Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:40

"Эримни тергов давомида қийноққа солишди"


Нигора Толипованинг иддао қилишича, турмуш ўртоғи тергов жараёнида қаттиқ қийноққа солинган.
Нигора Толипованинг иддао қилишича, турмуш ўртоғи тергов жараёнида қаттиқ қийноққа солинган.

Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича суди сешанба куни фуқаро Исроилжон Толиповни одам савдосида айбдор, деб топиб 5 йилга озодликдан маҳрум қилди. 42 яшар маҳкумнинг яқинларига кўра, унинг айбларини бўйнига олдириш учун тергов давомида унга нисбатан қаттиқ қийноқлар қўлланилган. Ўзбекистонда қийноқлар ҳали ҳам систематик тус олгани яқинда БМТ қийноқларга қарши қўмитаси эълон қилган ҳисоботда ҳам қайд этилган.



БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги идораси қошидаги Қийноқларга қарши қўмита 10 декабр куни эълон қилган ҳисоботда Ўзбекистонда озодликдан маҳрум қилинган одамлар айбларини бўйниларига олишга мажбурлаш мақсадида қийноққа солинаётани ҳақидаги хабарлардан чуқур ташвиш билдирилган.

“Қийноқ остида олинган иқрорномалар кейинчалик Ўзбекистон судлари томонидан далил сифатида қабул қилиниши” ҳамда “қийноққа оид иддаолар тегишли тарзда ўрганилмаётгани” ҳам хавотирларга сабаб бўлмоқда, дейилади яна ҳисоботда.

Сешанба куни Тошкент вилоят суди томонидан чиқарилган ҳукм ҳам, маҳкумнинг яқинлари иддаоларига кўра, қийноқлар остида олинган кўрсатмаларга асосланган.

42 ёшли Тошкент вилоятилик Исроилжон Толипов 17 декабрь кунги суд қарорига кўра, одам савдосида айбдор, деб топилиб 5 йилга қамоққа ҳукм қилинди.

Маҳкумнинг рафиқаси Нигора Толипованинг Озодликка айтишича, турмуш ўртоғи тергов жараёнида қаттиқ қийноққа солинган.

- Урган бўлса керакда. Билмайман, энди “Менга шунақа азоб беришди” деди. Хўжайиним “Ҳозир ҳамма ëқларим оғрияпти. Почкаларим оғрияпти. Азоб беришди. Азоб едим” деди. Қучоқлашиб, бундай кўришганимизда “Секин қучоқланглар. Менинг ҳамма ëғим оғрияпти. Ичларим, ҳамма ëғим оғрияпти” деди,- дейди Нигора Толипова.

Унинг айтишича, эрининг одам савдосида айбланганига ўтган йили ўз маҳалласидаги йигитлар илтимосига кўра, уларнинг Россияга ишлашга кетишида ёрдам бергани сабаб бўлган. Бу йигитлар Россияда ишлари ўнгидан келмасдан, қайтиб келгач Толипов устидан ҳуқуқ-тартибот идораларига арз қилди, дея иддао қилади Нигора Толипова.

- У болалар келгандан кейин “500 доллар беринглар, биз ëзмаймиз” деди. Менинг хўжайиним “Менинг участкамда қилмаган бўлсанг, қўлингдан ҳеч қанақа иш келмаган бўлса, қанақа қилиб, ўзинг зўрға келиб олган бўлсанг. Қўлингда ҳунаринг йўқ экан” девди, энди кўрасан деб ëзиб мана менинг хўжайинимнинг устидан “1800 доллардан ҳақимиз бор, ундириб беринглар” деб ëзган.

Нигора Толипованинг яна айтишича, маҳкама жараёнида эрининг айби исботланмагани, аризачилар аввалги кўрсатмаларидан қайтгани суд томонидан иноабтга олинмаган.

- Мана бугун судда шунақа нима беришдики, “Биз ҳеч қанақа қийналмаганмиз. Паспортимизни икки кунда прописка қилиб қўлимизга берган. Уч маҳал овқат”. Барибир мана хўжайинимни жиноят нимаси деб туриб 5 йил озодликдан маҳрум қилиб юборди,- дея иддао қилади Нигора Толипова.

Озодлик бу иддаолар хусусида даъвогар томон ёки терговчилардан изоҳ олиш имконини топмади.

БМТ Қийноқларга қарши қўмитаси ўтган ҳафта эълон қилган ҳисоботи октябрь ойи охирида Ўзбекистон расмийлари иштирокидаги муҳокамаларга асосланган.

29 октябрь кунги муҳокамалар пайтида Ўзбекистонда қийноқларга оид вазият хусусида билдирилган танқидларга жавобан Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори Акмал Саидов ҳукумат сиёсатини бақир-чақир билан стол муштлаб ҳимоя қилишга уринган эди.

Маркази Парижда жойлашган Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси президенти Карим Лаҳижий БМТ ҳисоботига муносабат билдирар экан, “Ўзбекистон расмийларининг мамлакатда қийноқлар қўлланишини сурбетларча инкор қилиб келиши куракда турмаслиги”ни таъкидлаб, расмий Тошкентни ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни бажаришга чақирди.
XS
SM
MD
LG