Линклар

logo-print

Жорий йилда Тошкентдаги айрим банкларда янги йил муносабати билан ўтказиладиган "корпоратив байрам кеча”лари бекор қилинди. Банк менежерларидан олинган маълумотга кўра, бу банк маблағини тежаш мақсадида амалга оширилмоқда.

Жорий йилда Тошкентдаги айрим банкларда янги йил муносабати билан ўтказиладиган "корпоратив байрам кеча”лари бекор қилинди. Банк менежерларидан олинган маълумотга кўра, бу банк маблағини тежаш мақсадида амалга оширилмоқда.

“Янги йил зиёфати бекор қилинди”

Тошкентдаги банклардан бирида ишлайдиган ва ўз исми сир қолишини сўраган банк менежерининг Озодликка айтишича, Марказий банк томонидан янги йил байрам кечаси ўтказилмаслиги борасида оғзаки кўрсатма берилган.

“Банкда ҳар йили янги йил байрами олдидан ўтказиладиган корпоратив зиёфатимиз бу йил ўтказилмайдиган бўлаяпти. Ҳар йили банк томонидан зиёфат учун пул ажратилар эди. Бу йил пул ҳам йўқ, зиёфат ҳам йўқ. Марказий банк ҳамма банк бошқарувчиларига оғзаки буйруқ берган. Ҳатто яширинча ўтказилса ҳам чора кўрамиз, дейишган. Ҳамма қаттиқ назоратга олинган”, деди банк менежери микрофонсиз суҳбатда.

Тошкентдаги Миллий банк бўлимларидан бирининг ходими ҳам раҳбарият томонидан "корпоратив кеча ўтказмаслик" ҳақида буйруқ берилганини айтди.

- Бу йил отмен бўлди дейишяпти. Катта раҳбарлар, кадрлар бошлиғи, бош бухгалтерлар байрам кечаси бўлмайди, дейишяпти. Ҳар йили бўларди. Бу йил ишхонада ҳам бошқа жойда ҳам бўлмайди, дейишяпти, дейди Миллий банк ходими.

"Зиёфатга пул йўқ"

Озодлик суҳбатлашган банк менежерининг айтишича, янги йил кечаларининг бекор қилинишига маблағ етишмаслиги сабаб қилиб кўрсатилган.

“Авваллари бунақа байрамлар ўз банкимиз даромадидан қилинарди. Бош офисимиздан байрам тадбирлари учун пул ажратиларди. Бу йил давлат бюджетини беҳуда ишлатишнинг олдини олиш учун янги йил кечасини ўтказиш тақиқланган. Марказий банк ҳамма банк бошқарувчиларига янги йил байрам кечасига пул сарфламаслик ҳақида оғзаки кўрсатма берган”, деди исмини очиқламаётганимиз банк менежери.

Ўзбекистон Марказий банкининг мулозими Озодлик билан суҳбатда байрам тадбири учун маблағ етишмаслиги борасидаги иддаога ойдинлик киритмади, лекин банклар байрам учун пул топса бунга қаршилик йўқлигини таъкидлади.

“Марказий Банк мамлакатдаги банкларнинг молиявий ишларига ҳеч қачон аралашмайди. Банклар ўзи алоҳида хўжалик. Ўзларининг пули бўлса ўтказади, бўлмаса ўтказмайди. Ўзлари қандай хоҳласа шундай бўлади. Бунга умуман аралашмаймиз”, деди Марказий банк расмийси.

“Байрамни ўз пулимизга қиламиз”

Тошкентдан олинган хабарларга кўра, пойтахтдаги айрим банклар янги йил кечаси ўтказилишига изн бериб, тадбир банк ходимлари ҳисобидан бўлишини таъкидлаган.

“Янги йил зиёфатига ўзимиз пул йиғаяпмиз. Коллектив билан ҳар йилгидай ўтирамиз”, деди Тошкентдаги банклардан бирининг ходими.

Пойтахтдаги Ўзсаноатқурилиш банкининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, банкда янги йил тадбири ўтказишда умуман муаммо йўқ бўлиб, ҳар йилги анъанага кўра байрам тадбирига тайёргарлик давом этаяпти.

“Янги йил зиёфати ҳар йили бор. Бу йил ҳам бор. Агар йўқ бўлганида рўйхат сўрашмасди. Бизда бу иш билан Профсоюз шуғулланади. Ҳар йили болаларга совғалар берилади. Бу нарса отмен қилинмаган. Анъана давом этяпти. Бош банкка рўйхат берилган. Профсоюз ҳар йилги анъанага мувофиқ ишчиларнинг фарзандларига янги йил совғаларини ҳарид қилмоқда”, деди Ўзсаноатқурилиш банкининг ходими.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG