтарди.

Намойишчилар Януковичнинг Европа билан битимни имзоламаслик қарорига Украинанинг Россия етакчилигидаги Божхона иттифоқига қўшилиши борасида Москва томонидан ўтказилган босим белгиси, деб қарамшмоқда.

Пайшанба куни Россия Президенти Владимир Путин Федерал мажлис олдида қилган йиллик мурожаатида Украинадаги бўҳронга ҳам тўхталиб, Божхона Иттифоқига қўшилиш ёки қўшилмаслик масаласини фақатгина Киевнинг ўзи ҳал қилиши керак, дея баён қилди.

Янукович чоршанба куни телевидение орқали қилган мурожаатида “миллий мулоқот” ўрнатишга чақирди.

- Азиз ватандошлар, мен буни аввал ҳам кўп марта айтганман, олға юришнинг ягона йўли бирдамлик ва ўзаро бир-биримизни тушуниш йўлидир. Барча томонларнинг ҳаракатлари фақатгина қонун ва Укриана конституцияси доирасида амалга оширилмоғи лозим. Мен барча сиёсий кучлар вакиллари, вакил оталар, фуқаролик жамият вакилларини миллий мулоқотга чақираман. Мен шахсан ўзим бундай давра суҳбатида иштирок этишга тайёрман,- деди Янукович.

Лекин мухолифат етакчилари дарҳол президентнинг бу таклифини рад қилиб, ҳукуматнинг истеъфога кетиши ва ҳибсга олинган барча намойишчиларнинг озод қилинишни талаб қилишда давом этмоқда.

АҚШ давлат департаменти Украина ҳукумати намойишчиларга қарши куч қўллайдиган бўлса Киевга нисбатан санкциялар жорий этилиши эҳтимолдан соқит қилинмаслигини билдирди.

Айни пайтда, Пентагоннинг маълум қилишича, чоршанба куни Украина Мудофаа вазири Павло Лебедев АҚШлик ҳамкасби Чек Ҳейгл билан телефон суҳбатида Украина қуролли кучлари намойишчиларга қарши ишлатилмасилигини ваъда қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG