Линклар

logo-print
Икки марта кимошди савдосига қўйилиб, харидор топилмаган “Ўздунробита” мулки Ўзбекистоннинг “Ўзбектелеком” миллий алоқа оператори тасарруфига ўтказилди.

Тошкент маҳкамаси қарорига кўра, “Ўздунробита” ширкатининг барча мол-мулки эксплуатация қилмаслик шарти билан “Ўзбектелеком” миллий алоқа оператори балансига ўтказилди.

Бу ҳақда "Узметроном" нашри 16 декабрь куни ўз манбааларига асосланиб хабар қилди.

Россиядаги МТС мобил алоқа ширкатининг Ўзбекистондаги шўъбаси бўлган “Ўздунробита” шу йил бошида банкрот деб эълон қилинган эди.

Ширкатнинг мол-мулкини сотиш бўйича июнь ва июль ойларида ўтказилган иккита кимошди савдоси “потенциал харидорлардан ариза келиб тушмагани сабаб” барбод бўлди.

"Узметроном" нашрининг ёзишича, “Ўздунробита” мулкини миллий оператор тасарруфига ўтказиш ҳукумат учун мажбурий қадам бўлган.

“Ўздунробита” мол-мулки - ушлагичи йўқ чамадон. Ташлаб юборишга ҳукуматнинг кўзи қиймайди, кўтариб юриш эса ноқулай”, - деб ёзди "Узметроном" нашри.

Айни пайтда Россиядаги МТС ширкати Ўзбекистондаги қарийб бир миллиард долларлик мулкини қайтариб олиш учун курашмоқда.

Ширкат матбуот вакили Дмитрий Солодовниковга кўра, ҳозирда Сармоядорлар ўртасидаги келишмовчиликларни тартибга солувчи Вашингтондаги халқаро марказ ICSID Россиянинг МТС уяли телефон ширкатининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси лицензияси бекор қилинишига оид шикоятларини ўрганишга киришган.

- МТС ўз мол-мулкини қайтариб олиш учун оҳиригача курашади, - деди Солодовников Озодлик билан суҳбатди.

ICSID маълумотларига кўра, МТС уяли телефон ширкати шикоятлар аслида ўтган йил ноябр ойининг ўрталарида келиб тушган.

Россиянинг МТС ширкати 2012 йил ўрталарида Ўзбекистондаги фаолияти тўхтатилиши ноқонуний бўлгани, бунинг оқибатида 1 миллиард 80 минг АҚШ долларли соф даромаддан қуруқ қолгани ҳақда даъво киритган.

Агар МТС мазкур жараёнда ютиб чиқса, Ўзбекистон ҳукумати ширкат мулкини қайтариб беришига тўғри келади.

МТС ширкати кўплаб нашрларда Россияники деб айтилади. Аслида мазкур ширкат асосчилари орасида америкалик ва германиялик сармоядорлар ҳам бор.
МТС ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун Британиянинг Debevoise & Plimpton юридик ширкатини ёллаган.

Ўзбекистон ҳукумати томонида эса Американинг Boies, Schiller & Flexner юридик ширкати турибди.

"Ўздунробита" фаолияти ўтган йил ёзида тўхтатилган эди. Ўзбекистон расмий идоралари "Уздунробита"ни йирик солиқ тўловларини яшириш, пул ювиш, мижозлар пулларини ноқонуний ўзлаштиришда айблаганди.

2004 йилда "Ўздунробита" мобил алоқа ширкатининг акцияларини сотиб олган МТС Ўзбекистон бозорида 2012 йил июнига қадар фаолият олиб борган.

Расман 9,5 миллион деб айтилган "Ўздунробита"нинг мижозлари бир кунда мобил алоқасиз қолган эди.

МТС "Ўздунробита"га нисбатан илгари сурилган айбловларни рад этиб, ҳукуматни Ўзбекистондаги мўмай даромад келтирадиган бизнесларини тортиб олишга уринишда айблаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG