Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:15

Москва полициясида яна бир ўзбекистонлик вафот этди


Ўзбекистонлик муҳожир Москва вилоятининг Домодедово шаҳар полиция бўлимида жон таслим қилди. Россия ҳуқуқ-тартибот органлари тарқатган расмий маълумотда оламдан ўтган ўзбекистонлик “наркотиклар таъсирида бўлган”и билдирилган.

Россия Федерацияси Тергов қўмитаси расмий сайтида эълон қилинган маълумотга кўра, 14 декабрь куни маҳаллий вақт билан соат 16 ларда тумандаги қурилишлардан бирида ишлаётган ишчи ўзини ёмон ҳис қилган.

Домодедово туман касалхонасида унга “наркотиклар таъсирида маст бўлиш” ташҳиси қўйилган.

Шифокорларга кўра, касалхонага ётишдан бош тортган эркакнинг ёнидан бир кишининг номига берилган иккита давлатнинг паспортлари топилганидан кейин у Домодедово Ички ишлар бўлимига олиб кетилган.

Расмий маълумотда айтилишича, полиция идорасида ўзбекистонликнинг аҳволи ёмонлашган. Полициячилар дарҳол Тез ёрдам машинасини чақирган. Бироқ шифокорлар етиб келгунча у вафот этган.

15 декабрь куни Internovosti.ru нашри Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотига таяниб, ўзбекистонлик муҳожир полиция идорасида тутқаноқ касалли ҳуруж қилгани оқибатида ўлганинни хабар қилган эди.

Бироқ Тергов қўмитаси хабарида бу маълумот қайд қилинмаган.

Айни пайтда "Комсомольская правда" нашри муҳожирнинг ёнидан Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясининг парпортлари топилганини, полиция ходимлари паспортлар ҳақиқий эканига шубҳа қилгани тўғрисида ёзди.

Ҳозирда воқеа тафсилотини ўрганиш юзасидан текширув олиб борилмоқда.

Исми ошкор қилинмаган марҳумнинг жасади тиббий экспертиза ўтказиш учун олиб кетилган.

Москва вилояти Домодедово шаҳар полицияси расмийлари Озодлик билан суҳбатда бу воқеага изоҳ бермасликларини айтишди:

- Биласизми, бизда ҳамма воқеалар бўйича маълумотни РФ Ички ишлар вазирлигининг Москва вилояти бўйича Бош бошқармаси беради. Ҳамма саволларингиз билан уларга мурожаат қилишингиз мумкин. Ҳа, воқеа бизда бўлди. Аммо биз шарҳ бериш ҳуқуқига эга эмасмиз. Бу ҳақда гапириб бериши мумкин бўлган ходим ҳозир бу ерда йўқ. У ўқишга кетган ва келаси йил март ойида ишга қайтади, - деди Москва вилояти Домодедово шаҳар полицияси матбуот хизматининг ўз исмини айтишни истамаган ходими.

Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг Москва вилояти Бош бошқармаси матбуот хизмати ходими текширув материаллари Тергов қўмитасига жўнатилганини важ қилиб, воқеани Озодликка шарҳлаб беролмаслигини айтди.

Бундан аввал ҳам Россия ҳуқуқ-тартибот идораларида Ўзбекистон фуқароларининг ўлгани ҳақида хабарлар берилган эди.

2010 йил 15 август куни Хабаровскнинг Привокзалная майдонида қўқонлик ака-ука Акбар ва Қаҳрамон Сапаевлар полиция идорасида аёвсиз калтакланган. Шундан сўнг полиция ходими Акбарни пистолетдан отиб ташлаган.

Бир йилдан ортиқроқ давом этган терговдан сўнг суд пост-патрул хизматининг собиқ ходимлари 33 ёшли Александр Телешинни 11 йилга, 27 ёшли Владимир Масловни 3 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилди.

2011 йил 7 сентябрь куни Россиянинг Владимир шаҳрида майда ўғрилик билан қўлга олинган ўзбекистонлик 29 ёшли Алишер Сувонов вақтинчалик ҳибсда сақлаш изоляторида ўзини осгани хабар қилинган.

Владимир вилояти Тергов қўмитаси матбуот хизмати раҳбари, адлия полковниги Ирина Минина Озодликка Сувонов ўз жонига қасд қилганига унинг руҳий кечинмалари сабаб бўлгани тахмин қилинганини айтган.

2011 йил октябр ойида Ростов вилояти Новочеркасск шаҳридаги тергов изолятори ҳибсхоналаридан бирида 22 яшар Ўзбекистон фуқароси Сайфулла Абдуллаев ҳам ўзини осиб ўлдирган.

2012 йил 20 февраль куни Санкт-Петербург шаҳрида Ўзбекистонга бериб юборилиши хавфи бўлган 21 ёшли Темур Боймеровнинг капюшон боғига осилган жасади у сақланаётган 4-сонли тергов изолятори камерасида топилган.
XS
SM
MD
LG