Линклар

Бан Ки Мун Сурияда кимёвий қуроллар қўлланилганини кескин қоралади

  • Ҳасанжон

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Бош Ассамблея йиғилишида Сурияда кимёвий қуроллар қўлланилганини кескин қоралади. Бош котиб Сурияга жўнатилган халқаро экспертлар гуруҳи мамлакатнинг яна тўртта ҳудудида кимёвий қуроллардан фойдаланилгани ҳақидаги иддаоларни ўрганаётганини маълум қилди.

БМТ Бош Ассамблеясининг 13 декабрь кунги йиғилишида чиқиш қилган Бош котиб Бан Ки Мун Сурияда кимёвий қуроллар қўлланилишининг олдини олиш учун халқаро ҳамжамият ҳам маънавий ҳам сиёсий масъулиятга эга эканини таъкидлади.

- Бугун мен шуни хавотир билан маълум қилмоқчиманки, экспертлар гуруҳи кўпроқ жойда тинч аҳоли ва ҳарбийларга қарши бир неча марта кимёвий қуроллар қўлланилгани ҳақидаги иддаоларни тасдиқловчи далиллар ва маълумотларни тўплади,- дея баён қилди БМТ Бош котиби.

Бан Ки Муннинг ушбу баёноти БМТ инспекторлари Суриянинг тўртта минтақасида камида бир мартадан кимёвий қуроллар қўлланилганини тасдиқлаганидан кейин янгради.

Халқаро инспекторлар кимёвий қурол ҳукумат кучлари ёки исёнчи гуруҳлар томонидан ишлатилганини аниқлаш мандатига эга эмас.

Сурия ҳукумати ва исёнчи гуруҳлар бир-бирини кимёвий қуроллардан фойдаланганликда айблаган.

Икки томон ҳам кимёвий қуроллардан фойдалангани тўғрисидаги иддаоларни инкор қилиб келмоқда.

2013 йил 21 август куни пойтахт Дамашқ яқинидаги Ғоута минтақасида захарли зарин гази қўлланилгани ошкор бўлганидан кейин Сурия ҳукумати, АҚШ-Россия ишлаб чиққан келишувга мувофиқ, ўзининг кимёвий қуролларини 2014 йил ўртасигача халқаро кузатувчилар иштирокида йўқ қилишга розилик билдирган.

Ғоута минтақасида амалга оширилган кимёвий ҳужумда тинч аҳолидан юзлаб одам нобуд бўлганидан сўнг Қўшма Штатлар Сурия Президенти Башар Ал-Ассад режимига қарши ҳарбий куч қўллашга таҳдид қилган.

Бан Ки Мун жума куни Бош Ассамблеяда қилган чиқишида Ғоутада кимёвий қуроллар қўлланилгани тасдиқланганидан кейин халқаро инспекторлар гуруҳи яна камида тўртта ҳудудда шундай қуроллардан фойдаланилгани ҳақида далилларни қўлга киритганини айтди.

- Миссия ушбу иддаоларнинг ҳар бир жиҳатини мустақил равишда тасдиқлай олиш имкониятига эга эмас. Гуруҳнинг вазифаси 19 март куни Хон Ал-Ассал, 24 август куни Жобар, 29 апрель куни Сарақиб ва 25 август куни Ашрафиат Саҳнаяда кимёвий қуроллардан фойдаланилганини аниқлашдан иборат, дея баён қилди БМТ Бош котиби.

БМТ экспертлари Суриянинг яна иккита минтақасида кимёвий қуроллар қўлланилгани ҳақидаги иддаоларни тасдиқлай олмаслигини билдирди.

Бан Ки Мун ўз чиқишида 1925 йилда қабул қилинган Женева Протоколи кимёвий ва биологик қуроллардан фойдаланишни тақиқлашини таъкидлади.

Айни пайтда БМТ Бош котиби 2011 йил март ойидан бери Сурияда урушаётган томонларни қуролли можарога барҳам бериш учун тинчлик музокаралари бошлаш ҳақидаги чақириғини яна бир марта қайтарди.

Сурия ҳукумати ва мухолифат ўртасида БМТ хомийлигидаги тинчлик музокаралари 2014 йил январь ойида Швейцарияда бўлиб ўтиши режаланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG