Линклар

Украина Бош вазири ўринбосари Серҳий Арбузов Киев Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик битимини “тез кунларда” имзолашини билдирди.

Арбузов бу ҳақда пайшанба куни Европа Иттифоқининг Кенгайиш масалалари бўйича комиссари Штефан Фюле билан учрашганидан сўнг маълум қилди.

Арбузовга кўра, битим имзоланиши олдидан Брюссел ва Киев расмийлари қатор “савдо масалалари” бўйича келишиб олишлари керак.

Европа Иттифоқи ва Украина расмийлари Ассоциатив келишувга эришиш режасини биргаликда ишлаб чиқиши айтилмоқда.

Ассоциацияга кириш учун Украинага бериладиган молиявий ёрдам Халқаро валюта фонди орқали кўрсатилади.

Украина президенти Виктор Янукович Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат масалалари бўйича олий вакили Кэтрин Эштон билан учрашув пайтида ЕИ билан савдо алоқалар ва ҳамкорликка оид битимни “имзолаш ниятида” эканини билдирган.

Янукович ҳукуматининг ўтган ойда мазкур битимни имзолашдан бош тортгани Украинада давом этаётган оммавий норозиликларни келтириб чиқарган эди.
XS
SM
MD
LG