Линклар

TeliaSonera Ўзбекистондаги жанжалга алоқадор яна бир мулозимни ишдан олди


TeliaSonera-нинг Ўзбекистондаги фаолияти шу йилнинг бошида ширкат президенти Ларс Нюбергнинг бошига ҳам етган эди.

TeliaSonera-нинг Ўзбекистондаги фаолияти шу йилнинг бошида ширкат президенти Ларс Нюбергнинг бошига ҳам етган эди.

TeliaSonera ширкатининг Евроосиё бўлими раҳбари ўзгарди. Катта қисми Швеция ҳукуматига тегишли телеком ширкатининг душанба куни эълон қилишича, жорий йил бошида бу лавозимга тайинланган Вейсел Арал ўрнини Эрик Ҳаллберг эгаллаган. TeliaSonera ўтган ойда тўрт нафар менежерини, жумладан ширкатнинг Ўзбекистон бозорига кириши учун масъул бўлган шахсни ишдан ҳайдаган эди. Ширкат раҳбариятидаги алмашинув Швеция прокуратураси TeliaSonera Ўзбекистонда бизнес қилиш учун катта миқдорда пора берганига оид иддаоларни тергов қилаётган пайтда рўй бермоқда.



TeliaSonera душанба куни ширкатнинг янги ижрочи менежерлари таркибини эълон қилди.

TeliaSonera матбуот хизмати раҳбари Саломон Бекеленинг Озодликка айтишича, ширкатнинг Евроосиё мамлакатлари, жумладан Ўзбекистондаги фаолияти учун масъул бўлган Вейсал Арал эгаллаб турган лавозимидан четлатилиб, ўрнига Эрик Ҳаллберг тайинланган. Ҳаллберг шу пайтгача TeliaSonera-нинг халқаро мобил алоқа масалалари бўйича вице президенти эди, дейди суҳбатдошимиз.

- Эрик Ҳаллберг 1 апрелдан бошлаб Евроосиё географик минтақаси бўйича ижрочи вице президент вазифасига ўтади. Бугундан бошлаб аллақачон, амалдаги раҳбарият таркибида Евроосиёдаги бизнес учун масъулиятни ўз зиммасига олди,- деди Саломон Бекеле.

Европадаги энг йирик телеком ширкати ўтган ойда тўрт нафар юқори даражали менежерини ишдан ҳайдаган эди. Бу қарор TeliaSonera-нинг кейинги бир неча йил давомида “Евроосиёдаги ҳамкорлари” билан амалга оширган “олди-бердиларнинг баъзилари бизнес этикасига зид” бўлгани билан изоҳланган эди.

TeliaSonera ўз қарори Ўзбекистондаги пора олди-бердиси тўғрисидаги иддаоларга алоқаси йўқлигини баён қилганига қарамасдан, кўпчилик ширкат раҳбариятидаги туб ўзгаришларни айнан Швеция прокуратурасининг бу юзадан олиб бораётган тергови билан боғлади.

Ўтган ойда ширкатдан ҳайдалганларнинг бири TeliaSonera-нинг Ўзбекистонга кириб бориши учун бевосита масъул бўлган Теро Кивисааридир. Вейсал Арал шу йилнинг бошида айнан Кивисаарининг ўрнига Евроосиё учун масъул этиб тайинланган эди.

Орадан бир неча ой ўтиб Арал ҳам бу лавозимдан олинди ва TeliaSonera матбуот хизмати раҳбарининг айтишича, унинг ҳам ширкатда бошқа лавозимда фаолият давом эттириши савол остида қолмоқда.

- Ҳозирча бу борада қарор қабул қилингани йўқ, лекин Вейсал Аралга бошқа раҳбар лавозими таклиф қилинмайди. Унинг вазифаларини Ҳаллбергга ўтказиш жараёнининг силлиқ ўтиши борасида ҳозирда Вейсал билан музокаралар олиб борилмоқда. Лекин унинг бошқа вазифада ширкатда қолиши ёки қолмаслигини аниқ айтиб бўлмайди, деди Саломон Бекеле.

Катта қисми Швеция ва Финляндия ҳукуматларига қарашли TeliaSonera бир неча ҳафта ичида ишдан ҳайдаган Теро Кивисаари ва Вейсал Арал бу ширкатнинг Швеция терговчилари текшираётган Ўзбекистондаги бизнес фаолиятига бевосита алоқадор бўлгани айтилади.

Швеция бош прокуратураси TeliaSonera Ўзбекистон бозорига кириш учун президент Ислом Каримов оиласига, хусусан тўнғич қизи Гулнора Каримовага Takilant воситачи фирмаси орқали жами 350 миллион АҚШ доллари миқдорида пора берганига доир иддаоларни тергов қилмоқда. Шведлар ўтган йили тергов бошлаганидан бери Швейцария, Франция ва Латвияда ҳам бу текширув билан боғлиқ жиноят ишлари қўзғатилган.

Тергов доирасида бу мамлакатларда Гулнора Каримовага алоқадор экани ишониладиган банк ҳисоб рақамлари ва мол-мулк музлатилиб қўйилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Шу йилнинг август-ноябр ойлари давомида Швейцария ва Францияда Гулнора Каримовага тегишли деб кўрилган уйларда тинтув ўтказилиб, эшиклари муҳрлаб қўйилгани айтилмоқда.

TeliaSonera-нинг Ўзбекистондаги фаолияти билан боғлиқ жанжал ўтган йили терговчилар назарига тушганидан бери Арал ва Кивисааридан ташқари ширкат президенти Ларс Нюберг, бош молиявий директори Пер-Арне Блумквистлар ҳам ишдан кетди ҳамда TeliaSonera бошқарув ҳайъати таркиби тўла ўзгартирилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG