Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:28

Тошкентда рассом Рихситилла Акромовнинг “Сароб” кўргазмаси очилди


Uzbek artist Rihsitilla Akromov
Uzbek artist Rihsitilla Akromov
Тошкентдаги Тасвирий санъат галереясида 52 яшар рассом Рихситилла Акромов асарларидан иборат кўргазмаси очилди.

Санъатшунослар орасида “Ўзбек Пиросманиси” дея таърифланган Рихситилла Акромовнинг кейинги 20 йилда яратган асарларидан иборат бу кўргазма “Сароб” деб номланган.


Рассомнинг ўзи Озодлик билан суҳбатда нега ўз кўргазмасини “Сароб” деб номлаганини шундай изоҳлади:

-Кўргазмани тайëрлаш жараëнида чизган расмларимни бир-бир кўздан кечириб “Сароб” деб ном қўйиш кераклигини тушундим. Ўрисча айтсак мираж. Италянча fata Morgana. Яъни аслида йўқ, аммо одамнинг кўзига кўринган жилвагар холат. Мен ўзим реалист рассом марҳум Раҳим Аҳмедовнинг шогирдиман. Лекин асарларимни реалистик деб бўлмайди. Онам раҳматли бу расмларни қинғир - қийшиқ деб атарди. Мен дунëни қандай кўрсам шундайлигича тасвирлайман. Яна ҳам тўғриси бу тасвирларнинг ҳаммаси автопортрет. Яъни ўзимни ўзим тасвирлаганман, дейди тошкентлик рассом Акромов Озодлик билан суҳбатда.



Рассом Акромов асарлари тасвирий ифодаларнинг болаларча содда ва беғуборлиги билан ўн тўққизинчи асрда яшаган грузин рассоми Нико Пиросмани асарларини эслатади.

Рихситилла Акромов ижоди ҳақида Озодликка гапирган Ўзбекистон халқ рассоми Ғафур Қодиров унинг асарларида йигирманчи асрдаги француз рассоми Пабло Пикассога яқин аломатлар ҳам борлигини таъкидлайди:

- Рихситиллани асарларида француз рассоми Пабло Пикассо ва австриялик рассом Густав Климтга оид мотивларни кўрамиз. Эркак ва аëл ўртасидаги абадий муносабатлар акс этган расмлар шулар жумласидан. Рихситилла кўпинча ўз шахсий таассуротларидан келиб чиқиб асарлар яратади. Масалан бошқа рассомлар ҳаëтни қандай кўрса шундай тасвирласа, Рихситилла кўрган кечирганларини ичида трансформация қилган холда матода акс эттиради¸ дейди суҳбатдош.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:46 0:00
Бевосита линк


Ўзбекистондаги санъат иҳлосмандлари ўртасида танилган рассом Рихситилла Акромовнинг илк асарларидан бири 1990 йилда Лондондаги “Zaman” галереясида намойиш қилинганидан кейин у Ғарб мунаққидлари эътиборига тушди.

Ана шундан кейин Рихситилла Акромов ўз асарлари билан бирин кетин Голландия, Германия, Италия, Бельгия, Австралия, АҚШ ва бошқа мамлакатлардаги кўргазмаларда ўзбек санъатини намоëн қилди.

Рихситилла Акромов учун ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари нақадар самарали бўлган бўлса, 21 асрнинг илк 10 йили анчайин мураккаб бўлди. Гўзаллик, нафосат ва эстетика ҳақидаги тушунчалар ўзгарди. Бошқа ўзбек рассомлари каби Рихситилла ҳам тирикчилик ташвишлари билан юзлашди.

Бу ташвишлардан ўз устахонасига қадар чекинган рассомлар қатори Рихситилла Акромов ҳам тижорат учуун эмас, балки кўнгил ризоси учун расмлар чизди.

"Агар сизда Ўзбекистон суратини чизиш сўралса, нимани чизар эдингиз?", деб сўраймиз рассомдан.

- Кутилмаган савол бўлди бу. Мен жон деб шундай суратни чизар эдим. Хозир кўз олдимга кела бошлади бу расм. Мен икки панжаси очиқ ва бўм- бўш улкан қўл тасвирини чизган бўлар эдим. Билсангиз Мексикалик рассом Давид Сикейросни шундай асари бор. Иккита улкан бўм бўш қўл тасвирланган. Мен ҳам Ўзбекистонни шундай тасвирлаган бўлар эдим¸ дейди рассом.

Рассом ҳақида мухтасар маълумот

Рихситилла Акромов 1961 йилда Тошкентда туғилди. Ëшлигида ҳасталикка чалиниб, икки йил касалхонада ëтганида ўзини расм чизиб овутди.

Касалдан тузалганида эса рассом бўлишга қарор қилди.

Рихситилланинг Тошкентда таксичилик қиладиган акаси рассомлар учун махсус интернат дарагини топиб укасини жойлаштирди.

Интернатни тугатган Рихситилла Акромов 1980 йилда Тошкентдаги Театр ва рассомлик институтининг рангтасвир бўлимига ўқишга кирди.

Бу даргоҳни 1987 йилда битирган рассом айни пайтда Тошкентдаги Беҳзод номли рассомлик билим юртида дарс бермоқда.
XS
SM
MD
LG