Линклар

Гулнора Каримованинг собиқ қайнотаси Абдурауф Мақсудий вафот этди


Америкалик таниқли ўзбек тадбиркори Абдурауф Мақсудий (ўнгдан учинчи). Dunyouzbeklari.com сайтидан олинган сурат.

Америкалик таниқли ўзбек тадбиркори Абдурауф Мақсудий (ўнгдан учинчи). Dunyouzbeklari.com сайтидан олинган сурат.

Америкалик таниқли ўзбек тадбиркори, Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг собиқ қайнотаси Абдурауф Мақсудий Нью Жерси штатининг Морристаун шаҳридаги уйида 13 декабрь куни вафот этди.

Сўнгги йилларда 81 ёшдаги Абдурауф Мақсудийнинг соғлиги ёмонлашган эди.

Мақсудийлар оиласини яқиндан билган тадбиркор Фарход Иноғомбоев Озодлик билан суҳбатда Абдурауф Мақсудийни бағри кенг яхши инсон бўлган деб хотирлади.

- Улуғ инсон эдилар. Ўзбекистоннинг биринчи мустақиллик йилларида мамлакат иқтисодиётига жуда кўп ҳисса қўшган, минглаб одам ҳаётига кўп яхшилик киритган инсон эдилар. Кўпчилик яхшилик билан хотирлайдиган, яхшилик билан тилга оладиган инсон эдилар. Ўзи асли Марғилонда туғилганлар. Оллоҳ раҳмат қилсин, -деди Фарход Иноғомбоев.

Абдурауф Мақсудий 15 декабрь куни Нью Жерси штатидаги мусулмонлар қабристонига кўмилади.

Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларида мақсудийларнинг мамлакат истисодий ва сиёсий ҳаётида муҳим ўрни бўлгани айтилади.

90-йиллар бошида Абдурауф Мақсудий дунё давлатларида яшайдиган ўзбекларни бирлаштирган “Эл” ташкилотига раҳбарлик қилган. Ташкилот ташаббуси билан уюштирилган Жаҳон ўзбеклари қурултойида Ислом Каримов ҳам қатнашган.

1991 йил ноябрида Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон президенти этиб сайланишидан бир ой олдин 19 ёшда бўлган Гулнора Каримова Абдурауф Мақсудийнинг ўғли Мансур Мақсудийга турмушга чиққан.

Шундан сўнг Мақсудийлар оиласининг Ўзбекистон иқтисодиётидаги роли ортиб борган.

Афғонистонлик ўзбек зиёлиларидан бири Озодлик билан суҳбатда Абдурауф Мақсудийни Ўзбекистондаги фаолияти давомида кўпроқ шахсий манфаатларини кўзлаган инсон сифатида хотирлади

- Хожи Абдурауф Мақсудий Афғонистонда анча савдогар, тадбиркор одам бўлган. Ўзбекистон мустақил бўлганида Ўзбекистонга бориб савдо ишлари билан шуғулланган, Coca-Cola заводини қурган. Яқиндан танирдим. Ҳам Афғонистонда, Кобулда бўлганмиз. Ундан кейин Ўзбекистонда, Тошкентда бир неча марта кўрганман.

Ўзбекистонда муносабатлари яхши бўлмаганидан кейин мамлакатдан чиқиб кетган. Инсон сифатида, албатта кўпроқ ўз манфаатини ўйлаган одам. Ўзбекистонга бориб тижорат қилиб, Ўзбекистонга хизмат қиламан, деб айтган бўлса ҳам, менимча, кўпроқ шахсий манфаатини ўйлаган инсон, дейди афғонистонлик ўзбек зиёлиси.

Тошкентдаги Оқ Тепа мавзесидаги "Қатортол" мажмуаси Мақсудийлар оиласи томонидан ташкил этилган.

Мақсудийлар оиласига қарашли бўлган "Roz Trading" ширкати ўша “Қатортол”да хориждан келтирилган товарларни улгуржи нархда сотган.

2001 йилнинг августида Мансур Мақсудий турмуш ўртоғи Гулнора Каримова билан ажрашишга қарор қилганидан кейин Мақсудийларга тегишли бўлган Ўзбекистондаги "Coca-Cola", "Roz Trading" ширкатларида тафтиш бошланган.

Оқибатда, Мақсудийларнинг бир қанча қариндоши жиноят содир этганликда гумонланиб хибсга олинган.

Мақсудийлар оиласи Ўзбекистондан “бадарға” қилиниб, уларга тегишли барча савдо шоҳобчалари, жумладан, юқорида тилга олинган ширкатлар “тортиб” олинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG