Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:11

Бухоролик талаба стипендиялар ўз вақтида берилмаётганидан шикоят қилди


Бухоро юқори технологиялар муҳандислик-техника институти талабаларига стипендиялар ўз вақтида берилмаяпти. Бу ҳақда Озодликка маълум қилган бухоролик талаба йигитга кўра, стипендияни талаб қилган талабаларга институт раҳбарияти томонидан таҳдид қилиниб, ҳатто баъзи талабалар калтакланган.

"Стипендиямизни беришмаяпти"

Бухоро юқори технологиялар муҳандислик-техника институтининг 2 босқич талабаси олийгоҳда стипендиялар ўз вақтида берилмаётганидан Озодликка шикоят қилди.

- Контрактчилардан баъзиларига тўланган, баъзиларига тўланмаган. Грантчиларга сентябрь ва октябрь ойлари стипендиясини беришган. Сўраганимизда эртага, индинга, дейишади. Бизларга Туронбанк пул беради. Бориб сўрасак, ҳали бизларга пул ўтказишгани йўқ, дейишади. Лекин университет ва Тиббиёт институтларига стипендияларни ўз вақтида беришган, деди исмини очиқламаётганимиз талаба йигит.

Мазкур институтнинг бош ҳисобчи ўринбосари Юлдуз Бобоева Озодлик билан суҳбатда институтнинг айрим талабаларига стипендиялар вақтида берилмаганини тан олди.

- Тўлов-контракт билан ўқийдиган студентларга агар контракт пулини вақтида тўламаган бўлса, стипендияни контракт пулини тўлаганидан кейин юборамиз. Шунақалар бор. Ҳозир уларга тўрт ойлик стипендияни юбордик. Ўз вақтида, яъни, августда ёки сентябрнинг бошида тўлаган бўлса, ойма-ой стипендия олади. Лекин ноябрда ёки декабрда кеч тўлаган бўлса, бироз кечикади. Контракт пулини юз фоиз тўлаганидан кейин уларга тўлиқ стипендия юборилади. Бу тўлов-контракт билан ўқийдиганларга тегишли. Грант асосида ўқийдиган студентлар стипендияни вақтида олади, деди Юлдуз Бобоева.

"Деканимиз талабаларни калтаклайди"


Озодлик мухбири билан сўзлашган талаба Муҳандис- технология факультетининг декани Насрулло Ўринов институтда мажбурий тўловлар ҳам амалга ошириши ва студентларни калтаклашини ҳам айтди.

- Бизлар студентлар бугалтериядан стипендияларни сўрасак, қўпол муомала қилишади, алдашади, эртага- индинга деб. Деканатимиздан сўрасак, сиёсатга қарши боряпсизлар, деб бизларга қўпол муомалада бўлади. Деканимиз катта жанжал қилиб уради, студент болаларни калтаклайди. Икки ҳафта бўлди, жума куни эди. Бир талаба рефератини топшираман деганида бир домла рефератни олмади. Кейин жанжаллашиб кетди. Сўнг декан Ўринов тарафидан олиб кириб, муштлаб ургани жуда ачинарли ҳол бўлган, деди бухоролик талаба.

Декан Насрулло Ўринов Озодлик билан суҳбатда талаба шикоятини шундай изоҳлади:

- Бу нотўғри гап. 56 ёшдаман. Мен бировни қандай ураман. Бу гап нотўғри. Бировни уришга мадорим йўқ. Қари одамман, деди декан Ўринов.

Ҳозир Бухоро юқори технологиялар муҳандислик-техника институтида 5117 нафар талаба билим олмоқда.

Институтда бир йиллик энг кам тўлов-контракт миқдори 4 миллион 600 минг сўмни ташкил қилади.

Студент контракт пулининг 50 фоизини ўқув йили бошида, қолган қисмини март ойида тўлаши керак.

Юлдуз Бобоевага кўра, ҳозирда стипендиялар юз фоиз талабаларнинг пластик карталарига ўтказиб берилмоқда. Фақат оилавий шароити оғир бўлган студентларга стипендия нақд пулда тўланади.

- Юз фоиз пластик картага ўтказилади. Ўзларининг аризаларига кўра. Фақат чин етимларга нақд тўлаймиз. Чин етим талабаларимиз бор, шуларга, деди Юлдуз Бобоева.

2013 йил 15 декабрдан бошлаб Ўзбекистонда стипендиялар миқдори беш фоизга оширилди.
XS
SM
MD
LG