Линклар

Ўзбекистондаги расмий нашрлар мамлакат Олий Мажлиси Сенати пайшанба куни 2014 йилги Давлат бюджети лойиҳасини тасдиқлагани ҳақида хабар қилди. Лекин, бу хабарларда келаси йилги давлат бюджетига оид бирор рақам келтирилмаган.


Ўзбекистоннинг 2014 йилги давлат бюджети қанча сўмни ташкил этади? Бу ҳақда ўзбек расмий нашрларининг бирортасида маълумот келтирилмаган.

Бу ҳақда маълумот олиш учун Сенатга қўнғироқ қилдик. Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалаларига масъули, сенатор Алишер Бурхановдан ҳам бу ҳақда конкрет маълумот ололмадик.

- Ҳозир мен сизга бу рақамни ёддан қаердан айтаман. Бу ерда ҳеч қанача яширин маълумот йўқ. Ҳаммаси давлат бюджетида келтирилганку, қайси соҳага қанча фоиз бериляпти, таълимга неча фоиз, соғлиқни сақлаш, ерлар мелиарацияси, кам таъминланган оилаларни ижтимоий қўллаб қувватлаш, ҳаммаси кўрсатилганку. Кеча Молия вазиримиз Сенат мажлисида бу ҳақда 45 минут маъруза қилди. Бу ҳақда гапирди. Бу ерда ҳеч қанақа яширин маълумот йўқ,- деди сенатор Алишер Бурхонов.

Жаноб Бурхоновга кўра, 2014 йилги Давлат бюджети лойиҳасида келаси йили таълим соҳасига ялпи ички маҳсулотнинг 7,8 фоизи, соғлиқни сақлаш тизимига 3,3 фоизи ажратилади.

Ўзбекистон таълим муассасаларига қилинадиган харажатлар ялпи ички маҳсулотга нисбатан 7,4 фоизни ташкил этади.

Ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш учун ажратиладиган маблағлар янада оширилиши кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги тарқатган хабарда келтирилишича, келгуси йилга мўлжалланган давлат бюджети бўйича юридик шахслар фойдасидан олинадиган базавий солиқ ставкаси амалдаги 9 фоиздан 8 фоизга камайтирилиши кўзда тутилган.

Бу хўжалик юритувчи субектлар ихтиёрида қарийиб 186 миллиард сўм, шу жумладан, энг кам иш ҳақининг 5 баробаридан кам даромад олувчи 2,7 миллион кишига қўшимча 120 миллиард сўм даромад қолишига имкон бериши айтилган.

Лекин, ўтган йиллардагидек, бу сафар ҳам мамлакат йиллик бюджети қанча бўлиши жамоатчиликка сирлигича қолмоқда.

Тошкентлик тадбиркор Жаҳонгир Шосалимов фикрича, бюджет халқдан сир тутилиши бежиз эмас.

- Таҳминимизча харажатларнинг жуда катта қисми куч ишлатар тизимлари¸ Ички ишлар вазирлиги¸ миллий хавфсизлик тузилмалари¸ армия¸ солиқ назорати¸ ҳукумат аппаратига сарфланади. Буни эса ҳукумат халққа ошкор қилгиси келмайди. Шунинг учун бу рақам сир тутиб келинади,- дейди Шосалимов.

Остонадаги Евроосиё университети доценти, иқтисодчи олим, Ўзбекистон молия вазирлигининг собиқ амалдори Сапарбой Жубаевнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда бюджет рақамлари ҳақида очиқ гапирилмасада-да, бу ҳақда таҳминий рақамларни келтирса бўлади.

- Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 90 миллард АҚШ долларидан 101 миллиард АҚШ долларигача экани таҳмин қилинади. МДҲ давлатларининг кўпчилигида, давлат бюджети ялпи ички маҳсулотнинг 20-25 фоизини ташкил этишини инобатга олсак, Ўзбекистонни бюджети 25-30 миллиард АҚШ долларини ташкил этиши мумкин,- дейди Жубаев.

The World Factbook маълумотига кўра, Ўзбекистоннинг 2012 йилда ялпи ички маҳсулоти 106 миллиард АҚШ долларидан кўпроқни ташкил этган.

Ўша йили Ўзбекистоннинг бюджет ҳаражатлари 16 миллиард доллардан кўпроқ бўлган.

12 декабр куни сенаторлар 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини ҳам маъқуллашди.

Ушбу лойиҳада, 2014 йили Ўзбекистонда 983,6 мингта янги иш ўрнини ташкил этиш режалаштирилган.

Ҳукумат расмийлари Ўзбекистонда жорий йилда ҳам таҳминан шунча ишчи ўрни ташкил этилганини айтишган. Лекин, кузатувчилар бу рақамлар реалликдан анча йироқ, деган фикрдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG