Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:48

Асли Бориш: Эътирозларни бизга эмас, Гулнорага билдиришсин!


Туркиянинг "Ҳуррият" газетасида босилган Ўзбекистон президенти қизи Гулнора Каримова билан суҳбат муаллифи Асли Бориш “Каримова нимани гапирган бўлса, шуни ёзгани”ни айтди.

Туркиялик журналист Асли Бориш хонимнинг Озодликка айтишича, "Ҳуррият" газетасида эълон қилинган Каримова билан суҳбат электрон почта орқали қилинган савол-жавобларга асосланган.

- Ўша куни электрон ёзишмамиз пайти у саволларни олдиндан юборишимизни сўради. Юбордик. Кейин у жавобларни бизга жўнатди. Келишувимизга кўра, савол-жавобни қандай ёзилган бўлса, уни шундай чоп этишимиз керак эди. Биз шундай қилдик, унинг айтганларини борича газетада эълон қилдик, - дейди Асли Бориш.

"Ҳуррият" газетасида Гулнора Каримованинг суҳбати босилгач, кўп ўтмай ўзбекистонлик айрим ҳуқуқ ҳимоячилари эътирозларга сабаб бўлди.

Францияда яшовчи ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева Гулнора Каримова ва “Ҳуррият” газетасини судга бериш билан пўписа қилиб чиқди.

Ўзбекистон президентининг қизи уни Тошкентдаги бошқа бир ҳуқуқ ҳимоячиси Васила Иноятова билан адаштириб юборгани бунга сабаб бўлган кўринади.

- Ўзбекистонга бориш имкониятидан маҳрум қилинган ҳуқуқ ҳимоячисини Ўзбекистонга бориб, нафақат Ўзбекистонга бориб, ҳатто қамоқхонани ичига кириб, видеотасвирга олиб, қийноқ қўлланилмагани ҳақда хабар тарқатганликда айблаяпти. Журналист бу ерда ким ҳақда гап кетаётганини текшириб кўриши керак эди, - дейди Тожибоева.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:55 0:00
Бевосита линк

Гулнора Каримова суҳбатига “Замондош” сайти ҳам эътироз билдирди. Гулнора ўз интервьюсида бу саҳифа МХХдаги полковник Юрий Савинков бошчилигидаги бир гуруҳ шахслар томонидан тузилганлигини иддао қилиб чиққанди.

Туркиялик журналист Озодлик билан суҳбатда Каримова айтганлари юзасидан эътирозлар уни ўзига билдириши кераклигини таъкидлади.

- Гулнора номидан айтилган гаплар учун уни ўзи жавобгар. Биз бу ерда “иддао қиляпти“ калимасини ҳам ишлатганмиз. Агар Гулнорага қарши тарафни ҳам иддаолари бўлса уларни ҳам фикрларини босишимиз мумкин, - деди Асли Бориш.

“Ҳуррият” мухбири Асли Бориш Гулнора Каримова билан илгари шахсан учрашмагани, лекин у билан суҳбатлашиш учун кўпдан бери имкон ахтариб келганини айтади.

Каримованинг у билан 8 декабр куни суҳбатлашишга рози бўлгани ўзи учун кутилмаган ҳол бўлганини айтади Бориш.

- Каримованинг Твиттердаги чиқишлари ортидан унга қизиқиш катта эканини билар эдим. Мен тарафсиз журналистика принципларига амал қилган холда суҳбатни ўтказишга ҳаракат қилдим. Ҳозир бу суҳбат юзасидан келаётган шарҳлардан Каримованинг мухолифлари қаторида унинг тарафдорлари ҳам кўп эканига амин бўлдим. Яна бир бор айтаман, Каримованинг айтганлари кимгадир тегиб кетган бўлса, биз улар учун ҳам очиқмиз, - деди турк журналисти.

Асли Боришнинг айтишича, суҳбат газетада эълон қилинганидан сўнг ҳам у Каримова билан электрон мулоқот қилган.

- Суҳбат босилганидан сўнг у бундан мамнун бўлганини айтди, миннатдорчилик билдирди - дейди Асли Бориш.

Айни пайтда Ҳуррият газетасида босилган суҳбат юзасидан судлашишга шайланаётган фақат ҳуқуқ ҳимоячилари эмас.

Гулнора Каримованинг синглиси Лола Каримова ҳам ўтган ҳафта опаси устидан маҳкамага арз қилиши ҳақда таҳдидли баёнот эълон қилди.

“Ҳуррият” газетасига берган интервьюсида Гулнора Каримова Лоланинг турмуш ўртоғи Тимур Тиллаевни ҳам нишонга олган. Ўша суҳбатда Гулнора синглисининг эри Тиллаев Тошкентдаги энг йирик “Абу-Саҳий” бозорини назорат қилиши ва у ердан ноқонуний тарзда ойига 20 миллион АҚШ доллари миқдорида фойда топишини иддао қилган эди.
XS
SM
MD
LG