Линклар

logo-print

Украина мухолифати Янукович билан музокара столига ўтирадиган бўлди


Украина мухолифати етакчилари мамлакатда вужудга келган бўҳронни ҳал қилиш учун президент Виктор Янукович билан музокара қилишга розилик берди. Жума куни Янукович мухолифат билан “давра суҳбати”да шахсан иштирок этишга тайёрлигини билдирган эди. Украина мухолифати ҳукуматнинг Европа Иттифоқи билан Ассоциацияга киришиш битимини имзолаш тўғрисидаги ваъдаларини “уйдирма”, дея рад қилмоқда.


Мухолифатдаги Батькившчина партияси етакчиси Арсений Яценюк, УДАР партияси лидери, бокс бўйича оғир вазн тоифасидаги жаҳон чемпиони Виталий Кличко ва ультра-миллатчи кучлар етакчиси Олеҳ Тяхнибок Киевнинг Мустақиллик майдонидаги намойишчилар олдида қилган чиқишларида президент Виктор Янукович билан музокара қилишга рози бўлганликларини эълон қилишди.

Яценюк президент Янукович билан учрашувда уларнинг, яъни норозиларнинг талабларини унга етказишни ваъда қилди.

Жума куни Янукович собиқ президент Леонид Кравчук ташкил қилаётган “давра суҳбатида” шахсан қатнашишини билдирди. У шунингдек музокаралар чоғида норозилик намойишлар пайтида ҳибсга олинганларни авф қилиш таклифини илгари суриш ниятида эканини ҳам қўшимча қилди.

Янукович ўтган ойда кутилмаганда Европа Иттифоқи билан Ассоциацияга киришиш битимини имзолаш режаларидан воз кечди.

Айни пайтда евроинтеграция тарафдорлари бўлган намойишчилар жума куни ҳам Мустақиллик майдонидаги позицияларини мустаҳкамлашда давом этди. Киевнинг Конституция майдонида эса Янукович тарафдорлари иштирокида кичикроқ намойиш уюштирилди.

Жума куни расмийлар 1 декабр кунги тўқнашувларда ҳибсга олинган тўққиз кишининг сўнггиси ҳам озодликка чиқарилишини эълон қилди.

Икки томон ҳафтанинг охирида оммавий намойишларни уюштиришга тараддуд кўраётган бир пайтда мухолифат етакчиси Яценюк ўз тарафдорларини ҳукумат “кенг миқёсдаги провокацияларни” тайёрлаётгани тўғрисида огоҳлантирди.

Пайшанба куни Украина Бош вазири ўринбосари Серҳий Арбузов Брюсселга сафари давомида ҳукумат “яқин орада” битимни имзолашини баён қилди, лекин ҳужжат қачон имзоланишини аниқлаштирмади.

ЕИ кенгайиш масалалари бўйича комиссари Штефан Фюле иттифоқ Украина Ассоциацияга киришиш битимини имзоласа, Киев ҳукуматига қўшимча ёрдам таклиф қилиш ва Халқаро валюта жамғармасидан кредит олишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди. Лекин ЕИ расмийси ҳам тафсилотларга тўхталиб ўтирмади.

- Биз конркет рақамларни муҳокама қилганимиз йўқ. Биз аввал Украина тарафида қандай эҳтиёжлар борлигини– қандай мажбуриятлар олиниши лозимлиги ва Ассоциация Битимини амалга тадбиқ қилиш муддатларини муҳокама қилишимиз керак. Ана ундан кейин биз ўз ҳаракатларимизни жараёнга боғлашимиз мумкин бўлади, деди ЕИ расмийси.

Мухолифат Арбузовнинг Ассоциацияга киришиш битимини имзолаш тўғрисидаги ваъдаларини “уйдирма”, дея рад қилиб, Янукович ва ҳукуат истеъфосини талаб қилишда давом этмоқда.

Ҳукуматнинг ўтган ой Вильнюсда ўтказилган ЕИ–Украина саммити пайтида ҳамкорлик битимини имзолаш режаларидан кутилмаганда воз кечгани ва қўшни Россия билан иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш қарорини эълон қилиши евроинеграция тарафдорларининг оммавий намойишларини келтириб чиқарган эди.

Асосан ёшлардан иборат намойишчилар Украинанинг Россиядан узоқлашиб, Европа Иттифоқи билан яқинлашишини ва истиқболда демократик давлатда яшаш истагини билдирмоқда.

Улар ҳукумат истеъфоси, янги сайловлар ўтказилиши ва ҳибсга олинган норозиларнинг озод қилинишини талаб қилмоқда.

Янукович ўтган ҳафта Россия Президенти Владимир Путин билан учрашиб Украина расмийлари “катта стратегик ҳамкорлик келишув” деб атаётган ҳужжатни имзолаш масаласини муҳокама қилди.

Айни пайтда Украинанинг энг бадавлат кишиси, олигарх Риант Ахметов жума куни қилган чиқишида Украинанинг келажагини муҳокама қилиш учун давра суҳбатини уюштиршга чақириб, зўравонлик “қабул қилиб бўлмайдиган ҳолдир”, дея баёнот берди.

Таҳлилчилар фикрича, Украининг қудратли олигархлари Януковичга катта босим ўтказиш ва давлат сиёсатини ё Россия, ё ЕИ томон бура олиш салоҳиятига эга.
XS
SM
MD
LG