Линклар


Озодликдан: Азиз тингловчи, эътиборингизга фаолияти куни кеча тўхтатилган "Даракчи" газетаси журналистидан таҳририятимизга келган мақолани ҳавола қилаяпмиз. "Даракчи" атрофидаги муаммолар туфайли исмини айтмаслигимизни сўраган журналист ўз мақоласини сайтимизда чоп этишимизни сўради. "Даракчи" журналисти мақоласини таҳрирсиз бераяпмиз. Муаллиф ўз мақоласида билдирган фикрлар, берган баҳолар, чиқарган хулосалар фақат уники, Озодликники эмас.

Бир неча телеканаллар фаолияти тўхтатилганидан сўнг ҳеч қанча вақт ўтмай, “Наво” ўз фаолиятини бошлади. Ушбу телеканал ўз дастурлари билан фаолияти тўхтаган “НТТ” ва “Марказ” телеканаллари ўрнини босишга ҳаминқадар ҳаракат қиляптию, аммо...

Очиғини айтиш керак, “Марказ”, “НТТ” телеканаллари орқали тақдим этилаётган аксарият қўшиқ ва клиплар савияси, матндаги мазмуни жиҳатидан ўзбек тингловчилари ва томошабинларининг дидига мос келмас эди.

Ҳар икки телеканалдаги бадиий кенгаш тақдим этилаётган енгил-елпи медиа маҳсулотларининг омма маънавиятида қай даражада ўрин тутаётганлигига бир оз бефарқ қараётганди.

Аммо шу каби танқидга сазовор бўлган қўшиқ ва клиплар операторлик маҳорати бўйича сифат доирасида талабга жавоб берар эди. Қолаверса, клипларни кузата туриб, техниканинг деярли барча замонавий турларидан операторларнинг маҳорат билан фойдаланганликларини пайқаш ҳам қийин эмас эди (Албатта, буни кўпроқ шу соҳа вакиллари тушунади).

Бугунги кунда ўз фаолиятини бошлаганига ҳеч қанча бўлмаган “Наво” телеканалида тақдим этилаётган қўшиқлар эса ҳар ҳолда ўз мазмуни, миллий руҳдаги аҳамияти билан тингловчиларга маъқул бўлаётган бўлса-да, клипларини беш дақиқа томоша қилиб, беихтиёр энсангиз қотади.

Жумладан, “НТТ” ва “Марказ” телеканаллари бадиий кенгаши клипларнинг кўпроқ экрандаги сифатига аҳамият берганига амин бўлардингиз. Тўғри, бу билан собиқ телеканалларда тақдим этилган ҳамма клипларни қониқарсиз даражага тушириб қўйиш нотўғри.

Аксарият клиплар ўз сифати, мазмуни ва савияси жиҳатидан талабга жавоб берганлиги учун ҳам узоқ муддатда эфир орқали “айлантирилди”. Бироқ бир иккита яратилган ижобий санъат намуналари бошқа енгил-елпи маҳсулотлар камчиликларини беркитиб келаётганди десак муболаға бўлмайди...

Ҳозирги “Наво” телеканалида тақдим этилаётган клип маҳсулотлари эса айнан фаолияти тўхтатилган икки телеканалнинг бадиий кенгашидан ўтмаган маҳсулотлари эканига ҳеч шубҳа йўқ! Қўпол қилиб айтганда “эшак ҳанграган, думини ликиллатиши эса клип қилиб тақдим этилаётган намуналар кўпроқ тақдим этилмоқда холос!"

Ахир Республикамизда клип санъати аллақачон ривожланиб бўлган-ку?! Нега энди санъатимизнинг “тетапоя” давридаги нопрофессионал маҳсулотлари билан томошабинларни чалғитишимиз керак?

Бу тарзда яратилган клипларни ижод намунаси сирасига киритиб ҳам бўлмайди ахир? Хонандалар орасида санъаткор бўлмаган ҳаваскорларнинг мош-гуруч каби аралашиб ётганлигини-ку айтмасак ҳам бўлар...

Санъат қадри наҳотки, уни қадрламайдиган ҳаваскорлар қўлига тушиб қолди дея ташвишланасан киши... Тақдим этилаётган аксарият клиплар сифат томонлама экран талабларига жавоб бермаяпти. Клипларда гўё тўй маросимлари суратга олингандек, кадрлар силкиниши кузатилади. Ҳаддан ташқари кўп силкинган кадрлар томошабин кўзини чарчатади, воқелик ва кадрдаги тасвирлар клип мазмунини аниқ англаб етишимизга ҳалақит беради. Асосий пландаги қаҳрамонлар боши, қўли, гавдаси тенг ярмидан бўлиб суратга олинган, мақсадсиз ва такрор кадрлардан кўп фойдаланилган, санъаткорнинг саҳнадаги ўзини тутишигача режиссёр бефарқ бўлган клиплар “Наво” экранини банд этиб келмоқда...

Яратилаёган қўшиқ ва клип намуналари мухлисларга маданий ҳордиқ, эстетик завқ улашиши баробарида, ўз савияси, сифати, оммабоплиги, санъат майдонидаги давомийлиги билан аҳамиятга эга. Наҳотки, телеканал бадиий кенгашида оператор маҳорати бўйича юқоридаги камчиликларга эътибор берадиган тайинли профессионал мутахассислар бўлмаса?

Бирданига бир неча каналлар фаолияти тўхтатилганига яраша, шу янги очилган “Наво” телеканали бўлар бўлмас клипларни тақдим этиб, ўз қадрини туширмаса яхши бўлар эди... " Танқид -келажак меваси"! У'йлаймизки. ундан туғри хулоса чикарасиз!
"Даракчи" журналисти

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG