Линклар

Украинада евроинтеграция тарафдорларининг аскил-ҳукумат намойишлари давом этаркан Европа Иттифоқи ҳам, Россия ҳам яқинроқ алоқалар эвазига Украинага иқтисодий ва молиявий имтиёзларни таклиф қилишга тайёрлигини билдирмоқда. Европа, ҳамкорлик битими имзоланишига тўсқинлик қилган яқин истиқболдаги иқтисодий муаммоларни баратаф қилишни таклиф қилган бўлса, Москва Украина ҳозирда бошдан кечираётган қийинчиликларни енгиллаштириш учун кредит таклиф қилмоқда.



Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат масалалари бўйича олий вакили Кэтрин Эштон Украина Президенти Виктор Януковичнинг иттифоқ билан ҳамкорлик битимини имзоламаслигига сабаб бўлган “қисқа муддатдаги” молиявий муаммоларга доир хавотирлари баратаф қилиниши мумкинлигини билдирди.

Душанба куни Брюсселда ўтадиган ЕИ Ташқи ишлар кенгаши учрашуви арафасида гапирган Эштон иттифоқ Янукович билан “бу хавотирларни баратарф қилиш устида ишлаши” мумкин, дея билдирди.

- Биз айтилаётган баъзи нарсаларга қараб, бундан жуда ташвишга тушяпмиз. Мен президент Янукович билан музокара қилишимдан мақсад қиқсқа муддатда вужудга келиши мумкин бўлган ва унинг Ассоциацияга киришиш битимини имзолашига тўсқинлик қилган иқтисодий масалаларни аниқлашдан иборат эди. Менинг тушунишимча, у билан мазкур масалаларни ҳал қилиш устида ишлай оламиз. Бу масалаларнинг баъзилари Европа Иттифоқи ёрдамида, бошқалари молиявий муассасалар орқали, яна баъзилари хусусий сектор иштирокида ҳал қилиниши мумкин. Лекин бу муаммоларнинг барчасини ҳал қилиб бўлади,- деди Эштон.

Айни пайтда, Кремл маслаҳатчиси Андрей Белоусов сешанба куни Москвада Янукович билан Россия Президенти Владимир Путин ўртасида ўтказиладиган музокараларда Украина ҳозирда бошдан кечираётган иқтисодий қийинчиликларни бартараф қилиш учун Киевга кредит бериш масаласи муҳокама қилиниши мумкинлигини билдирди.

“Ведомости” нашри уюштирган матбуот анжуманида Россия президенти ёрдамчиси Белоусов Украина ҳукумати ёрдам сураб, Россия ҳукуматига мурожаат қилса, дарҳол ижобий жавоб олиши мумкинлигига ишора қилди.

- Украинадаги вазият ҳозирда шундай аҳволдаки, у ёки бу томондан бирор хил кредит олмасдан улар иқтисодий мувозанатни сақлаб қола олмайди. Мен шундай мурожаат қилинса, кредит берилиши мумкинлигини инкор этмайман,- деди Андрей Белоусов.

Белоусов Россия Украинга қарча таклиф қилиши мумкинлигига оид аниқ рақамларни очиқламади. Лекин Украинадаги баъзи манбалардан олинган маълумотларга кўра, гап Москванинг 15 миллиард АҚШ доллари, жумладан аванс тариқасида 3 миллиарддан 5 миллиардгача таклиф қилиши мумкинлиги ҳақида кетмоқда.

Ҳозирча Брюссел Киевга таклиф қилган ёрдам 610 миллион еврога (тахминан 838 миллион АҚШ доллари) тенг холос.

Украина Энергия вазири Эдуард Ставицкий Москва музокараларида Украина учун Россия гази нархининг пасайтирилишига катта имконлар борлигини айтмоқда.

Сешанба куни эришиладиган ҳар қандай келишув Москва Украинани ўз сиёсий ва иқтисодий таъсир доирасида қолдира олганидан дарак бўлади.

Янукович ўтган ойда Вльнюсда ўтган саммитда, кутилмаганда Европа Иттифоқи билан Ассоциацияга киришиш тўғрисидаги битимни имзолашдан бош тортди. Бу қарорни кўпчилик Украинани Божхона Иттифоқига қўшишга ҳаракат қилаётган Россиянинг босими остида қабул қилинган, деб кўрмоқда.

Якшанба куни ЕИнинг кенгайиш масалалари бўйича олий комиссари Штефан Фюле Twitter саҳифаси орқали Украина билан Ассоциация битимини имзолашга доир музокаралар вақтинча тўхтатилаётганини эълон қилди. ЕИ расмийси бу қарорни Киев расмийларининг гоҳ Брюссел, гоҳ Москва томон бурилаётгани билан изоҳлади.

Лекин Фюленинг бундай изоҳи Ҳолландия Ташқи ишлар вазири Франс Тиммерманнинг танқидига учради. “Twitter орқали изоҳ беришга асосланган сиёсат масалага ёндашишнинг энг тўғри йўли бўлмаса керак”, деди Ҳолландия дипломати.

Фюленинг матбуот котиби душанба куни қилган чиқишида “Ассоциация битимига доир ишлар тўхтатилгани йўқ, чунки аслида бу ишлар ўтган йили тўлалигича якунланган эди”, дея вазиятни юмшатган бўлди.

Киевда эса, ўтган тунда ҳам минглаб аксил-ҳукумат намойишчилари Мустақиллик майдонида қолди. Якшанба куни евроинтеграция тарафдорлари норозилигига 200 мингга яқин оадм чиқди.

Намойишчилар сешанба куни Янукович Москвага сафар қилаётган пайтда оммавий норозиликларни давом эттиришга чақирмоқда.

Украина мухолифати етакчиси Олеҳ Тяхнибок Януковични Украинани сотмасликдан огоҳлантирди.

- Биз, замонавий украиналиклар, келгусида Москва ўзининг чиркин этиклари билан украиналикларни босмаслиги учун қўлимиздан келган барча ишни қилишимиз керак. Ана шу боис президент Януковичга Москвада миллат манфаатларига зид келадиган ҳар қандай келишувни имзолашини тақиқлаймиз, деди мухолифатчи.

Янукович дохил Минтақалар партиясидан сайланган депутат Анна Герман душанба куни қилган чиқишида иқтидордаги партия ичида ҳам зиддиятлар кучайгани ва ҳукумат такибини “90 фоизга ўзгартириш”ни истовчилар кўпайганини билдирди.
XS
SM
MD
LG