Линклар

Зармитон олтин кони ишчиларига кафе қурилиши учун "солиқ" солинди


Навоийдаги Зармитон олтин кони ишчиларининг бир кунлик иш ҳақи “Собир-сой” кафесининг қурилиши учун мажбурий тарзда ушлаб қолинмоқда. Кон бошлиғи Жамшид Каримовга кўра, мутасадди ташкилотлар буйруғи билан мазкур кафе қурилиши учун ҳашар ташкил қилинган бўлиб, олтин кони ишчилари ҳам унга жалб қилинган.


“Ойлигимиздан мажбурий ушлаб қолишаяпти”

Озодлик почтасига келган мактубда, Навоий кон-металлургия комбинати тасарруфидаги Зармитон олтин кони ишчиларининг бир кунлик иш ҳақи “Собир-сой” кафесининг қурилиши учун ушлаб қолинаётгани ёзилган:

“Салом озодлик радиоси! Сизга ёзаётган ушбу хатимни дўстимнинг
илтимосига кўра ёзаяпман. Зармитон олтин конининг ЦМПГР бўлимидан бир кунлик иш ҳақини “Собир-сой” кафеси қурилишига деб мажбурий
олишаяапти”,
дейилади мактубда.

Хат муаллифи ўз мактубига илова қилган ҳужжатда “Собир-сой” Ёшлар маркази ва кафесининг қурилиши учун Зармитон кони ишчиларининг 2013 йил декабрь ойи ойлигидан бир кунлик меҳнат ҳақи ушлаб қолинишига топшириқ берилган.

Озодлик мухбири билан суҳбатда Зармитон кони ишчиларидан бири исмини очиқламаслик ва овозини ёзиб олмаслик шарти билан айтишича, “Собир-сой” кафеси қурилишига олинаётган пул учун ишчиларнинг розилиги сўралмаяпти.

“Бизга узун рўйхатни кўрсатиб, шу ердан фамилиямизни топиб имзо қўйдириб олаяпти. Ҳашармиш. Аввал ҳам шунақа ҳашар деб бир неча бор ойлигимдан олиб қолишган. Ҳаммадан олишаяпти. Мажбурий дейишди”, дейди Зармитон кони ишчиси.

“Ҳеч ким мажбурланмаяпти”

Зармитон кони бошлиғи Жамшид Каримов Озодлик мухбири билан суҳбатда “Собир-сой” кафеси қурилиши учун ишчиларнинг бир кунлик иш ҳақи ушлаб қолинаётганини тасдиқлаб, бу мутлақо ишчиларнинг хоҳишига кўра қилинаётганини таъкидлади.

- Ҳашар бу. Ҳашарда, ҳашар. Бизга ЮРУдан (Жанубий руда қазиб олиш бошқармаси-таҳр) “Бир кунлик иш ҳақингизни ўтказинглар”, дейилган. Ҳашар типида бўлаяпти бу,- дейди Жамшид Каримов.

Суҳбатдошга кўра, “Собир-сой” қурилиши учун ушлаб қолинаётган пуллар мутлақо ишчиларнинг розилигига кўра қилинаяпти.

- Ариза ёзиб бераяпмиз. Қайси рози бўлса, қўл қўйиб беради. Розилигисиз мажбурлаганимиз йўқ. Унақа ҳеч қанақа тазйиқ ҳеч кимга бўлгани йўқ. Хоҳласа қўл қўяди. Масалан, аризага хоҳласа ёзиб беради, хоҳламаса биз уни мажбурламаймиз-ку,- дейди Каримов.

Кон бошлиғи Каримовнинг айтишича, ишчилар ойлигидан олинган ҳашар пуллари эвазига аввал ҳам бир қанча объектлар барпо қилинган.

- Бизга тепадан шунақа буйруқ берилган. Шунга биз шундай қилаяпмиз. Энди бизда кўп жойларимиз шунақа ҳашар йўли билан, бир кунлик, икки кунлик ҳашар йўли билан қилинаяпти-да. Масалан, Зармитон кони Заркент шаҳарчасидаги спорт копмлекси қурилди ҳашар йўли билан,- дейди кон бошлиғи Жамшид Каримов.

Ўзбекистонда ташкилот ишчи-хизматчилари ойликларидан турли объектларнинг қурилиши учун пул ушлаб қолиш амалиёти доимий кўриниш касб этган.

Жумладан, Намангандаги “Навбаҳор” стадиони қурилиши учун ҳам тадбиркорлар, ўқитувчилар, бозор ходимлари қурилиш учун пул ўтказишга мажбурланган эди.

Кейинги йилларда айрим ҳудудлардаги намунавий уйларнинг қурилиши ҳам ҳашар йўли билан битказилаётгани кузатилмоқда.
XS
SM
MD
LG