Линклар

Олег Карпов: "Ўзбек видеоарти - тирик!"


16 декабр куни Москвадаги Замонавий санъат музейида таниқли тошкентлик кинорежиссёр ва киношунос Олег Карповнинг замонавий ўзбек видеосанъатига бағишланган “Ўзбек Артжиҳоди” деб номланган маърузаси тингланди. Маърузачи замонавий ўзбек видеоарт усталари оғир шароитларда бўлсада, эътиборга молик асарларни яратаётганига йиғилганлар эътиборини қаратди.

“Ўзбек Артжиҳоди – ўзбек видеоартидаги энг радикал йўналишдардан бўлиб, у "санъаткор ва ҳокимият ўртасида фақатгина тенглик асосида музокара бориши зарур", деб ҳисоблаётган муаллифлар гуруҳини бирлаштиради”, - дейилади Москвада душанба куни бўлиб ўтган маъруза эълонида.

Тошкентда 2009 йилда йўқ қилинган “Кино музейи” собиқ директори, ҳозирда Тошкентдаги видео-рассомлар гуруҳи вакили, видеоарт йўналишидаги кичик фестиваллар ташкилотчиси киноҳужжатчи Олег Карпов Озодлик билан суҳбатда маърузанинг асосий мақсад-вазифаларини белгилаб берди.

- Бу кино буюртма асосида яратилмаган. Яъни одамлар у ёки бу масалада видеоарт ва кино орқали ўз фикрини билдирмоқчи эди ва билдирди. Мақсадимиз – бу филмлар олинаётган бўлса, демак уни кимгадир кўрсатиш. Биз ўзбек гастарбайтерларидан ташқари Ўзбекистонда ўзбек видеоарти ҳам борлигини намойиш этмоқчимиз, дейди Олег Карпов.

У маъруза давомида кўрсатилган филмлар ягона “Ўзбек Артжиҳоди” номи остида бирлаштирилганини айтади.



Олег Карповнинг айтишича, бу атама 2009 йилнинг 17 ноябри соат кечки 8 ларда Тошкент барларидан бирида йиғилган бир гуруҳ санъаткорлар даврасида пайдо бўлган: “артжиҳодчилар” Тошкент скверидаги юз йиллик чинорларнинг бешафқат кесилишига жавобан бирлашгани айтилди.

“Ўзбек Артжиҳоди” одамларнинг ички ва ташқи камчиликларига қарши Калашников автоматларисиз, санъат кучи кўмагида курашиш тамойилларига таянганини таъкидлаган кинорежиссёр Олег Карпов, бу тамойиллар негизида сиёсий кураш ҳам ётганини айтади.

- Менимча, санъат сиёсатдан ташқарида мавжуд бўла олмайди. Агарда сиз сиёсат билан шуғулланмасангиз – у сиз билан шуғулланади. Ўзбекистонда кўпчиликнинг сиёсатга аралашмаётгани сиёсатчиларга қўл келмоқда. Шу сабабли Ўзбекистонда “сиёсат” ибораси ҳақоратли сўзга айланди, у билан одамларни қўрқитишади! Биз онгли равишда ўз санъатимиз орқали сиёсий фикрларимизни билдириб келяпмиз. Маъруза эълонига чиқарилган "ҳукумат ва санъкорларнинг тенглиги" деганда биз "санъаткор тепадан туриб ҳокимиятга тупуриб туриши керак"лигини тушунамиз. Мана шу ҳақиқий тенгликдир! дейди санъаткор.



Москвадаги Замонавий санъат музейида ўтказилган ва 3 соатдан ортиқ давом этган маърузасида Олег Карпов Ўзбекистонда яшаб ижод қилаётган видеоарт усталари – Александр Барковский, Александра Батина, Андрей Кудряшов, Алексей Улько, Сид Янишев, Оскар Урманов, Руслан Куртвелиев, Умида Ахмедова, Иван Масловлар ижодидан танланган асарларни намойиш этди.



Намойиш этилган қисқа метражли фильмларда Ўзбекистон пойтахтидаги чинорларнинг кесилиши (“Ўрмон” – О.Карпов), оддий одамларнинг турмуш-тарзи (“Мен яшашни истайман” – У.Аҳмедова), замонавий санъат инқирози (“NEW ART” – А.Барковский, “Марказий Осиё постмодернига етти қараш”- Алексей Улько), Андижон воқеаларига муносабат (“Andijana Dreams” - О.Карпов, У.Аҳмедова), Тошкентнинг Чилонзор туманидаги маҳаллаларда вайрона аҳволдаги Тошкентни ишғол қилишда халок бўлган рус солдатлари мақбараси (“Генерал бор эди..” – С.Янишев) ва Ўзбекистон ичкарисида бўлаётган кўплаб бошқа воқеа-ҳодисалар ўз аксини топди.

Кинорежиссёр Олег Карпов ўзбек “адерграунд видеоарт санъати” кўнгилдагидек шароитларда яшамаётган ва жамоатчилик эътиборидан четда қолаётган бўлсада, тирик ва оз-оздан илдамлаб бораётганини айтди.

- Айрим доираларнинг қаттиқ хоҳишига қарамасдан, ўзбек видеоарти тирик ва “Тириклардан тирикроқ” филми қахрамони сўзлари билан айтганда, “Муаммар Қаддафий билан солиштирганда мен тирикроқман”, дегим келяпти. Бу иборани ўзбек видеоартига ҳам ишлатса бўлади, дея кулди Олег Карпов.
XS
SM
MD
LG